Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг фаолияти самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига ШАРҲ
Мамлакатимизда давлат ҳокимиятини халққа янада яқинлаштириш, халқ ҳокимиятчилиги асосларини кучайтириш мақсадида янги таҳрирдаги Конституцияга мувофиқ ҳокимлар ва маҳаллий Кенгашларнинг ваколатлари бир-биридан ажратилди.
Аҳолининг жойлардаги долзарб муаммоларини ҳал этиш учун чинакам “халқ овози” бўлмиш маҳаллий Кенгашларга кенг ваколатлар берилди, маҳаллий Кенгашларга ҳоким эмас, балки депутатлар орасидан сайланадиган раис бошчилик қилиши белгилаб қўйилди.
Куни кеча қабул қилинган Фармон – маҳаллий даражада давлат ҳокимиятини трансформация қилишга, том маънода халқчил тизимни жорий этишга қаратилган муҳим сиёсий ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди.
Фармон билан Ўзбекистон маҳаллий бошқаруви тарихида биринчи маротаба маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини янги модель – “Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким” тамойили асосида ислоҳ қилишга қаратилган қатор қоидалар белгилаб берилди.
Биринчидан, жамият ва давлат ҳаётининг муҳим масалаларини ҳал этишда ушбу ҳудудда истиқомат қилаётган аҳолининг фикрини инобатга олиш, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг ролини ошириш мақсадида таълим, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, шаҳарсозлик, транспорт ва ҳудуднинг инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган 33 та ваколат Кенгашлар ихтиёрига ўтказилмоқда. Жумладан:
1) Таълим соҳасида:
тегишли ҳудудда давлат боғча ва мактабларини ташкил этиш бўйича қарор айнан маҳаллий Кенгашлар томонидан қабул қилинади.
Эндиликда, ҳудуддаги эҳтиёжни ҳар томонлама ўрганган ҳолда, қайси ҳудудда, маҳаллада янги мактаб ёки боғча ташкил этиш керак, қайси бирини кенгайтириш, қайсисини тугатиш кераклигини аҳоли иродасининг кўзгуси бўлмиш халқ вакиллари ҳал этади.
2) Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида:
атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи ёки унга бевосита таъсир кўрсатувчи корхона ва иншоотлар қуриладиган жойлар, чиқиндилар кўмиб ташланадиган жойлар халқ вакиллари розилиги билан белгиланади.
Маҳаллий аҳамиятга молик бўлган курорт табиий ҳудудлар, рекреация зоналари, ботаника ва дендрология боғлари, табиат боғлари ҳам фақатгина Кенгашлар розилиги билан ташкил этилади ёки тугатилади.
Яъни, бу борадаги қарорлар тегишли ҳудуд аҳолиси томонидан сайланган депутатлар фикрини инобатга олган ҳолда, коллегиал тартибда қабул қилинади.
Мазкур ислоҳот, шубҳасиз, умуммиллий бойлигимиз бўлмиш табиий ресурсларни асрашга хизмат қилади.
3) Шаҳарсозлик ва транспорт соҳасида:
шаҳар йўловчилар транспортида йўловчи ва багаж ташиш тарифлари маҳаллий Кенгашлар томонидан белгиланади. Фуқароларнинг алоҳида тоифалари учун имтиёзли тарифлар Кенгаш қарори билан жорий этилади.
Шунингдек, шаҳар йўловчи транспортида йўналишларни ташкил этиш, янги йўналишлар очиш, бекатлар, тўхтаб туриш ва диспетчерлик манзилларини жойлаштириш ерлари маҳаллий Кенгаш билан келишилиши лозимлиги белгиланмоқда.
Транспорт ва муҳандислик-техника инфратузилмаси объектларига, табиий объектларга ном бериш ҳамда уларнинг номларини ўзгартириш бўйича таклифлар бевосита маҳаллий Кенгашлар томонидан киритилади.
Бундан ташқари, айрим тоифадаги шаҳарсозлик фаолияти объектларини маҳаллий аҳамиятга молик объектлар сирасига киритиш ҳам маҳаллий Кенгашлар қарори билан амалга оширилади.
4) Ҳудуд инфратузилмасини ривожлантириш соҳасида:
аҳоли пунктларининг ҳудудий зоналари тоифаларига маҳаллий шароитлардан келиб чиқиб ўзгартириш киритиш, ичимлик сув таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш бўйича хизматлар учун тарифларни тасдиқлаш кабилар ҳам Кенгашлар томонидан амалга оширилиши узил-кесил ҳал этилмоқда.
Таъкидлаш жоиз, бу каби ваколатларнинг эгаси этиб маҳаллий Кенгашларнинг белгиланиши жамият ҳаёти учун муҳим бўлган масалаларни аҳоли фикрини инобатга олган ҳолда халқ вакиллари томонидан ҳал қилиш имконини беради.
Иккинчидан, йиллар давомида маҳаллий Кенгашлар зиммасига юкланиб келинган қатор ваколат ва функциялар тизимлаштирилмоқда.
Хусусан, маҳаллий Кенгашларга маҳаллий ҳокимликлар, ҳудуддаги давлат органлари ва ташкилотлари ҳисоботларини эшитишда мазмунан яқин соҳаларда ўзаро такрорланувчи вазифалар юкланганлиги сабабли уларни қайта кўриб чиқиш, мақбуллаштириш ҳамда тизимлаштириш зарурати мавжуд эди.
