Океанлар ҳақида нималарни биламиз?
8 июнь – Бутунжаҳон океанлар куни сифатида нишонланади. Ҳаммамиз биламиз, океанлар Ернинг тахминан 70 фоизини эгаллайди ва Ердаги барча сувларнинг 97 фоизини ўз ичига олади. Сайёрада бешта океан борлигини ҳам биламиз. Булар - Тинч, Ҳинд, Атлантика, Шимолий муз ва Антарктика океанлари. Кўплар Тинч океани – энг катта ва илиқ, Атлантика океани катталик бўйича иккинчи ўринда ва у энг шўр ва энг ўрганилгани, Ҳинд океани хилма-хил ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига бойлигини, Антарктика океани эса фақат 2000 йилда расман тан олинганлигини билишади.
Бугун барча тирик жонзотларга ҳаёт бағишлаган бу чексиз кенг сувлар ҳақида баъзи бир маълумотлар билан танишамиз:
🔹 океанлар тахминан 3,5 миллиард одам учун асосий озиқ-овқат манбаи ҳисобланади;
🔹 океанлар сайёрада ҳаёт пайдо бўлишидан 3 миллиард йил олдин пайдо бўлган;
🔹 ҳозирги кунда Ер юзидаги мавжуд ҳаёт шаклларининг тахминан 70 фоизи океан сувларида яшайди;
🔹 океанлар узоқ йиллар давомида денгиз ва ер қаъридан қуйиладиган минераллар туфайли шўр;
🔹 ўтган асрда океан сувлари даражаси 25 сантиметрга кўтарилди;
🔹 сайёрадаги вулқон фаоллигининг 90 фоизи океанларда содир бўлади;
🔹 Ер юзидаги энг баланд сув тошқинлари тахминан 16 метрни ташкил этади, уларни АҚШ, Канада қирғоқлари ва Фенди кўрфазида кузатиш мумкин;
🔹 Ернинг энг паст нуқтаси Тинч океанининг ғарбий қисми – Мариан хандагининг 11 034 метр чуқурлигида жойлашган;
🔹 энг шаффоф океан суви Антарктида соҳилидаги Уэделл денгизида жойлашган;
🔹 Болтиқ денгизи сувларида энг юқори олтин миқдори қайд этилган;
🔹 океан сувидаги товуш тезлиги ҳаводагига қараганда беш баравар юқори;
🔹 океан тубида кўпинча 100 метр баландликдаги тўлқинлар ғазабланиб, сув юзида улардан ҳосил бўлган цунамилар тахминан 60 метргача кўтарилади;
🔹 давлатлар ўртасидаги савдо алоқаларининг 90 фоизидан ортиғи сувлардаги кемачилик юк ташиш орқали амалга оширилади;
🔹 ҳар йили акулалардан чақмоқ уриши ёки асалари чақишига қараганда бир неча ўн маротаба кам одам ҳалок бўлади.
🔹 океанларга ташланган чиқиндилар овланган балиқлардан уч баравар кўпроқ.
🔹 тинч океанининг шимолий қисмида асосан пластикдан иборат юзлаб миллион тонна чиқиндиларнинг улкан қисми оғиб юради.
🔹 бугунги кунда океанларнинг атиги 10 фоизи ўрганилган.
Баҳора Муҳаммадиева тайёрлади.