Олий суд раиси ўринбосари Самарқандда
Олий суд раисининг ўринбосари Олимжон Исмоилов Самарқанд вилоятида бўлиб, судлар фаолияти билан танишди ҳамда аҳоли учун сайёр қабул ўтказди.
Жумладан, Олий суд раиси ўринбосари Тойлоқ ва Жомбой туманлари суд биноларида фуқаролар, судья ва ходимлар учун яратилган шароитларни кўздан кечирди. Ижро интизоми, ишларни ташкил қилиш ҳолатини ўрганиб, ходимлар билан суҳбатлашди.
Мулоқотларда кейинги йилларда судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, моддий-техника базасини яхшилиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ва бунинг самараси қайд этилди. Бугун ҳар бир судья ва суд ходими ана шу эътибордан келиб чиқиб ўз ишига масъулият билан ёндашиши кераклиги, коррупция, таъмагирлик каби иллатларга йўл қўймаслиги зарурлиги айтилди. О.Исмоилов юқори малакали, чуқур билим ва кўникмаларга эга кадрлар ёрдамида судларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, уларнинг фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини оширишга эришиш мумкинлигини таъкидлади.
Шундан сўнг Самарқанд вилоят суди биносида Олий суд раҳбариятининг сайёр қабули ўтказилди. Қабулда 32 нафар фуқаронинг судлар фаолияти билан боғлиқ мурожаатлари кўриб чиқилди.
Ҳар бир мурожаатга алоҳида эътибор қаратилиб, қонунга мувофиқ келадиганлари ижобий ҳал қилинди, Олий суд ваколатига доир масалалар бўйича аризалар қабул қилинди ва ҳуқуқий тушунтириш берилди.
Самарқанд туманида яшовчи Ш. Каюмов Олий суд раиси ўринбосари қабулида Олий суд фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатига тафтиш тартибидаги шикоят билан мурожаат қилганлигини билдириб, мазкур шикоят кўриб чиқилгунга қадар қуйи суд ҳужжатининг ижросини тўхтатиб туришга амалий ёрдам сўради. Ш.Қаюмовнинг мурожаати ҳужжатлар асосида ўрганиб чиқилди ва шу ернинг ўзида қаноатлантирилди.
Қабул давомида содир қилган жинояти учун жазони ўтаётган 7 нафар шахс пушаймонлиги, қилмишидан тегишли хулоса чиқарганлиги, бундай буён соғлом турмуш тарзида яшаб, ибратли ҳаёт кечиришини билдириб жазодан озод қилишни сўради. Шу ерда Самарқанд шаҳар судининг сайёр суд мажлиси ташкил этилиб, ҳар бир ҳолат алоҳида кўриб чиқилди ва қонунга мувофиқ келадиган мурожаатлар ижобий ҳал этилди.
Олий суд раиси ўринбосари О.Исмоилов ўрганишлар ва сайёр қабул якуни бўйича вилоят судлари раислари, ўринбосарлар ва судьялар иштирокида муҳокама ўтказди.
Учрашувда одил судловни амалга оширишда адолат ва қонунийликни таъминлаш, суд идорасига нажот истаб келган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини қонун доирасида ҳимоя қилиш бугун ҳар бир судьянинг энг асосий вазифаси бўлмоғи лозимлиги қайд этилди. Шунингдек, маънавият ва маърифат масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилиб, судьянинг онгида адолат, тилида ҳақиқат, дилида поклик ҳукмрон бўлиши учун, энг аввало, юксак маънавиятли бўлиши кераклиги таъкидланди.