Пахтадан - 46, ғалладан 87 центнер: Аграр тармоқ энг даромадли соҳага айланмоқда
Давлатимиз раҳбарининг қишлоқ хўжалик ходимлари куни олдидан соҳа вакиллари билан учрашувида тармоқдаги ютуқлар эътироф этилди.
Жумладан, жорий йилда илк бор республикамизда пахтачиликда илм-фан ютуқлари ва илғор агротехнология олиб кирилгани, юқори унумдор хорижий навлар экилгани ҳисобига 875 минг гектар майдонда 4 миллион тоннага яқин хирмон яратилди. Илк бор пахтада ўртача ҳосилдорлик 46 центнерга етди.
Вилоятимизда илғор интенсив агротехнологияларни қўллаган ҳолда 60 минг гектар майдонда ғўза парвариш қилиниб, 265 минг тоннадан ортиқ пахта хомашёси йиғиштириб олинди. Ҳосилдорлик ўртача 44,2 центнерни ташкил қилиб, ўтган йилга нисбатан 12,7 центнер кўп ҳосилдорликка эришилди. Туманларда фермер хўжаликларимиз гектаридан 74,5 центнергача ҳосил олди.
Етиштирилган пахта хомашёсини тўлиқ механизация ёрдамида териб олишга ўтиш мақсадида жорий йилда Хитойдан 74 дона юқори унумли пахта териш машиналари олиб келинди (ўтган йил 44 та олиб келинган). Жорий мавсумда 162 минг тонна (61 фоиз) пахта хомашёси 118 та машина ёрдамида териб олинди. Келгуси йилда яна қўшимча терим машиналари олиб келиш ҳисобига пахтани тўлиқ механизация ёрдамида териб олишга ўтамиз.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида ғаллакорларимиз янги маҳаллий навлар ва биотехнология орқали бу йил 8 миллион 400 минг тонна хирмон яратиб, ўртача ҳосилдорлик 85 центнерга етганини билдирди. Ҳар гектар ердан 100 центнердан ҳосил олган фермерлар 3,5 мингдан ошди, 825 минг тоннадан ортиқ ҳосил етиштирилди ва ўртача ҳосилдорлик 87,6 центнерни ташкил қилди.
Ҳозирги кунда деҳқончиликда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, тежамкор технологияларни жорий қилган ҳолда маҳсулот етиштириш долзарб бўлиб бормоқда. Шу боис, деҳқонларимиз сув тежовчи технологияларни жорий этган ҳолда деҳқончилик қилишга катта эътибор қаратмоқда.
Сув ресурсларидан самарали фойдаланиш мақсадида 30,1 минг гектар майдонда ёмғирлатиб суғориш тизими жорий қилиниши режалаштирилган. Келгуси йил ушбу майдонлардан жами 747 минг тонна ҳосил олиш ва ҳосилдорликни 90 центнерга етказиш кўзда тутилган.
Инновацион деҳқончилик ривожланмоқда
2025 йилда фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан асосий майдонларга 23,1 минг гектар сабзавот, 1,5 минг гектар полиз ҳамда 21 минг гектарда картошка экинлари экилиб, 416,1 минг тонна сабзавот, 30,4 минг тонна полиз ҳамда 419 минг тонна картошка маҳсулотлари йиғиштириб олинди.
Бундан ташқари, аҳолини озиқ-овқат билан таъминлаш, бозорларда нарх барқарорлигини сақлаш мақсадида ғалладан ва эртаки экинлардан бўшаган майдонларга 11,8 минг гектар сабзавот ва 10 минг гектар картошка экилиб, 261,3 минг тонна сабзавот ва 222,8 минг тонна картошка етиштирилди.
Вилоятда ўтган йилга нисбатан 181,5 минг тонна сабзавот, 43,2 минг тонна картошка, полиздан қарийб 4 минг тонна кўп маҳсулот етиштирилди.
Бу рақамлар шунчаки ҳисобот, статистикани яхшилаш эмас, балки деҳқонларимизнинг илмга асосланиб, инновацион технологиялардан фойдаланган ҳолда маҳсулот етиштираётгани, ерга бўлган муносабатнинг ўзгариши ва даромадни кўпайтиришнинг янги шаклларини қўллаётгани самарасидир.
Аграр тармоқ учун молиявий кўмак оширилади
Президентимиз келгуси йил учун соҳа олдида турган энг муҳим вазифаларни ҳам белгилаб берди. Жумладан, кейинги йилдан янги агротехнология ёрдамида 76-схемада пахта етиштириш, “Шинжон тажрибаси” соҳага татбюиқ эқтилишини билдирди.
Ушбу вазифалардан келиб чиқиб вилоятда 2026-йил ҳосили учун 60 минг гектар майдонга чигит экилиши режалаштирилган ва ушбу майдонлардан жами 308 минг тонна пахта хомашёси тайёрлаш ва ҳосилдорликни 51,3 центнерга етказиш кўзда тутилган. Бунинг учун 24 минг гектар (40 фоиз) майдонда қўшқатор схемада, плёнка остига, томчилатиб суғориш тизимини жорий қилган ҳолда чигит экиш режалаштирилмоқда. Шундан 19 минг гектарига хорижий навлар экилади.
Куз-қиш мавсуми учун асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотларини захира қилиш йил давомида амалга ошириб, нархлар барқарорлигини таъминлаш учун доимий интервенция тизими жорий этилади. Ҳар йили “ин-витро” лабораторияларда вирусдан холи 10 миллиондан ортиқ картошка мини-туганаклари тайёрланиб, уруғчилик хўжаликларига бепул берилади.
Кейинги йилдан сув насосига сарфланган электр энергияси учун субсидиялар мева-сабзавот, мойли экин, картошка ва озуқа экинлари етиштирувчи фермерларга ҳам ажратиладиган бўлди.
Пахта-ғалла йўналишидаги энг илғор 200 нафар фермер, мева-сабзавот йўналишидаги энг миришкор 200 нафар боғбон ва деҳқон, қишлоқ хўжалиги йўналишидаги энг фаол 100 нафар экспортчи Хитой, Туркия, Голландия, Франция каби давлатларга юборилиб, ўқитилади.
Деҳқончиликда ҳақиқий ишлайдиган, ерни алдамасдан керакли ишловни бериб, илмий ёндошган ҳолда ҳосил етиштирадиган палла келди. Соҳага инновацион технологияларни жорий этиб, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, юқори ҳосилли, экспортбоп ва талабгор ўсимликларни ўзлаштириш даври бошланди. Деҳқон замон билан ҳамнафас бўлиб, касбига меҳр қўйиб ишлайдиган ва шундан ўзига, оиласига ва давлатга ҳам фойда келтириш аграр тармоқда меҳнат қилаётган ҳар биримизнинг устувор вазифамизга айланадиган вақт келди.
Бегзод ТУГАЛОВ,
вилоят қишлоқ хўжалик бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари.