Олимлар тушунтириб бера олмаган сирли табиат ҳодисалари
Табиат биздан ақлбовар қилмайдиган сирлар ва мафтункор жумбоқларни тақдим этади. Ҳатто олимларни ҳайратда қолдириб келаётган, баъзилари даҳшатли ва тушунарсиз, бошқаларига аллақандай афсоналар боғланган табиат мўъжизалари билан қуйида танишамиз.
Ғувиллоқ тошлар
Коста-Риканинг тропик ўрмонларида ўзидан мистик товушлар чиқарадиган тошлар “яшайди”. Урилганда, улардан орган (мусиқа асбоб)ноталарини эслатувчи чуқур шовқинли товуш чиқади. Олимлар ҳалигача бу товушлар қандай пайдо бўлишини аниқ тушунтира олмайди.
Коста-Риканинг овозли тошлари ўзининг сирли хусусиятлари ва ҳали очилмаган сирлари билан тадқиқотчилар ва сайёҳларни жалб қилишда давом этмоқда.
Кечаси ёруғлик чиқарадиган булутларнинг махсус турлари мавжуд. Қутбли мезосфера булутлари деб номланувчи бу синоат одатда Ердан тахминан 80 километр баландликда пайдо бўлади ва махсус кимёвий жараён туфайли нур сочади. Одатда улар қутбли қуёш кунида, қуёш уфқ остида бўлганда осмонда кўринади. Рангли булутлар ўзининг бетакрор ёрқинлиги ва сирлилиги билан тадқиқотчилар ва самовий ҳодисалар ихлосмандларининг эътиборини тортиб келмоқда.
Битмас-туганмас чақмоқ
Венесуэладаги Кататумбо дарёси устида ноёб ҳодиса – чеки йўқ чақмоқни кузатиш мумкин. Йилига 140-160 кун давомида ҳар кеча дарёнинг бош қисмида кетма-кет 10 соатгача давом этадиган кучли электр разрядлари ҳосил бўлади. Олимларнинг таъкидлашича, бу ҳодиса ҳудуддаги махсус метеорологик шароитлар билан боғлиқ, аммо мистик табиат ҳодисаси - узлуксиз чақмоқнинг аниқ сабаби ҳали ҳам номаълум.
Раққоса дарахтлар ўрмони
Россиянинг Калининград вилоятида ўзининг сирли эгри-бугри ва спирал шаклларга эга дарахтлари бўлган машҳур ноёб ўрмон бор. “Рақсга тушаётган ўрмон”нинг ташқи кўриниши жуда ғалати ва олимлар ҳозиргача бу ҳодисага изоҳ топа олишмаяпти. Дарахтларнинг бу шакли сабабларини генетик мутациялар ёки шамол таъсири остида ҳосил бўлишини тушунтирувчи кўплаб тахминлар бўлса-да, аниқ бир жавоб йўқ.
Муз доиралар
Дунёнинг турли бурчакларида, жумладан, Шимолий Америка, Швеция ва Россиядаги сув ҳавзаларида муз устида ҳеч қандай сабабсиз пайдо бўладиган ғалати думалоқ шаклланишлар учраб туради.
Муз устидаги бу сирли думалоқ шакллар олимлар ва табиат ихлосмандларининг қизиқишини уйғотишда давом этмоқда. Ушбу ҳодисанинг аниқ изоҳи топилмаган бўлса-да, олимлар бу сирли доиралар сирини очиш учун турли фаразларни ўрганиш ва тажрибалар ўтказишда давом этмоқда.
Осмоннинг сирли фарёди
Дунёнинг турли бурчакларида, жумладан, АҚШ, Канада, Буюк Британия, Германия ва Австралияда қайд этилган “Осмон карнайлари” деб аталган бу товушлар кўплаб баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.
Фаол илмий тадқиқотларга қарамай, осмон карнайлари бутун дунё бўйлаб одамлар орасида қизиқиш ва ҳайрат уйғотган. Баъзилар бу товушлар глобал ўзгаришлар ҳақида огоҳлантириш бўлиши мумкинлигини тахмин қилади, бошқалар эса уларни тасаввуф ва жумбоқ сифатида кўришни афзал кўради. Қандай бўлмасин, осмон карнайлари бизга атрофимиздаги дунё кутилмаган ҳодисалар ва мўъжизаларга тўла эканлигини эслатиб туради, уларнинг кўплари ҳали кашф қилинмаган ва тушунилмаган.