“Обод қишлоқ” дастури асосидаги ишлар тизимли олиб борилмоқда
#zarnewsuz_га_жавоб_берадилар
17 май куни “Zarnews.uz” телеграм канали орқали “Обод маҳалла” давлат дастуридаги ишлар ҳамон бажарилмаяпти” сарлавҳаси остида Оқдарё тумани Янгиравот-2 маҳалласи Уклан қишлоғидан йўлланган мурожаат эълон қилинди.
Ҳолат юзасидан шуни маълум қиламизки, Янгиравот-2 маҳалласи Уклан қишлоғида “Обод қишлоқ” дастури асосида бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари тизимли равишда босқичма-босқич амалга ошириб келинмоқда.
Хусусан, ободонлаштириш ишлари доирасида қишлоқ ҳудудидаги 36-умумий ўрта таълим мактаби атрофига темир панжаралар ўрнатилди, аҳоли хонадонлари ва томорқалари ободонлаштирилди, асосий кўча четида 1,5 километр узунликда пиёдалар йўлакчаси бунёд этилмоқда.
Шунингдек, қишлоқда 7,8 километр узунликда 16 та ички йўл мавжуд бўлиб, шундан 7,8 километр узунликдаги тупроқ йўлларига шағал тош ётқизиш ишлари амалга оширилди. Ҳозирда олиб борилаётган аҳоли хонадонларига сув тармоғи тортиш ишлари якунлангач, қишлоқ йўлининг 3 километр масофадаги қисмида асфальт ётқизилади.
Мурожаатда эътироз билдирилган ҳолатлар мавжуд. Дастурга кўра, бу ишлар ҳам босқичма-босқич бажарилади. Жумладан, қишлоқдаги эски симёғочлар ўрнига 72 та бетон симёғоч ўрнатилиши режалаштирилган бўлиб, бугунги кунга қадар 35 та янги бетон симёғоч ўрнатилди. Қишлоқ ҳудудида мактабгача таълим ташкилоти қурилиши бўйича эса лойиҳа тайёрланган, ҳозирги вақтда қурилиш бўйича тендерга эълон берилган.
Оқдарё тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.