Одамийлик феномени: Ўзбекистон Қаҳрамони Ҳасан Нормуродов ҳаёт бўлганида бугун 82 ёшга кирарди

Биз одамийлик ҳақида кўп ва хўб гапларни эшитганмиз, уни инсон комиллигининг асосий аломатларидан, деб билганмиз. Аммо ниҳоятда юксакда бўлган бу номга кимлар лойиқ кўрилишига келганда номзодларимиз саноқли бўлган. Аллоҳга беадад шукрлар бўлсинки, орамизда бундай одамлар бор ва бундан кейин ҳам бўлишидан умидвормиз.
Одамийликни ўзига фан қилган инсонлардан бири Ҳасан Нормуродов бўлганлигига юртимизда ҳеч ким шубҳа қилмайди. Чунки бу беназир инсонни мамлакат миқёсида, айниқса, Самарқандда танимаган кишининг ўзи йўқ.
Таниқли давлат ва жамоат арбоби, Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон Қаҳрамони Ҳасан Нормуродов 1939 йил 16 ноябрда Каттақўрғон шаҳрида таваллуд топган. Каттақўрғон педагогика билим юрти ва Самарқанд давлат университетининг ўзбек ва тожик филологияси факультетини тугатган. Меҳнат фаолиятини мактабда ўқитувчиликдан бошлаган. Каттақўрғон шаҳри, Жомбой, Нарпай туманлари ва Самарқанд вилоят бошқарув идораларида, 15 йил давомида эса вилоят халқ таълими бошқармасида раҳбарлик лавозимларида ишлаган. Ҳаётининг кейинги 18 йилида «Нуроний» жамоат фондининг Самарқанд вилоят бўлими раиси эди.
Ватани ва халқига 60 йил давомида беминнат хизмат қилган бу олижаноб инсон раҳбарлик салоҳияти, билим ва тажрибаси, бой маънавий олами, эл-юртга бўлган чексиз муҳаббати туфайли қалбимиздан жой олди. «Меҳнат шуҳрати», «Эл-юрт ҳурмати» орденлари билан мукофотланди, 2019 йил Ўзбекистон Қаҳрамони унвонига сазовор бўлди. Зеро,
Нафъинг агар халққа бешак дурур,
Билки бу нафъ ўзунгга кўпрак дурур,
дейди ҳазрат Навоий.
Устоз ёзиб қолдирган хотираларида мана бу гапларга кўзимиз тушди: «Ўтган йиллар давомида ҳаётнинг кўп синовларини бошдан кечирдим. Уруш ва ундан кейинги оғир йиллар ҳали бола қалбимда тинчлик энг олий неъмат эканини англашга ўргатди. Мустабид тузум давридаги зулм ва зўравонликлар эрк ва озодликнинг қадрини билдирди. Замини олтинга тенг юртда яшасанг-да, нонга зор бўлсанг, ўзинг пахта етиштирсангу устинг юпун бўлса – додингни кимга айтасану ким эшитади. Шунда озодлик, мустақиллик деган муқаддас тушунчаларнинг аҳамиятини янада теран англайсан экан.
Ёшлик йилларим, айни куч-қувватга тўлган пайтимда давлат идораларида, жамоат ташкилотларида меҳнат қилдим. Бор билим ва маҳоратимни ишга солиб, зиммамга юклатилган вазифаларни бекаму кўст бажаришга интилдим. Аммо фақат юртимиз мустақилликка эришиб, инсон манфаати биринчи ўринга қўйилгач, қадр-қиммат нималигини билдим».
Эсимизни танигандан буён бу тиниб-тинчимас ва заҳматкаш инсонни турли раҳбарлик лавозимларида кўрганмиз.
Ҳасан Норбекович қаерда ва қайси вазифада ишламасин, кўпчиликнинг манфаатини ўз манфаатидан устун қўйган. Нафсига ҳеч қачон эрк бермаган. Шунинг учун ҳам оилавий турмуш тарзи оддий бўлган, фарзандлари ота-онасига, жамиятга муносиб инсонлар бўлиб вояга етишган.
