Самарқандда саноатлашган интенсив мевали боғ ва токзорлар кўпаймоқда

Боғдорчилик ҳозирги аграр тармоқда даромадлилиги бўйича етакчи ўринни эгаллайди. Чунки бу йўналишда маҳсулотни сақлаш, қайта ишлаш ва экспорт тўғри йўлга қўйилса, йил давомида даромад олиш имкони бор.

Ҳозир вилоятимизда аҳоли ва деҳқон хўжаликларида 13,2 минг гектар ҳамда фермер хўжаликларида 29,8 минг гектар мевали боғ мавжуд. Фермер хўжаликлари боғларидан 59 фоизи (17,7 минг гектар)ни интенсив мевали боғлар ташкил этади ҳамда (15 минг гектар)ида томчилатиб суғориш технологиялари жорий этилган. Шу билан бирга, вилоятда 55,5 минг гектар (шундан, фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналарида 45 минг гектар, аҳоли томорқаларида 10,5 минг гектар) узумзор мавжуд. Фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналарининг 45 минг гектар узумзорларидан 29,4 минг гектар ҳосилли узумзорлар ҳисобланади.

Вилоятда 2024-2025 йилларда 6,5 минг гектар саноатлашган интенсив мевали боғ ва токзорлар барпо этиш белгиланганди. Жумладан, 2025 йилда (баҳорда 2,3 минг гектар, кузда 2 минг гектар) саноатлашган интенсив боғ ва токзорлар яратилди.
Масалан, Булунғурда 710, Жомбойда 151, Иштихонда 139, Каттақўрғонда 354, Нурободда 231, Пайариқда 283, Ургутда 148, Қўшработда 184 гектар саноатлашган интенсив боғ-токзорлар барпо этилди.

2026 йилда 1,4 минг гектар саноатлашган интенсив мевали боғ ва 1,3 минг гектар саноатлашган узумзорлар барпо этиш режалаштирилган. 2025-2026 йилларда иқтисодий жиҳатдан самарасиз, яроқсиз бўлган 1,6 минг гектар боғ ва 2,6 минг гектар токзорлар реконструкция қилиниб, улар ўрнида янги саноатлашган интенсив мевали боғ-токзорлар яратиш кўзда тутилган.

Иссиқхоналар қишки эрмак эмас

Таҳлилларга кўра, вилоятда 292 та субъектда 466 гектар майдонда иссиқхона хўжаликлари фаолият юритади. Улардан 28 таси гидропоника усулида 106 гектарда, 264 таси одатий усулда 361 гектар майдонда жойлашган. Уларнинг 234 гектардаги 108 таси табиий газда, 198 гектардаги 150 таси кўмирда иситилади, 34 гектардаги 34 та иссиқхона иситилмайди. Шундан бугунги кунда 383,4 гектар майдондаги 218 та иссиқхонада экин экилиб, фаолият юритмоқда. Жорий йилда ушбу иссиқхоналардан 24,1 минг тонна маҳсулот олиш режалаштирилган бўлиб, амалда 26,1 минг тонна маҳсулот етиштирилди.

Шунингдек, ҳозирда тижорат банклари балансида турган жами қиймати 16,6 миллиард сўмлик 4 та 3,4 гектар иссиқхона бор. Шу билан бирга, 38,6 гектар майдондаги 32 та иссиқхонада экиш ишлари бошланмаган бўлса, 44 гектардаги 42 та иссиқхона хўжаликлари фаолияти тўхтаб қолган. Масъуллар билан биргаликда иссиқхона хўжаликларидаги муаммолар ўрганилиб, экиш ишларига кўмаклашиш, солиқ, банк, электр энергияси, газ таъминоти ва бошқа масалаларда уларга амалий ёрдам бериш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, жорий йилда 349 миллиард сўмлик 5 та лойиҳада 85 гектар иссиқхона ишга туширилиши режалаштирилган. Бугунги кунгача 2 та иссиқхонада қурилиш ишлари амалга оширилмоқда.