Олимлар: “Омикрон” болалар учун кўпроқ хавф туғдириши мумкин

Дунёда пандемия даврида коронавирусга чалинганлар сони 307 миллион нафарга етди. Шундан қарийб 5,5 миллион киши ушбу хасталик туфайли ҳаётдан кўз юмган.

Умумий касалланиш кўрсаткичлари бўйича биринчи ўринда АҚШ (60,2 млн.), иккинчи ўринда Ҳиндистон (35,7 млн.), учинчи ўринда Бразилия (22,5 млн.) ва тўртинчи ўринда Буюк Британия (14,5 млн.) турибди.

Инфекцияга чалиниш билан боғлиқ кунлик статистикада эса ўтган ҳафтага нисбатан пасайиш кузатилмоқда. Кеча жаҳонда жами 2 миллионга яқин янги ҳолат қайд этилган. Ваҳоланки, 7 январь куни бу кўрсаткич 2,9 миллионга яқинлашганди.

Хусусан, 9 январь ҳолатига кўра, АҚШда 446 мингдан зиёд, Францияда 296 минг, Бразилияда 200 минг, Ҳиндистонда 179 минг, Буюк Британияда 141 минг нафар беморда “СOVID-19” аниқланган. Касалланиш ҳолатларининг аксариятини “омикрон” штамми ташкил этмоқда.

Россиялик таниқли вирусолог олим Александр Чепурнов кеча ушбу штамм ҳақида янги хулосани айтди. Унинг фикрича, мазкур мутация инсон танасида бошқа инфекциялар билан бир вақтнинг ўзида бирлашишга қодир. Бу эса бемор бир пайтнинг ўзида коронавируснинг икки варианти билан касалланиши мумкинлигини англатади.

Кипрда аниқланган ҳолат ҳам мутахассислар эътиборини жалб қилди. Бу ерда бир гуруҳ маҳаллий олимлар томонидан “дельта” ва “омикрон” штаммлари гибридидан иборат коронавируснинг янги варианти аниқланди. Тадқиқотчилар унга "дельтакрон" номини беришди.

Кипрлик вирусологнинг сўзларига кўра, янги вариант “дельта” каби генетик асосга эга, бироқ унинг бир қатор мутациялари “омикрон” билан бир хил.

Ҳиндистонлик олим Анимеш Аря “омикрон” кўпроқ болалар учун хавф туғдиради, деган фикрда. Унинг қайд этишича, болаларнинг нафас олиш йўллари катталарникига нисбатан кичикроқ. Янги штамм кўпроқ юқори нафас йўлларига таъсир кўрсатаётганини ҳисобга олсак, у жажжи беморлар сони ортишига олиб келиши мумкин.

“Омикрон”нинг пайдо бўлиши пандемиянинг энг ўткир босқичи якунланиш арафасида эканлигини англатади, деб баёнот берди Жанубий Африка Республикаси олимлари.

Бу хулосага келишдан аввал мутахассислар гуруҳи касалхонада тадқиқот ўтказишган. Сўнгги пайтларда коронавирусга чалинган 466 нафар бемор ва анча аввал вирусдан соғайган 3976 нафар кишининг маълумотлари таҳлил қилинган.

Аниқланишича, пандемиянинг янги тўлқини даврида беморларнинг атиги 4,5 фоизи касалхонада вафот этган. Бу кўрсаткич аввалги тўлқин пайтида 21 фоизни ташкил этган. Шунингдек, жонлантириш бўлимларига ётқизилганлар сони кейинги пайтларда кескин камайган. Беморларнинг стационар шароитда соғайиши ҳам ўртача 8-9 кундан 4 кунга қисқарган.