Оила фаровонлиги манбаи

Кейинги йилларда аҳоли томорқаларидан фойдаланиш самарадорлигини янада ошириш ва мавжуд тўсиқларни бартараф этиш бўйича қатор тадбирлар амалга оширилмоқда. Жумладан, касаба уюшмалари ходимлари ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда аҳоли хонадонларида бўлиб, томорқа имкониятлари ва ердан фойдаланиш самарадорлигини ўрганмоқда. Ушбу тадбирнинг биринчи кунида 7 мингга яқин хонадон ва деҳқон хўжаликлари хатловдан ўтказилиб, 11 мингдан ортиқ хўжаликда чорвачилик, 30 мингдан ортиғида паррандачилик ва 312 таси иссиқхона фаолияти билан шуғулланиш истагида эканлигини аниқлади. Шунингдек, томорқа майдонларининг 832,5 гектарида эртаги, 375 гектарида ўртачи ва 160 гектардан зиёд майдонда тўқсонбости экинлар жойлаштирилиши ўрганилди. Афсуски, ерга эгалик қилиш билан ундан оқилона фойдаланишни билмайдиган хўжаликлар ҳам топилади. Ўтказилган хатлов натижасида вилоятимиз туманларида томорқадан самарасиз фойдаланган 140 нафар ер эгаси аниқланиб, уларга ердан нотўғри фойдаланганлик учун бериладиган жазо чоралари тушунтирилди. 
Кейинги йилларда томорқа хўжаликларини янада ривожлантириш учун молиявий томондан қийналган оилаларга кредит, уруғлик, минерал ўғит ва бошқа зарурий жиҳозлар етказиб берилмоқда. Аҳамиятлиси, бу саъй-ҳаракатлар натижасида томорқадан самарали фойдаланиш кўрсаткичи ўтган йили икки баробарга ошганлиги кузатилди. Томорқаларда ташкил этилган иссиқхоналар сони ўн баробар кўпайди. 
Президентимизнинг 2017 йил 12 сентябрдаги "Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига асосан вилоятимиздаги 523 та кам таъминланган оилага 3 миллиард 139 миллион 800 минг сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди. 

Бир кунда 7 мингга яқин хонадон ва деҳқон хўжаликлари хатловдан ўтказилиб, 11 мингдан ортиқ хўжаликда чорвачилик, 30 мингдан ортиғида паррандачилик ва 312 таси иссиқхона фаолияти билан шуғулланиш истагида эканлиги аниқланди.

Томорқачиларнинг давлат томонидан қўллаб-қувватланиши аҳолининг ердан самарали фойдаланиши ва кўпроқ маҳсулот етиштиришига хизмат қилмоқда. Мисол учун, Пахтачи туманида яшовчи Азим Жалиловнинг томорқа хўжалигини бошқаларга ибрат қилиб кўрсатиш мумкин. У 5 сотихли иссиқхонада 48 туп лимон парваришлайди, қатор орасига экин экиб, йилига уч марта ҳосил олади. Шунингдек, тўрт йил аввал бир қути асалари уяси олиб келиб, томорқада асаларичиликни ҳам йўлга қўйган. Ҳозир уялар сони 30 дан ортди. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Асосийси, ҳозиргача ерга эътиборсиз бўлган хонадонлар эгалари ҳам томорқа қўшимча даромад манбаи эканлигини англаб етмоқда. 

Суҳроб РАФИҚОВ, 
вилоят касаба
уюшмалари
ташкилотлари
бирлашмаси кенгаши раиси.