Илм-маърифат бор жойда тараққиёт бўлади

Покистон Ислом Республикаси Президентининг матбуот котиби ва оммавий ахборот воситалари бўйича маслаҳатчиси Муртазо Солангий бошчилигидаги делегация Самарқандда бўлди.

Делегация Самарқанд билан танишувни улуғ муҳаддис Имом Бухорий мажмуаси зиёратидан бошлади. Ислом оламида саҳиҳ ҳадислар муаллифи сифатида қадрланувчи аллома қадамжосида амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари меҳмонларнинг ҳайратини оширди. Замонавий технологиялар асосида ўзига хос ёндашув билан ташкил қилинган инновацион музейдан жой олган буюк муҳаддис ҳаёти, фаолияти, шу билан бирга Ислом дини тарихи, тараққиётини ўзида акс эттирган экспонатлар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.

– Биз дастлаб Бухородаги тарихий обидалар, азиз қадамжоларни кўрдик, кейин Тошкентда бўлиб, Ислом цивилизацияси маркази билан танишдик ва бугун оламга машҳур Самарқанд заминидамиз, - деди Муртазо Солангий. – Улуғ муҳаддис мангу қўним топган қадамжодаги маҳобатли масжид, умуман, мазкур мажмуа ҳар қандай кишини ўзига ром этадиган даражада кўркам бўлибди. Бухорий беқиёс илм-маърифати, ўткир зеҳни, ақл-идроки билан дунёга ном таратган бўлса, Ўзбекистонда бугун амалга оширилаётган ислоҳотлар, ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар унинг давомчилари ҳам юксак салоҳиятга эга эканлигини намоён этмоқда. Юксак маҳорат билан замонавий технологик ечим асосида ташкил қилинган музей фикримизнинг ёрқин исботи. Бу ерга кирган киши ислом тарихи, маданияти ва қадриятлари ҳақида етарли тушунча ва билимга эга бўлиб чиқиши шубҳасиз.

Меҳмонлар ташриф давомида Амир Темур мақбараси, Регистон майдони, Амир Темур жомеъ масжиди, қадимий “Сиёб деҳқон бозори”да бўлиб, халқимиз тарихи, маданияти билан боғлиқ муҳим маълумотларга эга бўлди.

– Илм-маърифат бор жойда ўсиш, ўзгариш, тараққиёт бўлади, – дейди Покистон Бош вазирининг савдо бўйича координатори Рана Иҳсан Афзалхон. – Буни Ўзбекистон мисолида яққол кўриб гувоҳи бўлмоқдамиз. Тошкентда, Бухоро ва Самарқандда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишларида илмий асосларга алоҳида урғу берилганлиги менда катта қизиқиш уйғотди. Биз покистонлик ёзувчи ва журналист Муҳаммад Аббос Хоннинг “Ўзбекистон: Учинчи Ренессанс — тараққиёт концепти” номли китобидан Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, янгилик ва ўзгаришлар ҳақида кўп маълумотлар олгандик. Энди эса китобда ўқиганларимизни ҳаётда кўриб турибмиз.