Устознинг таваллуд топган кунида биз у кишини табриклаш учун ишхонасида тўпланардик, кўнглимиздаги тилакларимизни айтардик. Муҳими, устознинг меҳридан озиқланардик. Энди устоз орамизда йўқ. Улкан бир маънавий-маърифий оламни бизга мерос қолдириб кетган улуғ мураббийни соғинамиз.
Ҳ.Нормуродов қувваи ҳофизаси ниҳоятда кучли инсон эди. Суҳбатларимиз асосан устознинг талабалик йиллари ҳақида бўларди. Ўша йиллар ҳақида гапиришни жуда ёқтирарди. Армиядан келгани, университетга ҳарбий гимнастёркада қатнагани, аъло баҳоларга ўқигани, назаримда, устознинг ўзи ёқтирган энг яхши ҳикоялари эди. Айниқса, устозлари ҳақида мароқ билан гапирарди. Академик Воҳид Абдуллаев, Ботирхон Валихўжаев, профессор Улуғ Турсунов, Худойберди Дониёров, Нуриддин Шукуров, Жўра Ҳожиматов, Ваҳоб Эгамов, Раҳмутулла Қўнғуров, айниқса устози Раҳмонқул Орзибековни алоҳида ҳурмат ва эҳтиром билан тилга оларди. У кишининг катта-ю кичикка сизлаб гапириши, «Ҳасан ака», деб мурожаат қилишларини алоҳида мамнуният билан эсларди. Самарқанд давлат университети ва бу масканда таълим берган устозлари мисолида катта ҳаёт мактабини ўтаганлигини бот-бот тилга оларди.
Биз Ҳасан Норбековичда фақат комил инсонларгагина ато этиладиган одамийлик хислатларини кўрганмиз. Бирон бир кишидан бу ҳазрати инсон ҳақида нохуш гап эшитмаганмиз. Биз билган инсонларнинг барчаси ҳамиша фақат яхши гапларни айтишган. Камтарлик, хоксорлик, ўзини ҳамма билан тенг кўриш, бошқаларнинг ҳурматини жойига қўйиш, эл-юртнинг ташвиши билан яшаш, эътиборлилик, самимият, қўл остидагиларга меҳрибонлик кўрсатиш, ҳамиша одоб билан сўзлаш, ҳар битта одамнинг қалбига йўл топа билиш бу бағрикенг инсон ҳаётининг мазмуни бўлган.
Устознинг бу каби барча одамийлик сифатларини санаб ўтишга ожизмиз, албатта. Аммо бир нарсага ишончимиз комил. У киши Самарқанд давлат университети ўзбек ва тожик филологияси факультетининг ўз давридаги илғор талабаларидан бўлган. Билимга ва ўқиб-ўрганишга иштиёқи баланд, интилувчан бўлган. Бўлғуси филолог учун ўша пайтлардаёқ сўзнинг қадри баланд бўлганлиги ҳам аниқ.
Баъзан инсонлар ўртасида зиддиятлар, ноҳақликлар ўша пайтлар ҳам бўлганлигини яширмасди. Нафақат аълочи талаба, балки фаол жамоат-ташкилотчи сифатида «Ленин стипендияси»га тавсия этилганда «Бу талаба юқори курсда ўқир экан, тезда битириб кетиб қолади, биз стипендиатдан маҳрум бўлиб қоламиз. Шунинг учун бу стипендияни паст курсда ўқийдиганларга бериш керак», деган гап билан бошқа кишига – факультет деканининг укасига беришганини ҳам айтган. Лекин гувоҳи бўлдикки, Яратган бу зотни кам қилмади. Умрининг кейинги пайтларида обдон сийлади, элнинг табаррук оқсоқолига айланди.
Ҳасан Норбекович китобсевар инсон эдилар. Китоб ўқишни жуда хуш кўрардилар. Кабинетига кирган одамлар столининг усти, ўнг томонидаги столи ҳамиша китобларга тўла эканлигини кўрарди. Олдига кирган одамга ўқиган китобидан албатта бирон бир ибратли воқеани ҳикоя қилиб берарди. Бирон бир асарни ўқиб чиққач, унинг муаллифига қўнғироқ қилиб, миннатдорлик билдирарди, китобда кўтарилган масалаларга ўз муносабатини айтарди ёки газетада кимнингдир яхши мақоласини ўқиса, дарҳол муаллиф билан боғланарди.
