Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун қандай ҳужжатлар топширилади?

Ҳукумат қарори билан Олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ҳужжатларни қабул қилиш бўйича давлат хизматларини кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.

Унга мувофиқ, абитуриентлар таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан белгиланадиган олий таълим муассасаларига Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали ҳужжат топшириши мумкин ва ушбу олий ўқув юртлари рўйхати ҳақида 5 кунлик муддатда таклиф Давлат комиссиясига киритилиши лозим.

Давлат хизматлари марказлари томонидан ҳужжатлар 15 июндан 15 июлгача абитуриентларнинг доимий рўйхатда турган жойидан қатъи назар қабул қилинади.

Ҳукумат қарори билан тасдиқланган регламентга мувофиқ, абитуриентлар Давлат хизматлари марказлар орқали ҳужжат топширганда сўровнома тўлдирилади.

Қуйидаги ҳужжатларнинг асл нусхаси тақдим этилади:

  • паспорт (паспорт ёшига етмаганлар туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома);
  • мактабни, коллежни ёки лицейни тугатганлик тўғрисидаги ҳужжат (иловаси билан);
  • имтиёзга эга бўлганлар имтиёзни тасдиқловчи ҳужжат.

Абитуриент бир вақтда, ўқитишнинг бир шакли доирасида 3 тагача олий таълим муассасасини танлаши мумкин.

Давлат хизматини кўрсатиш учун жорий йил битирувчиларидан ва ногиронлиги бўлган ёки тўлиқ давлат таъминотидаги шахслардан тўлов ундирилмайди.

Тест синовлари ўтказилаётган йилдан аввалги йилларда таълим муассасасини тугатган абитуриентлардан энг кам ойлик иш ҳақининг 50 фоизи (101 минг 365 сўм) миқдорида тўлов ундирилади.