Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ. Бу гапнинг мағзини қачон чақамиз, қачон унга амал қиламиз?

“Ўз билганларингдан қолмайсизлар. Ҳозир тушлиги бор, жойи иссиқ, ишчиларнинг бориб-келиши учун машина қўйилган ишни топиш қийин. Маоши камроқ бўлса нима бўпти, кўтарилади яхши ишласанг. Сенларга айтгандим, “Узоқни буғдойидан яқиннинг сомони яхши”, деб. Лекин қулоқ солмадиларинг, мана, ишлаган пулларингни ололмай, сарсон бўлиб юрибсизлар”.

Маҳалла раисининг қишлоғимиздаги икки йигитни шундай деб койиётгани эътиборимни тортди.
- Тинчликми, йигитларни уришяпсиз, ака? - сўрадим салом-аликдан кейин.
- Ҳозирги ёшларга ҳайронман. Ишлайман деса ўзимизда иш кўп, ўқийман деса шароит бор. Лекин уларнинг аксарияти ҳақиқатни ўзидан изламайди. Нега шундай-а?
- Ака, нима бўлди ўзи?

- Яқинда “Ургут” эркин иқтисодий зонаси корхоналаридан бирининг раҳбари маҳалламизга келди. Ишсиз ёшлар билан учрашиб, яхши ишларни таклиф қилди. Ишга олиб-бориб келиш учун автобуси бор, тушлиги корхона ҳисобидан. Маоши бошланишига икки ярим миллион сўм экан. Кейин ишига қараб яна бир бараваргача оширилишини айтди. Лекин ёшларнинг аксарияти ишлашни хоҳламади. Улар орасида шу икки олифта ҳам бор эди. “Маоши кам экан, Андижонда товуқ фермада ойига тўрт миллион сўм бераркан” деб водийга кетганди. Уч ой ишлади. Мана, ишлаб келганига ҳам икки ойдан ошди, лекин ҳалигача ойлигини ололмайди. Яна иш ҳақини олиш учун Андижонга қатнагани-қатнаган. “Олдингдан оққан сувнинг қадри йўқ” деб шуни айтишса керак-да...

Тўғри, бугун баъзи оилаларнинг иқтисодий аҳволига кам маошли иш тўғри келмаслиги мумкин. Балки шунинг учун ҳам кўплаб ёшлар хорижга ишлаш учун кетаётгандир. Лекин аксарият ҳолларда ёшларнинг ватанидан, ота-онасининг бағридан узоқда мўмай даромад топаман, яхши кийиниб, яхши машинада юраман, деб алданиб қолаётгани мавжуд имкониятдан вақтида фойдаланмаётганида деб ўйлайман.

- Икки йил олдин оиламдагиларнинг қаршилигига қарамай, Россияга ишлашга боргандим, - дейди бир танишим. - Дастлабки уч ойда йўл харажатлари учун ишладим. Кейин соғлигим ёмонлашиб, бир муддат ётиб қолдим. Тузалгач, даволанишимга кетган пулларни қайтаришга тўғри келди. Уйимга эса пул жўнатишнинг имкони бўлмади. Шундай пайтда яқинларнинг ёрдами асқотар экан. Оиламдан хабар олиб туришди. Энди ишларим ўрнига тушиб, оиламга пул жўнатишни бошлаганимда, таҳликали вазият юзага келди ва иш тўхтади. Кейин нарх-наво ошди, билетлар ҳам қимматлади, ойликдан эса дарак йўқ. Хуллас, Россияга бориб, соғлигимни йўқотдим, оиламдан, юртимдан узоқда сарсон бўлдим. Ўша пулни уйимда, ота-онамнинг, фарзандларимнинг бағрида топсам бўларди.
Ҳаёт инсонга бир марта берилади ва ҳамманинг ҳам муносиб яшагиси келади. “Ўшанда мен бундай қилганимда...” дея ўзингизни қийнашни истамасангиз, оёғингиз остидаги имкониятдан тўғри фойдаланинг!

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.