“Очиқ мулоқот”дан сўнг муаммолар ҳал этилаяптими?
Жорий йилнинг 16 июнь куни вилоят телерадиокомпанияси орқали Тойлоқ тумани ҳокими ва сектор раҳбарлари иштирокида ўтказилган “Очиқ мулоқот” кўрсатувида 27 нафар фуқародан 36 та мурожаат келиб тушган. Бугун ушбу мурожаатлар ўз ечимини топдими? Аҳолининг муаммоларини бартараф этиш учун мутасаддилар томонидан қандай ишлар олиб борилди?
Аммо айрим фуқаролар мурожаатлар ечимини топмаётганини айтди. Туман ҳокимлиги томонидан тақдим қилинган маълумотларга кўра, келиб тушган мурожаатларнинг ижро муддати 1 июль қилиб белгиланган ва барча мурожаатлар ҳал этилган.
– Ёлғиз онаман, саккиз ёшли қизим бор, – дейди тумандаги Амир Темур маҳалласида яшовчи Зулайҳо Ҳамидова. – Қизимда туғма юрак етишмовчилиги (порок) бўлганлиги боис ордер олиб даволатиш учун туман тиббиёт бирлашмасига 3 йил олдин ариза билан мурожаат қилгандим, аммо натижа бўлмади. “Очиқ мулоқот” кўрсатуви орқали туман ҳокимидан шу масалада ёрдам беришини илтимос қилдим. Яқинда туман тиббиёт бирлашмаси шифокорлари фарзандимда кардио хирургия операциясини ўтказишди. Айни пайтда қизимнинг саломатлиги яхши.
– Бундан уч йил олдин маҳалламизда мини-стадион қуриш учун туман ҳокимлигига мурожаат қилгандим, – дейди Равот маҳалласида яшовчи Дилмурод Очилов. – Туман ҳокимлиги ходимлари стадион жойини кўриб, қурилишни бошланг, дейишди. Шундан сўнг 160 миллион сўмга яқин маблағ эвазига қурилиш-монтаж ишларини бошладим. Фақатгина стадионнинг сунъий майса қопламасини олиш учун маблағ етмай қолди. Шу боис, жорий йилнинг 27 март куни 80 миллион сўм кредит сўраб «Трансбанк»га мурожаат қилдим. Аммо натижа бўлмади.
«Очиқ мулоқот»да шу масала бўйича туман мутасаддиларига мурожаат қилгандим. Муаммо ўз ечимини топишини айтишганди.
Бироқ мурожаатчи бугунгача туман ҳокимлиги масъулларидан “Биз мурожаатингиз устида ишлаяпмиз”, қабилидаги жавобни эшитиб қайтяпти, холос.
Хўжақишлоқ қишлоғида яшовчи яна бир фуқаронинг айтишича, маҳалла ҳудудидан Дарғом канали оқиб ўтган. Чиқиндиларнинг ўз вақтида олиб кетилмаслиги оқибатида одамлар чиқиндини ушбу каналга ташламоқда. “Очиқ мулоқот” кўрсатувида аҳоли билан шартнома қилиб, чиқиндиларнинг олиб кетилишини йўлга қўйишда ёрдам сўраб мурожаат қилган. Мурожаатдан сўнг туман “Тоза ҳудуд” ДУК томонидан чиқиндилар бир неча марта олиб кетилган, аммо яна эски ҳолат.
– Ўзим биринчи гуруҳ ногирониман, – дейди Ворсин маҳалласи фуқароси Ёрмамат Содиқов. – 2016 йилда намунали уйга кўчиб ўтдик. Бизга табиий газ фақат қиш мавсумида бериларди. 2017 йилда туман газ таъминоти корхонасига шу масала юзасидан мурожаат қилдим. Мутасаддилар келиб, 2018 йилги давлат дастурига киритилди, дея ваъда беришди. Афсуски, жорий йилда бу ваъда ваъдалигича қолиб кетяпти.
Мазкур маҳаллада яшовчи Учқун Нарзиқулов ҳам худди шу масалада мурожаат қилган. Унинг айтишича, мурожаатдан сўнг тегишли ташкилот ходимлари бир марта қўнғироқ қилишган. Маҳаллага борадиган газ қувурларида таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани сабабли узилишлар содир бўлаётгани, таъмирлаш ишлари якунлангач, табиий газ билан таъминланиши айтилган.
Мурожаатларда кўтарилган муаммоларни бартараф этиш осон эмас. Аммо уларни хўжакўрсинга ёпиш билан аҳоли муаммосини бартараф этиб бўлмайди-ку.
Баҳриддин ХОНКЕЛДИЕВ.