Каттами-кичикми, амали борми-йўқми, бундан қатъи назар, айтилган тўй, маъракадан қолмасди. Агар ўша куни бора олмаса, имконини топиб, узрини айтарди, ёшларга бахт-саодат тиларди. Жанозаларга албатта борарди. Бошига мусибат тушган инсонлар дардига шерик бўларди. Ҳайрон қолардик, шунчалик банд бўлишига қарамасдан, бу инсон ҳаётнинг бу каби ташвишларига қандай қилиб вақт топар экан, деб. Аслида гап бошқа ёқда экан. Аллоҳ бу зотнинг қалбига ҳар бир инсоннинг қадрини баланд тутиш туйғусини солган экан. Бунинг жавобини ҳам кўрдик. Ўзлари оламдан ўтганларида, пандимея шароити бўлса ҳам, кўчаларга одам сиғмай кетди. Бир неча кунлар таъзия билдирганларнинг кети узилмади.
Ҳ.Нормуродов беназир нотиқ ҳам эди. Ҳозиргача кўп йиллар бир неча вилоятларнинг биринчи раҳбари бўлган, таниқли давлат ва жамоат арбоби, марҳум Бектош Раҳимовдан кейин Ҳасан Норбековичдай нотиқ бўлмагани ҳақида давраларда такрор-такрор эшитамиз. Минбарларга чиққанида шошилгани, ҳаяжонланганини сезмасдик. Нутқини бошлашдан аввал бир неча лаҳзалик сукут билан аудиторияни ўзига жалб қиларди. Аудиториянинг ёши, фаолият доираси, касби, машғулотини ҳисобга олиб гапирарди. Энг мураккаб, қалтис вазиятларда ҳам барчанинг кўнглига мос келадиган гапларни топарди. Анжуманда ўтирганларнинг ҳаётидан мисоллар келтириб гапирарди, уларнинг ҳаёти ва фаолиятини намуна қилиб кўрсатарди. Биз қатнашган бирон бир тадбирда у киши гапираётганларида шовқин бўлганлигини эслай олмаймиз. Ҳаммани ўзига жалб қила оларди. Одамларнинг кайфиятига қараб гапирарди.
Ҳасан Норбековичнинг баъзи одамлардан ҳафа бўлган ҳолатларини ҳам кузатганмиз. Аммо бу кайфиятини уларга ҳеч қачон сездирмаган. Ёмон муомала қилмаган. Аслида ҳеч кимга ёмон гапирмаган, кўнглини қолдирмаган. Ҳеч қачон вульгар сўзларни ишлатмаган.
Бу каби олижаноб фазилатларнинг сабабини, юксак маданият соҳиби бўлишнинг илдизлари қаерда эканлиги у кишининг ўз устозларига, айниқса, энг катта устози бўлган китобга меҳр-муҳаббатининг натижаси деб билдик. Юқорида айтганимиздай, қачон кабинетларига кириб қолсак, албатта ниманидир мутолаа қилиб ўтирганини кўрганмиз.
Ўзбек ижодкорларини, уларнинг асарларини мана мен деган ҳар қандай самарқандлик адабиётшунос ёки тилшунос олимдан кам билмасди. Лекин уни писанда ҳам қилмасди.
Бир чақирганларида борганимизда, ҳазрат Навоийнинг «Ҳайрат ул-аброр» асарини варақлаб ўтирган экан. Асосий суҳбатни бошлашдан аввал бу буюк асарнинг ижтимоий-фалсафий моҳиятини шундай шарҳлаб бериб, қойил қолмасликнинг иложи йўқ эди. Эътиборимизни сўз васфига қаратдилар.
