"Ўғлим сиз билан қайси тилда гаплашди?"

Парижда мен тасодифан бир доғистонлик мусаввирни учратиб қолдим. Инқилоб йиллари у Францияга кетган ва ўша ерда бир италиялик аёлга уйланиб қолиб кетган экан.

Мен ундан сўрадим:

— Нима учун ватанга қайтишни истамайсиз?

У жавоб берди:

— Энди жуда кеч, ёшликда у ердан ўтли қалб билан чиққандим, энди қуруқ суякнинг ўзини ватанга қандай қайтараман? 

Уйга қайтгач, мен ўша парижлик ватандошимнинг қариндош-уруғларини излай бошладим. Буни қарангки, мени ажаблантириб, ўша одамнинг жудаям кексайиб қолган онаси ҳалиям ҳаёт экан.

— Сизлар авар тилида гаплашдингларми? — деб қўққисдан сўради кампир мендан.

— Йўқ, биз таржимон орқали гаплашдик, мен рус тилида, у эса француз тилида, — жавоб бердим мен.

Онаизор ўйчан, анча муддат жим сукут сақлади. У қора рўмоли билан юзини ёпди, аёллар фарзандлари ўлса шунақа қиладилар. Яна бироз жим туриб, у кескин тарзда деди:

— Расул, сен адашибсан, ўша одам менинг ўғлим эмас, у аллақачон ўлиб кетган. Менинг ўғлим ўзим ўргатган она тилини, авар тилини унутиши мумкин эмас!..

Расул ҲАМЗАТОВнинг "Менинг Доғистоним" асаридан.