Ола товуқ сомон сочар, ўз сирини ўзи очар
Ижтимоий тармоқларда “Мунаввархон 777” МЧЖ таъсисчиси ва раҳбари Парвиз Аҳроровнинг 7 миллиард сўм кредит ажратилмаётгани хусусидаги мурожаати эълон қилинди. Ушбу мурожаатни ўрганиш жараёнида аниқланган ҳолатлардан сўнг, бехосдан «Ола товуқ сомон сочар, ўз сирини ўзи очар» деган мақолни ёдга оласан киши.
Қуйида адолатсизлик дея жар солаётган, аслида мавжуд қонунларни бузиб, оммани нотўғри фикрлашига сабаб бўлаётган Парвиз Аҳроров ва унинг онаси Дилфуза Сатторованинг аслида қандай йўл тутиб келгани ҳақида билиб олишингиз мумкин.
Бир вақнинг ўзида “Ферузжон Феруз” оилавий корхонасининг раҳбари бўлган Дилфуза Сатторова оилавий корхонанинг таъсисчиси ҳисобланиб, корхонага Самарқанд шаҳридаги “Ипак йўли” банкнинг “Умар” минтақавий филиалидан қуритилган нончалар ишлаб чиқариш ускуналари сотиб олиш учун 3 йил муддатга 70 миллион сўм кредит маблағи олинган. Олинган кредит ва унга ҳисобланган фоизлар 3 йил давомида асоссиз тўлов қилинмасдан, ҳозирги кунда банк томонидан умидсиз кредит сифатида тавсифланган ва банкнинг балансдан ташқари ҳисоб рақамига ўтказилган. Натижада, банкнинг мижозга бўлган ишончи йўқолган.
Парвиз Аҳроров ва унинг онаси Дилфуза Сатторова томонидан ҳар бир масалани ҳал қилиш мақсадида ташкилотлар устидан юқори турувчи органларга турли хил асоссиз важларни кўрсатган ҳолда, мурожаат қилиб, уларни қўрқитиш (шантаж) орқали ўз мақсадларига эришишни касб қилиб олишган. Хусусан, “Ипак йўли” банки “Умар” филиалидан қуритилган нончалар ишлаб чиқариш ускуналари сотиб олиш учун 3 йил муддатга 70 миллион сўм кредит маблағи ажратилишида ҳам, Самарқанд тумани ҳокимининг 2020 йил 14 августдаги қарори билан “Янгиариқ агротехсервис” агрофирмаси 2-участкаси ер харитасининг 1-контуридан 8,0 гектар ер майдони ажратилишида ҳам шундай йўл тутилган.
Самарқанд тумани ер ресурслар ва давлат кадастри ҳамда “Янгиариқ агротехсервис” агрофирмаси ходимлари Парвиз Аҳроровнинг 2020 йилнинг август ойида ажратилган ер майдонини қаерда жойлашганини ҳанузгача билмаслиги айтиб ўтишди. Бундан эса мижозда ушбу лойиҳани амалга оширишга умуман ишонч йуқлигини англаш мумкин.
“Ҳамкорбанк” АТБ Боғишамол филиалидан “Asees forever” ташкилотига айланма маблағларини тўлдириш учун 1,6 миллиард сўм кредит маблағларини ажратилишида ҳам ғаламислик орқали эришган. Ҳозирги кунда ушбу кредит тўлови ҳам муаммога айланган.
Самарқанд шаҳар Кулоллик маҳалласи фаолининг таъкидлашича, ташкилотлар томонидан Парвиз Аҳроров ва Дилфуза Сатторованинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари бўйича маҳаллага бир неча мурожаатлар қилинган. Дилфуза Сатторованинг турмуш ўртоғи оиладаги носоғлом муҳит туфайли узоқ йиллардан буён Россия давлатида ёлланма ишчи бўлиб ишлайди.
Д.Сатторованинг “Мунаввархон 777” МЧЖга ҳуқуқий жиҳатдан ҳеч қандай алоқаси бўлмаса-да, ҳар сафар ушбу ташкилот номидан банкка келиб турли шартларни қўйиб келган, арзимаган важларни кўрсатиб, жуда юқори овозда бақириб, ҳамманинг эътиборини ўзига жалб қилиб, банк ходимларини обрўсизлантиришга ва уларнинг шаънига ҳақоратомуз сўзларни ишлатган ҳолда атайлаб жанжал чиқаришга уринганлиги одамнинг энсасини қотиради.
Савол туғилади: шунча кредитларни олиб, давлатга қайтармаётган тадбиркордан яна нимани кутиш мумкин?
Бир ғаламис тадбиркорнинг ўрнига, ҳозирда ўз ўрнини топа олмаётган “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга, кам таъминланган оилаларга ушбу маблағлар йўналтирилса, мақсадга мувофиқ эмасми?
Нима ҳам дердик, гуруч кўрмаксиз бўлмаганидай, одамлар ичида ҳам ўз манфаати учун ғаламислик қилувчилар учраб туради. Хулоса ўзингиздан.