Ўзбекистон мева экспортидан 2 миллиард доллар даромад олди

Бу маълумотлар Самарқанд ветеринария медицинаси институтида Агросаноат  мажмуи  ва  озиқ-овқат таъминоти  соҳасидаги  лойиҳаларни  амалга  ошириш  агентлиги томонидан Осиё тараққиёт банки иштирокида «Мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, сақлаш ва қайта ишлаш, логистика ва экспортни ташкил қилиш» мавзусидаги семинарда айтилди.

Вилоятимиздаги деҳқон ва фермер хўжаликлари, Марказий банк вилоят бош бошқармаси  ва тижорат банклари вакиллари, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги корхона-ташкилот ходимлари, боғбонлар, олим ва мутахассислар иштирок этган тадбирда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда илғор тажриба ва инновацияларни, замонавий агротехник тадбирларни қўллаш, мева-сабзавот маҳсулотларини етиштириш, сақлаш, қайта ишлаш ва экспорт қилиш масалалари муҳокама этилди.

- Ҳозиргача мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга қаратилган 21 та қонун ва меъёрий ҳужжатлар қабул қилинди, - дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ислом Зокиров. – Ушбу ҳужжатлар билан ишлаб чиқарувчиларга кўплаб имтиёзлар берилмоқда. Мисол учун, 1990 йилда маҳсулотларимиз фақат 5 давлатга экспорт қилинган бўлса, бугунги кунда 80  давлатга 180 турдаги маҳсулот сотилмоқда. Охирги 10 йилда мева шарбатлари экспорти 2 мартага, бошқа озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти эса ўртача 1,5 баробарга, нархлари 6 мартага ортди. Натижада, бу йил Ўзбекистоннинг мева-сабзавот экспорти 10 фоизни ташкил этди ва хорижга 1,5-2 миллиард долларлик маҳсулот сотилди. Бу мамлакатимизнинг асосий экспорт маҳсулоти бўлган табиий газ сотувидан кейинги иккинчи энг яхши натижа бўлди. Аммо, бизда ҳар йили хорижга 15-20 миллиард долларлик қишлоқ хўжалик маҳсулотлари экспорт қилиш имконияти бор. Бироқ турли расмийлаштиршлар, қоғозбозлик, ҳужжатлар тўлдириш, навбатлар каби экспортёрга тўсиқлар  юзага келаётганди. Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 17 октябрдаги «Мева-сабзавот маҳсулотларини ташқи бозорларга чиқариш самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори бу каби тўсиқларни бартараф этишдаги муҳим ҳужжат бўлди. Мазкур қарор билан тадбиркорлар божхона, банк соҳасидаги қоғозбозликлардан холи бўлди, улгуржи савдо қилиш лицензиясига эга бўлмасдан маҳсулотини экспортга чиқариш ва бошқа  имкониятлар тақдим этилди. 

Семинарда мураккаб мелиоратив ҳолат бўлган ҳудудларда янги боғларни барпо қилиш, мева-сабзавот маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш технология ва усуллари, маҳсулотлар экспортининг асосий ва лаёқатли бозорлари, маҳсулотнинг сифати ва қадоқлаш талаблари, мақбул логистикани ташкил қилиш жараёнлари бўйича тушунча берилди.

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ.