Оилага чанг солаётган “илон”лар: Уларга нисбатан ўта қатъий жазо чора белгилаш керак

Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Фарғонада ҳомиладор аёл эри билан жанжаллашиб қолиб, ўзини ёқиб юборгани ҳақидаги хабар тарқалмоқда. Аниқланишича, машинада эр-хотин рашк ва хиёнат сабаб жанжаллашган. Оқибатда аёл бензин ёқилғисини ўзи ва автомашина салонига сепиб, ёқиб юборган ва ҳалок бўлган...

Ушбу хунук воқеани ўқишим мени жамиятда учраётган ҳолат ҳақида ёзишга ундади. Бу - оилавий ажримлар. Ажралиш билан боғлиқ оилавий жанжалларнинг аксариятида эса хиёнат сабаб қилиб кўрсатилади ва эр қатъий ажрашиш фикрида туриб олади. Мусулмонмиз, рашк бор! Хиёнат содир бўлганда ортга йўл йўқ!

Аммо ажрим жамият фожиаси. Аксарият ҳолларда ажримга эр ёки хотиннинг хатти-ҳаракати сабаб бўлади. Бундай ҳолларда панада турган учинчи кимса, воқеанинг асл сабабчиси, чиройли оиланинг бахтига чанг солган, аёлни йўлдан урган бегона эркак жазодан четда қолади. Ҳеч нарса кўрмагандай давраларда нечта аёл билан “юриши”ни айтиб, аёлнинг эри ва яқинлари устидан кулиб юраверади.

Кўпинча бегона эркак бирор аёлнинг кўнглига йўл топмоқчи бўлса, унинг муаммоларини муҳокама қилиб, ҳамдардлик билдиради, бу муаммоларни ҳал этиш чораларини излаган бўлади. Кейин аёлнинг эрига, эрининг оиласига нисбатан ҳурматини, ишончини сустлаштиришга уларни камчилигини таъкидлаш, секин-секин ёмонлаш орқали ҳаракат қилади...

Агар аёл ҳушёр бўлса шу жойда муносабатга чек қўяди. Агар содда бўлса, борган сари дардларини эрига эмас, бу эркакка айта бошлайди. Ана шунда аёл аслида ёвуз ниятли бўлган нокаснинг тузоғига тушади. Аблаҳ эркак ўзининг қабиҳ, разил ниятига етади. Бир лаҳзалик нафсни деб, бир оилани бир умрга хонавайрон қилади.

Шунда дунё ларзага келади! Аёлнинг ҳаёти чилпарчин бўлади! Энди уни тиклаб бўлмайди. 

Шу билан битта оилага дарз кетади, эр-хотиннинг умри барбод бўлади. Хўп, аёл бир пасткашнинг ҳийласига учиб умрини куйдирди, лекин куёв йигитнинг айби нимада? У ҳам ҳаётга бир марта келади, чиройли оила қуриб яшаяпти, бахтли бўлиш, фарзандлар улғайтириш, уларнинг роҳатини кўриш каби бир олам орзу-ниятлари бор эди. Айби бахтли оиласига илон кириб келаётганини сезмаганими? Нега у энди бахтсиз бўлиши керак?

Энг аламлиси, бегуноҳ болалар етим қолади. Энди уларнинг ҳаётини ҳеч нарса тузатолмайди. Уларнинг бир умрлик кўзёши ва қарғишига ким жавоб беради? Албатта, пасткаш, виждонсиз, ҳалол ва ҳаромни фарқига бормайдиган кимсалар. Ҳайвонларда онг йўқ, ўз ҳаракатининг оқибатини ўйламайди. Демак, онгли бўлатуриб ўз ҳаракатининг оқибатини ўйламайдиган, бировнинг қизига, хотинига, келинига кўз олайтирган номуссиз, ориятсиз, уятсиз, диёнатсиз инсонларнинг ҳам ҳайвондан фарқи йўқ. 

2022 йилда республика бўйича никоҳдан ажратишга оид 62 331 та иш судларда кўрилган экан. Уларнинг 33 420 таси бўйича никоҳ бекор қилинибди! Бу даҳшат-ку!? Мазкур оилаларнинг салмоқли қисми бузилишига хиёнат сабаб. Шу бузилган оилаларда нечта бола тирик етим қолган экан? Ўртача иккитадан деганимизда ҳам ҳар йили 70 минг бола етим бўлмоқда. Нега ҳар хил ҳисоботлар юритилади-ю етим қолган болалар ҳисоботи юритилмайди? Жамиятнинг энг катта фожиаси шу-ку аслида?

Хўш, шу ажримларнинг ҳаммасига аёллар сабабчими? Йўқ! Бировнинг бахтига чанг солган инсон қиёфасидаги панадаги пасткашлар ҳам сабабчи!

Бировнинг қизи, хотини, келинига кўз олайтирган, оиласи бузилишига сабабчи бўлган, бахтига тажовуз қилган, бегуноҳ болаларни етим қилган разилларга нисбатан қонунчиликда ўта қатъий жазо чоралари белгиланиши керак (қайтар дунё эканлиги, уларнинг ҳам қизлари, сингиллари, жиянлари шу кўйга тушиши ҳақиқатга яқинлиги алоҳида мавзу). Чунки уларнинг ифлослиги жамиятга жуда катта зарар келтиряпти.

Ҳаётда бунақа аянчли ҳолатларни кўравериб, кўп оилавий можароларга аралашавериб, жуда нохуш ҳолатларга тушяпман. Айниқса, телефон, интернет оммалашган кейинги йилларда бу ҳолат кескин кўпайгани ҳаммани ҳушёр торттириши керак. Ҳали ҳам йигитчилик деб, бировнинг хасмига кўз олайтиришни уддабуронлик деб юрган гумроҳлар бўлса кўзини очсин.

Раҳмат Муродиллаев, меҳнат фахрийси.