Оилавий нодавлат боғчаларга янги тартибда субсидия ажратиш жараёни бошланди

Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 2 августдаги “Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шериклик муносабатларини замонавий рақамли технологиялар ёрдамида соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, оилавий нодавлат боғчаларига давлат бюджетидан ажратилаётган субсидия маблағларини мақсадли ишлатиш устидан назорат механизми яратилганлиги ҳақида маълум қилган эдик.

2022 йил 1 сентябрдан бошлаб жорий этилган янги тизим орқали тарбиячи ва тарбиячи-ёрдамчиларга иш ҳақи харажатларини қоплаш учун субсидия жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва бошқа ажратмалар ушлангандан сўнг, тўғридан-тўғри ушбу ходимларнинг пластик картасига, озиқ-овқат харажатларини қоплаш, юмшоқ жиҳозлар ва дори воситалари харажатларини қоплаш учун субсидиялар оилавий МТТ (ЯТТ)нинг тижорат банкидаги ҳисобварағига ўтказиб берилмоқда.

Жорий йил сентябрь ойи учун оилавий ҳамда айрим давлат-хусусий шериклик асосидаги нодавлат МТТларга ажратиладиган субсидия миқдорларини аниқлашда сентябрь ойининг охирги беш иш кунидаги тарбияланувчиларнинг Нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини бошқариш ахборот тизими (НМТТБАТ)даги электрон давомат ўртача кўрсаткичлари ойлик давомати сифатида инобатга олинади ва шунга мос равишда бюджет субсидиялари ҳисоб-китоб қилиниб, молиялаштирилади.

Шунингдек, сентябрь ойи давомида давоматни тўлиқ юритган ҳамда давомат кўрсаткичи охирги беш иш кунидаги ўртача давоматдан юқори бўлган давлат-хусусий шериклик асосидаги МТТларига бутун ой давомида юритилган ҳақиқий давоматдан келиб чиқиб бюджет субсидиялари ҳисобланади.

Жорий йил сентябрь ва октябрь ойларида НМТТБАТда электрон давомат юритган оилавий ҳамда айрим давлат-хусусий шериклик асосидаги НМТТларнинг НМТТБАТга киритилган (рўйхатга олинган) ходимларига сентябрь ойи учун тўлиқ иш ҳақи ҳисобланиб, молиялаштирилади.

Бугунги кунда оилавий ҳамда айрим давлат-хусусий шериклик асосидаги НМТТлар ходимларининг сентябрь ойи учун ҳисобланган иш ҳақи "Агробанк"дан очилган ва тизимга киритилган пластик карта рақамларига тўлиқ тўлаб берилмоқда.

Шуни таъкидлаб ўтиш жоизки, тизимга киритилган ходимлар маълумотларини текшириш натижасида республика бўйича 16 мингдан ортиқ ходимнинг банк пластик карта рақамлари тизимга киритилмаганлиги аниқланди. Шунинг учун тезда ходимларга очилган пластик рақами тизимда чиқмаса, Сиздан пластик картангиз очилган банк филиали МФОси ҳамда ходимнинг маълумотларини ўзгартириш ойнасидаги банк МФОси мослигини текшириш, тадбиркорлар пластик картаси киритилмаган ходимларнинг карталарини тизимга хатосиз киритиш,

пластик карта очиш бўйича хабар бормаган ва ахборот тизимида (НМТТБАТ) ходимнинг пластик картаси мавжуд бўлмаганлар янги пластик карта олиши зарурлигини сўраб қоламиз.

Маълумот учун: "Агробанк" пластик картаси бепул очиб берилмоқда. Филиал ходими томонидан карта тақдим этиш учун тўлов талаб қилинса, "Агробанк"нинг ишонч телефонига (71-203-88-88) мурожаат қилиш тавсия этилади.

Бундан ташқари, банк реквизитлари хато бўлган МТТларнинг тўлов топшириқномалари банкдан хато бўлиб қайтиб келмоқда.

Шунинг учун тадбиркорлардан nodavlat-bogcha.uz дастурида банк реквизитларини текширишини, хатолик аниқланганида ҳисоб-рақам ўзгартириш менюсида маълумотларни киритиб ЭРИ калит билан тасдиқлашлари зарур.

Босқичма-босқич молиялаштириш даврида хатолик тўғриланган ва карта маълумотлари тўлиқ киритилган ходимларнинг иш ҳақи суммалари маълумот тўғриланган кундан кейинги банк иш кунида ходимнинг банк пластик картасига ўтказиб берилади.

Бахтиёр Мамиров,

Самарқанд вилояти мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи ўринбосари.