Кенгашларнинг қонунчиликдаги ваколатлари тизимлаштирилмагани натижасида, маҳаллий Кенгашлар ҳокимликлар ва қатор давлат идораларининг у ёки бу соҳага оид ҳисобот ва ахборотларини йилига қарийб юздан ортиқ маротаба эшитиши лозим эди. Бу эса, маҳаллий Кенгашларнинг иш юкламасини сунъий равишда ошириб, муҳим ваколатларини эса номигагина амалга оширишига сабаб бўлаётган эди.
Шу билан бирга ички ишлар органларининг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари, уларнинг тармоқ бўйича ўринбосарлари, шунингдек, маҳаллалардаги профилактика инспекторлари ҳам маҳаллий Кенгашларга алоҳида-алоҳида ҳисобот берар эди.
Шу сабабли, Фармон билан Кенгашларнинг ҳисобот ва ахборот эшитишга оид айрим ваколатлари қайта кўриб чиқилиб, улар соҳалар бўйича тизимлаштирилди.
Фармон билан Кенгашлар олдида тегишли ҳудудда фақатгина ҳоким, шунингдек, ҳудудий давлат органларининг биринчи раҳбарлари ҳисобдорлиги белгиланиши келгусида ушбу раҳбарларнинг Кенгаш олдида ҳам сиёсий, ҳам профессионал масъулиятини янада оширишга хизмат қилади.
Учинчидан, “Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким” тамойили асосида қонунчилик ҳужжатларидаги 100 дан ортиқ ваколатларни маҳаллий Кенгаш ва ижроия ҳокимияти ўртасида аниқ тақсимлаш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилади.
Конституциявий ислоҳотлар натижасида 2024 йилги сайлов якунлари бўйича, дастлаб вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларида, сўнгра 2026 йилдан эътиборан туман (шаҳар) Кенгашларида Кенгаш раислари ва ҳокимлар алоҳида-алоҳида фаолият юритиши белгиланди.
Шу сабабли, амалдаги қонунчилик билан бугунга қадар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари зиммасига юклатилган умумий вазифа ва функцияларнинг маҳаллий вакиллик органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасида аниқ тақсимланиши белгиланмоқда.
Шунга кўра, Фармон билан “йўл харитаси” тасдиқланди ва манфаатдор вазирлик ва идораларга Адлия вазирлиги билан биргаликда тегишли қонунчиликдаги ваколатларни такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш топширилди.
Таклифларни ишлаб чиқишда – жамият манфаатларига бевосита дахл қилувчи масалаларни ҳал этишга халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг масъул эканлиги билан бирга, ҳокимликларнинг ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришдаги ташаббускорлигини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Тўртинчидан, Кенгашларнинг ўз фаолиятини давлат ҳокимияти органларидан мустақил равишда амалга ошириши кафолатланмоқда.
Хусусан, эндиликда:
маҳаллий Кенгашлар зиммасига вазифа ва функциялар фақатгина қонун ҳужжатлари билан юкланиши;
давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан маҳаллий Кенгашлар фаолиятига аралашишга йўл қўйилмаслиги;
келгусида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда тегишли вазифаларни маҳаллий вакиллик органлари ва ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасида аниқ белгилаб бориш;
амалдаги қонунчиликдаги маҳаллий давлат ҳокимияти органларига юклатилган ва Кенгашлар фаолиятига хос бўлмаган вазифалар ижроси бўйича маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари масъул эканлиги белгиланмоқда.
Ушбу янгиликлар, шубҳасиз, маҳаллий Кенгашларнинг фаолиятини фақатгина ўз сайловчилари ва тегишли ҳудуд манфаатини кўзлаган ҳолда амалга оширишига асос бўлиб хизмат қилади.
Бешинчидан, Кенгашлар самарали фаолият юритиши учун зарур шарт-шароитлар ва моддий-техника билан таъминланади.
Хусусан, Фармонга мувофиқ халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар ва туман (шаҳар) Кенгашларини алоҳида-алоҳида бино билан таъминлаш бўйича зарур чоралар кўрилади. Бунда:
биринчи босқичда (2024 йилнинг 1 октябрига қадар) – вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларини, иккинчи босқичда (2025 йил 1 декабрга қадар) – туман ва шаҳар Кенгашларини бино ва иншоотлар билан таъминлаш бўйича чоралар кўрилади.
Бунинг учун, Кенгашлар жойлашган бино-иншоотлар тўлиқ хатловдан ўтказилади, хорижий амалиётни инобатга олган ҳолда, маҳаллий Кенгашлар биноларига ва уларни жиҳозлашга доир минимал талаблар ишлаб чиқилади.
Фармонда белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши Кенгашларни жойлардаги аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳал этилиши лозим бўлган масалаларга имкон қадар тезроқ ечим топиш, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимининг маҳаллий Кенгашлар олдидаги ҳисобдорлиги, масъулияти ва жавобгарлигини оширишга, маҳаллий давлат ҳокимияти даражасида бир-бирини тийиб турувчи механизмлар самарали ишлашига хизмат қилади.