Ана шундан сўнг Алишер Навоий «Хамса»сидаги ҳар бир достон сўзнинг таърифи билан бошланиши, ҳазрат она тилига бўлган муҳаббати туфайли буюк мартабага эришганлигини таъкидладилар. Устоз бундай пайтларда нафақат моҳир нотиқ, балки мумтоз адабиётимизнинг доно билимдони, унинг ҳақиқий тарғиботчиси, университет аудиториясидаги сийрати юрагимизда ва кўз ўнгимизда қолган Воҳид Абдуллаеви, Ботирхон Валихўжаеви, Раҳмонқул Орзибекови, Нуриддин Шукуровига айланарди.
Ҳасан Норбекович Самарқанд давлат университетини жону дили билан яхши кўрарди. Бу қутлуғ даргоҳда ишлаб ўтган улуғларни номма-ном биларди, ҳозирда ишлаб турган, кўзга кўринган профессор-ўқитувчиларни яқиндан танирди, исми-фамилиясини адашмай айта оларди. Агар уларнинг юбилейлари бўлиб қолса, хабар топса бўлди, албатта, табрикларди. Ширин сўзини айтарди, кичкинагина бўлса ҳам совға-салом улашарди. Юбилейларига бориш имкони бўлмай қолган пайтларда эса уларни кабинетига таклиф қиларди ва нуронийчилар билан биргаликда жуда чиройли қилиб табрик маросимини ташкил қиларди. Бу каби иззат-ҳурматга нафақат университет, балки бошқа олий ёки ўрта махсус таълим, ўрта таълим муассасалари, вилоятдаги ташкилотлар, корхоналарнинг юзлаб ходимлари муяссар бўлишган. Устоз бундай ишларни бажаришдан эринмасдилар, балки ўз вазифаси ва инсоний бурчи деб билардилар.
Устозни «Қаҳрамон» бўлганида университетнинг филология факультетига маҳорат дарси ўтиб беришга таклиф қилдик. Катта зал у кишининг ташрифини эшитган домлалар, талабалар билан тўлди. Устоз Иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврлар, талабалик йилларини, ўтган аср 50-йиллари қийинчиликларини, шунга қарамасдан, ёшларда илм-маърифатга бўлган интилишнинг нақадар кучли эканлигини ҳикоя қилиб берди. Устозларининг ҳар биридаги мураббийлик хислатларини тилга олди. У замонларни бугунги ҳаёт билан қиёслади.
Улуғ шоир Ғафур Ғуломнинг СамДУга бағишланган «Самарқанд учун» шеърини ўқиди:
Ишқу вафоларнинг «Хамса»син ёзган
Жомий, Навоийнинг асрий нидоси,
Ҳали гумбазлардан ғўнғирлаб келур
Олимлар баҳсининг акси, садоси.
Ҳасан Норбековичнинг кейинги пайтлардаги ҳаёти, турмуш тарзи ҳаммамиз учун ибрат намунасига айланган эди. Юриши ҳам, туриши ҳам, кийиниши ҳам, муомаласи ҳам… Каттаю кичик у кишининг ҳурматини жойига қўярди. Раҳбарлар учун маслаҳатгўй, эл учун насиҳатгўй эди. Аммо маслаҳат беришда ҳам, насиҳат қилишда ҳам меъёрини биларди. Фикрини шундай ифодалар эдики, бирон кишининг кўнгли оғримасди.
Яқинда «Кексалар ҳафталиги» доирасида катта тадбирлар уюштирилди, нуронийларга беҳад ғамхўрлик кўрсатилди. Тошкент шаҳрида Республика «Нуроний» фонди ташкилотчилиги ва ҳомийлигида ўтказилган анжуманда бу улуғ инсоннинг беназир фазилатларини эсладик ва Ҳасан Норбекович Самарқанд маънавияти ва маърифатининг виждонига айланганлигини фахр билан тилга олдик.
Бугун ҳаёт бўлганида Ҳасан Нормуродов 82 ёшни қаршилаган бўларди. Руҳлари шод, охиратлари обод бўлсин устознинг! Биз, шогирдлар ва яқиндан билганлар бу олижаноб инсоннинг табаррук хотирасини ҳамиша ёдимизда сақлаймиз.
Суюн Каримов,
меҳнат фахрийси, профессор.