Оила қураётган ёшлар учун берилаётган муддатдан ким норози? Йигитми, қизми, ота-онами?
Ўзбекистон Республикаси «Оила кодексининг 13-моддасига мувофиқ, никоҳ тузиш никоҳланувчиларнинг фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларига ариза берганларидан кейин бир ой ўтгач, шахсан уларнинг иштирокида амалга оширилиши белгилаб қўйилган.
Мазкур қонун нормасининг асосий мақсади - никоҳ қурувчи ёшларни бир-бирини синаб, ўзаро оила қуришга аҳд қилган бўлсалар-да, уларга яна бир бор ўйлаб кўришлари учун берилган имкониятдир.
Аммо минг афсуски, ёшлар мазкур муддатни иложи борича қисқартиришга ҳаракат қилиб, берилган имкониятдан тўғри фойдаланмайдилар. Аксар ҳолларда улар қолиб, ота-оналар ҳам иложи борича тўйни тезроқ қилиш ҳаракатига тушиб қолади.
ФҲДЁ идорасига ариза келиб тушган куниёқ, қиз томонда мебель ва бошқа уй жиҳозларини излаш, келин киядиган кўйлак, қудаларга бериладиган сарполар ғавғоси бошланса, куёв томон машҳурроқ ресторан танлаш, “казо-казо” меҳмонларни, қўшиқчиларни таклиф этиш, тўй дастурхонига қўйиладиган 20 хил ноз-неъматларни келтириш, никоҳга борувчи автомашиналар сони билан машғул бўлади.
Ҳеч ким ёшларни оилага тайёрлаш, икки ёш нима учун оила қурмоқчи, уларнинг оила, эр-хотин ҳақида тушунчалари борми, куёв оилага тайёрми, эртага ўзини ва оиласини боқа оладими каби саволларга жавоб изламайди. Ҳатто, келиннинг саломатлиги, унинг қайнота-қайнона олдидаги бурчлари ҳақида тушунча беришга ҳеч ким бош қотирмайди.
Шулардан келиб чиқиб, Самарқанд вилояти хотин-қизлар қўмитаси ва фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд вилоят суди ташаббус билан чиқди: ҳамкорликда «Сиз оила қурмоқчимисиз…» номли тавсиянома чоп эттирди. Бу тавсияномани оила қуриш остонасида турган ёшлар учун фойдали маслаҳат, деб қабул қилиш мумкин.
50 минг нусхада босилган тавсияномада оила, никоҳ ёши, оилада эрнинг ва хотиннинг вазифаси, ота-онанинг фарзанд олдидаги ҳақи ва масъулияти, қонуний никоҳсиз оила бўлиб яшашнинг ҳуқуқий оқибатлари ҳақида атрофлича маълумот берилган. Ушбу муаммоларга ёшларни ва уларнинг ота-оналарини эътиборини озгина қаратиш учун ишлаб чиқилган тавсиялар, ўйлаймизки, ёшлар учун фойдадан холи бўлмайди.
Маъруфжон Тожибоев,
Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги судьялар олий мактаби ўқитувчиси.