“Ўғлингиз даҳо...” Онанинг ўз вақтидаги тўғри қарори инсониятга Томас Эдисондек олимни туҳфа этганди

Машҳур ихтирочи Томас Эдисон болалик уйидан кўчар чоғи бир пайтлар кийимлари сақланган шкафнинг юқорисидан онасининг севимли қизил ғилофли жомадонини топиб олади.

Томас уни эҳтиёткорлик билан стол устига қўйиб очаркан эски бир хатга кўзи тушади. Мактуб остига унинг муаллимаси имзо чеккан экан. Бу имзо Томасга онаси билан боғлиқ хотирани эслатиб юборади.

У пайтда Томас биринчи синфда ўқирди. Ўша куни у муаллима унга онасига бериши зарурлигини тайинлаган мактубни волидасига келтириб беради. Хатга кўз ташлаётган онаизорнинг ғамгин кўзларида ёш айланади. Сўнг фарзандини бағрига олиб хатни ўқиб беради:  

– “Ўғлингиз даҳо, бу мактаб жуда кичкина, унга арзигулик бирор нарса ўргатадиган ўқитувчилар йўқ. Илтимос, ўғлингизни олиб кетиб, ўзингиз ўргатинг”.

Жомадондан топилган мактубни Томас ўқиб ҳайратга тушади. Аслида хат бундай ёзилган эди:

– Ўғлингиз руҳий касал. Биз энди уни мактабда бошқалар билан ўргата олмаймиз. Шунинг учун уни олиб кетиб, уйда ўзингиз ўргатишингизни тавсия қиламиз. Ҳурмат билан муаллима.

Ўтган асрнинг тенгсиз даҳоларидан бири Томас Эдисоннинг киприклари бехосдан намланади. Онасининг қанчалар оқила аёл эканига яна бир бор амин бўлади.

“Томас Алва Эдисон ақли заиф бола эди. Қаҳрамон онаси туфайли у ўз даврининг буюк даҳоларидан бирига айланди. Менинг барча ютуқларим сабабчиси онамдир”, деб ёзиб қолдирган Томас Эдисон.