Одил судловни амалга ошириш фаолиятига аралашганлик ҳолати жамоатчиликка хабардор қилинади
Президент Ш.Мирзиёев 16 январь куни “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги, шунингдек, ушбу фармон ижросини самарали таъминлаш мақсадида “Одил судлов фаолиятини самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Ушбу ҳужжатлар билан одил судловга эришиш даражасини янада ошириш мақсадида 2023-2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси ҳамда ушбу стратегияни амалга ошириш бўйича ҳаракатлар дастури тасдиқланди.
Стратегия доирасида одил судловни таъминлашнинг устувор вазифалари этиб “Инсон қадри учун” ғояси асосида чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш, адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали халқнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш қайд этилди.
Фуқаролар ҳамда тадбиркорларга ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судларда ҳимоя қила олиши учун барча имкониятларни яратиш, суд ишларини юритишда тортишув ва тарафларнинг тенглиги тамойилларини тўлақонли рўёбга чиқариш, судлар фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш, суд мажлисларида масофадан туриб иштирок этиш имкониятларини кенгайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Фармонда судьяларнинг мустақиллиги ва дахлсизлиги кафолатларини кучайтириш, судга ҳурматсизлик қилиш ва суд ишига аралашиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича самарали механизмларни ишлаб чиқиш назарда тутилди. Президент Олий Мажлис ва халқимизга Мурожаатномасида давлатимиз раҳбари фуқароларнинг судма-суд сарсон бўлишларига барҳам берилиши, вилоят судларининг одил судловни амалга ошириш борасидаги ваколатлари янада кенгайтирилишини баён қилган эди. Вилоят судлари ваколатлари кенгайтирилишининг ўзи одамларнинг қанчалар оворагарчиликларига барҳам беради. Бу нималарда кўринади?
Суд қарорлари қонуний, асосли ва адолатли қабул қилинганлигини текширишнинг фуқароларга қулай ва соддалаштирилган тартибини яратиш мақсадида мазкур фармонда туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиш ваколати берилмоқда. Бу тартиб амалга ошиши билан одил судловга эришишнинг имкониятлари янада кенгайиб, аҳоли оворагарчилигининг олди олинади. Эндиликда биринчи инстанция судининг қарор ёки ҳукмидан норози тарафлар вилоят судига апелляция ёки кассация тартибида шикоят қилиб, натижасидан ҳам қониқмаса, адолат қарор топмади, деб ҳисобласа иш мазкур судларда тафтиш тартибида қайта кўриб чиқилади.
Юқори инстанция судлари томонидан ишни янгидан кўриш учун қуйи судларга юбориш тартибини бекор қилиш ва уларга иш бўйича якуний қарор қабул қилиш масъулиятини юклатилмоқда. Мана шу амалиёт ҳам, албатта, ўзининг ижобий самарасини беради. Чунки суд ҳужжатидан норози одамлар юқори инстанция судига катта умид билан мурожаат қилади. Улар эса ишни яна қуйи судларга қайта кўриш учун юборади. Эндиликда юқори инстанциянинг ўзи якуний тўхтамга келиши керак бўлади.
Бундан ташқари, фармонда судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида уларнинг ишига ҳар қандай аралашув қатъий жазоланиши, судьяларнинг хавотирсиз ишлаши учун давлат томонидан барча шароитлар яратилиши қайд этилди.
Судга ҳурматсизлик қилиш ҳолатларининг олдини олишнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш, бунинг учун маъмурий жавобгарлик чораларини кучайтириш ва жиноий жавобгарлик белгилаш, суд ишларини ҳал этишга аралашганлик ва суд ҳужжатини ижро этмаганлик учун жавобгарлик чораларини кучайтириш, одил судловни амалга ошириш фаолиятига аралашганликка доир ҳар бир жиноят иши якуни бўйича жамоатчиликни оммавий ахборот воситалари орқали мажбурий равишда хабардор қилиш тартибини жорий этиш белгиланди. Яъни, кимдир қайсидир йўсинда суд ишига аралашса, турли кўринишда босим ёки халақит берса жавобгарликка тортилади. Мазкур иш натижаси эса, албатта, матбуотда кенг ёритилади.