Океаншунос олим Жак-Ив Кусто ислом динини қабул қилганми?
Ислом динини қабул қилган шахслар орасида дунёга машҳур шахслар кўпчиликни ташкил этади. Аммо франциялик океаншунос олим Жак-Ив Кустонинг “ислом динини қабул қилганми ёки қабул қилмаганми”, деган савол матбуот ва интернет фойдаланувчилари орасида кенг баҳс ва муҳокамаларга сабаб бўлиб келмоқда.
Хўш, Кустонинг ислом динини қабул қилганлиги ҳақидаги маълумот қаердан пайдо бўлди? Капитан Жак-Ив Кусто сув ости дунёсини ўрганиши билан танилган. У ўн йиллаб сув ости тизимларини тадқиқ этган.
Океаншунос олим изланишлар олиб бораётган кунларининг бирида ажойиб табиат ҳодисасига дуч келди. Яъни, Атлантика океани ва Ўрта ер денгизи сувлари, уларнинг орасида ҳеч қандай тўсиқ бўлмаса-да, бир-бири билан аралашмасди. Гўё уларнинг ўртасидан кўринмас тўсиқ тортилгандек эди. Бу борада Кустонинг шундай дейди:
“1962 йилда Баб-аль-Мандеб бўғозининг Аден кўрфази сувлари ва Қизил денгиз сувлари тўқнашадиган жойда сувнинг бир-бири билан аралашмаслигини немис олимлари аниқлади. Ҳамкасбларим изидан бориб, биз Атлантика океани ва Ўрта ер денгизи сувлари ўзаро аралашиши ёки аралашмаслигини аниқлашга киришдик. Дастлаб Ўрта ер денгизи сувини, унинг табиий шўрлик даражасини, зичлигини ва денгиз ҳаёт шаклларини ўрганиб чиқдик. Атлантика океани сувлари устидан ҳам худди шундай тадқиқотлар олиб бордик. Сувнинг ушбу икки массасига Гибралтар бўғозида минг йиллардан бери тўқнаш келинади. Сувнинг бу ўлкан икки массаси узоқ йиллар давомида аралашиб кетиши, уларнинг шўрлик даражаси ва зичлиги бир хил ҳолатга келиши керак эди. Бироқ сувлар ўзаро жипслашган ҳолатларда ҳам ҳар бири ўз ҳусусиятларини сақлаб турарди. Бошқача қилиб айтганда, сувларнинг массаси бирлашганда сув пардаси уларнинг аралашишига йўл қўймайди.
Фан нуқтаи назаридан тушунтириб бўлмайдиган ушбу ҳолат ҳақида профессор Морис Бюкалюга сўзлаб бердим. У бу ҳолатнинг ҳайратланадиган жойи йўқлигини ва ушбу табиат ҳодисаси тўғрисида инсониятга бундан 1400 йил илгари Яратган томонидан юборилган, мусулмонларнинг муқаддас китоби – Қуръони каримда аниқ ва равшан қилиб атилганлигини таъкидлади.
Бу гап менга чақмоқ ургандек таъсир қилди. Ҳақиқатдан, Мориснинг гаплари тўғри эди. Бунга Қуръони каримнинг таржимасини ўқиганимдан сўнг амин бўлдим. Ўшанда “Қасам ичаман, замонавий фан 1400 йил ортда қолаётган - Қуръон, инсон томонидан айтилган (яратилган) бўлиши мумкин эмас! Бу Яратганнинг асл сўзи”, деб қичқириб юбордим.
Шундан сўнг Ислом динини қабул қилдим ва ушбу диннинг ҳақиқий, адолатли, енгил ва фойдали эканлигига кундан-кун ишончим комил бўла бошлади”.
Лекин Жак-Ив Кустонинг ислом динини қабул қилганлигини тасдиқлайдиган бирон бир ҳужжат сақланмаган. Бундан ташқари, Кустонинг оиласи аъзолари ҳам океаншунос олимнинг Ислом динини қабул қилганлиги тўғрисидаги гап сўзларни рад этишган (Forbes журнали, 2004 йил, май).
Жак-Ив Кусто 1997 йил 25 июнь куни юрак хуружи оқибатида вафот этган.
Бекзод МУСУРМОНОВ тайёрлади.