Талабни бузган оилавий нодавлат боғчага субсидия берилмаслиги мумкин
Бугунги кунда, оилавий нодавлат боғчаларига давлат бюджетидан ажратилаётган субсидия маблағларини мақсадли ишлатиш устидан назорат механизми яратилди.
Бу борада 2022 йил 2 августда Вазирлар Маҳкамасининг “Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шериклик муносабатларини замонавий рақамли технологиялар ёрдамида соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 426-сонли қарори тасдиқланди.
Қарорга кўра, 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат-хусусий шериклик асосида фаолият юритаётган оилавий нодавлат мактабгача таълим ташкилотларида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан субсидиялар ходимларнинг ишга келиб-кетиши ҳамда тарбияланувчиларнинг давоматидан келиб чиқиб, Мактабгача таълим вазирлигининг нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини бошқариш ахборот тизимида автоматик равишда ҳисоблаб чиқилиши белгиланди.
Шунингдек, ходимларнинг ишга келиб-кетишини ҳисобга олиш ҳамда тарбияланувчиларнинг давоматини юритиш мобил илова ёрдамида шахсни биометрик идентификация қилиш технологияси орқали амалга оширилади.
Эътиборли жиҳати, ҳисобот ойида тарбияланувчиларнинг ўртача ойлик давомати нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини бошқариш ахборот тизимида рўйхатга олинган тарбияланувчилар сонига нисбатан 40 фоиздан кам бўлганда ушбу ой учун ходимларга давлат бюджети маблағлари ҳисобидан иш ҳақи тўланмайди.
Юқоридаги талаблардан келиб чиқиб, бугунги кунда тадбиркорлар қуйидаги вазифаларни амалга оширишлари керак. Бунда ахборот тизимига боғчаларнинг ҳисоб рақамлари, барча ходимлари ва тарбияланувчилари тўғрисида маълумотлар киритилиши лозим.
Агар ахборот тизимида боғчаларнинг айрим тарбияланувчилари ўзининг ёки болаларнинг фотосурати ўрнига бошқа болалар ёки катта ёшдаги одамларнинг расмини қўйса, мазкур давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосидаги мактабгача таълим ташкилоти (МТТ)га уч ой давомида субсидия тўловлари ҳисобланмайди ва тўланмайди. Бундай ҳолат иккинчи марта аниқланганда ушбу ДХШ асосидаги МТТ билан давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим бекор қилинади ва қайта тузилмайди.
Маълумот учун: 2022 йил 1 сентябрь ҳолатига вилоятда 2 561 та оилавий нодавлат боғчалари мавжуд бўлиб, уларда 73 мингдан зиёд боғча ёшидаги болалар таълим-тарбия олмоқда. Бу кўрсаткич вилоятда умумий болалар сонининг 33 фоизини ташкил этади.
Бахтиёр МАМИРОВ,
вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи ўринбосари.