ОАВ: Исроил Эроннинг жавоб чораларига тайёрланмоқда

Эроннинг Исфаҳон шаҳридаги объектларга қилинган ҳужум нишонга етган, деб ҳисоблайди Исроил. Бу ҳақида операцияга яқин манбаларга таяниб Wall Street Journal ёзмоқда.

Аввалроқ WSJ америкалик расмийларга таяниб, Эроннинг Исфаҳон шаҳридаги Мудофаа вазирлиги заводига дронлар ҳужуми ортида Тель-Авив тургани ҳақида хабар берган эди.

Нашр манбаларининг таъкидлашича, Эрон Мудофаа вазирлиги объектига ҳужум "Моссад" разведкаси томонидан амалга оширилган. Зарбалар эса объект биноларининг тўрт жойига берилган. Манбалар батафсил маълумот бермай, Исроил операциясини муваффақиятли деб атаган.

Эрон объектларига уюштирилган ҳужумлардан сўнг Исроил эҳтимолий ўч олинишига тайёргарлик кўрмоқда ва бу қачон, қандай содир бўлиши мумкинлигини ҳақида бош қотирмоқда, деб ёзади Times of Israel.

Қайд этилишича, Исроил хавфсизлик органлари Эроннинг бошқа давлатлар ҳудудига зарба бериш эҳтимолини муҳокама қилиш учун йиғилмоқда. КАН телерадиокомпаниясига кўра, Тель-Авив исроиллик сайёҳлар, расмийлар ва элчихоналар Теҳрон нишонига айланиши мумкинлигидан хавотирда.

Якшанбага ўтар кечаси Эрон марказидаги Исфахон шаҳрида кучли портлашлар содир бўлди. Кейинроқ мамлакат Мудофаа вазирлиги портловчи моддалар билан квадрокоптер (учув аппарат)лардан фойдаланган ҳолда ҳарбий объектлардан бирига қуролли ҳужум уюштиришга муваффақиятсиз уриниш ҳақида маълум қилган. Дронлардан бири уриб туширилган, қолган иккитаси мудофаа тузоқларига тушиб, портлаган. Ўша кечаси мамлакат шимоли-ғарбида портлаш содир бўлган ва мотор мойи заводида ёнғин бошланган.