“Олмасангиз, тeгинманг”: Яна сифатсиз озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси ҳақида

Яқинда вилоят ҳокимлигида озиқ-овқат дўконларидаги сифатсиз маҳсулотлар масаласига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда маълум қилинган жойлардаги ўрганиш натижалари қувонарли эмас. Дўконларда сотилаётган қалбаки, сифатсиз, муддати ўтган маҳсулотлар ичида гўдаклар озуқаси ҳам борлиги ачинарли ҳол.

Тадбиркорнинг манфаати истеъмолчиникидан устунми?

Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси вилоят ҳудудий бошқармаси ҳамда вилоят истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамияти томонидан ўтказилган мониторинг ўрганиш тадбирларида Самарқанд шаҳридаги 23 та савдо дўконида 724 дона, Самарқанд туманидаги 14 та савдо дўконида 744 дона, Булунғур туманидаги 4 та савдо дўконида 268 дона, жами қўшиб ҳисоблаганда, туманлардаги 73 та савдо объектида истеъмолчи саломатлиги учун хавфли 2307 дона маҳсулот сотиб келингани аниқланган. Англаганингиздек, бу ҳали хамир учидан патир. Вилоятда юз минглаб шундай дўконлар бор. Агар юқоридаги рақамлар асосида мулоҳаза юритилса, ҳар 100 мингта дўконда 3 миллионтага яқин истеъмолга яроқсиз маҳсулот бор, деган хулосага келиш мумкин.

Озиқ-овқат дўконлари танганинг бир томони бўлса, бозорлар унинг иккинчи томони ҳисобланади. Халқимизнинг асосий қисми ҳафталик, ойлик истеъмолга етадиган маҳсулотларни арзонроқ нархда бозорлардан харид қилишга одатланган. Хўш, уларда вазият қандай, бозор маъмурияти озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун нима қиляпти? Айни саволга Самарқанд шаҳри ҳудудидаги деҳқон бозорлари мисолида жавоб олишга ҳаракат қилдик.

“Сиёб деҳқон бозори” 1900 тадан зиёд савдо растасини ўз ичига олади. Истеъмолчилар унда кундалик эҳтиёжи учун зарур барча маҳсулотни топиши мумкин. Бозор маъмуриятининг маълум қилишича, тегишли ташкилотлар ойда бир ёки икки маротаба келиб, ҳудуддаги санитария, гигиена ва бошқа талабларнинг бажарилиши ҳолатини ўрганиб кетади. Бозорда сифати бузилган ёки инсон саломатлиги учун хавфли маҳсулотлар сотилишининг олдини олиш эса Самарқанд шаҳар ҳайвонлар касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат маркази 1-ветеринария санитария экспертиза таҳлилхонасига юклатилган.

Таҳлилхонадан олган маълумотимизга кўра, улар ўтган ноябрь ойининг ўзида 5 партияда 58 килограмм иккиламчи маҳсулотлар (калла-поча), 9 партияда 273 дона тухум, 16 партияда 80 килограмм сут, 32 партияда 139 килограмм (105 боғ) кўкат, 2 партияда 30 килограмм полиз маҳсулотлари, 2 партияда 49 килограмм истеъмолга яроқсиз мол гўшти сотилишининг олдини олган.

– Ишни эрта тонгдан, бозорга олиб келинган маҳсулотларни таҳлилдан ўтказишдан бошлаймиз, - дейди таҳлилхона мудири Абдуазиз Турсунқулов. – Турли вазиятлар бўлади, маҳсулоти истеъмолга яроқсиз эканлигини била туриб, бозорга олиб чиқадиганлар ҳам кўп учрайди. Бизнинг вазифамиз уларни тўхтатиб қолиб, халқимизнинг саломатлигини ҳимоя қилиш. Бозор ҳудудида фақатгина тегишли маълумотномаси бор маҳсулотларни сотиш мумкин.

Буни текшириб кўриш учун бозорни айландик. Биз тасодифий шаклда мулоқот қилган сотувчиларнинг барчасида маълумотнома бор эди. Эътиборлиси, ҳеч ким бизнинг маълумотномани кўрсатиш ҳақидаги сўровимиздан таажжубга тушгани йўқ. Аксинча, сотувчилар ўз маҳсулотининг сифатидан кўнгли тўқ, демакки, ишида ҳам унум бўлади. Бу қувонарли ҳол, албатта. Лекин жараёнда кўрган баъзи муаммоларимизни ҳам айтиб ўтишимиз керак.

Биринчидан, бу сифати тез бузиладиган айрим маҳсулотларнинг, хусусан, салатларнинг усти очиқ ҳолатда сотилаётганидир. Бозор маъмурияти буни салат сотувчиларнинг жойи аслида бошқа ерда эканлиги, ажратилган жойда бу турдаги маҳсулотлар учун совуткичлар берилиши, аммо улар эски жойини ўзгартиришдан бош тортаётганлиги билан изоҳлади. Назаримизда маъмурият бу масалага жиддийроқ киришмаган, агар киришса, албатта, тартиб ўрнатилади. Иккинчи масала, кўча савдоси. Табиийки, бу ердаги “сотувчи”ларда маҳсулотининг сифатини кафолатловчи бирорта ҳужжат йўқ. Мана шу ҳолатда ҳақиқатан ҳам бозор маъмуриятининг қўли калталик қилади. Сабаби, уларда ўз ҳудудидан ташқарида бўлаётган ноқонуний савдони тўхтатиш ваколати йўқ. Бозор масъулининг айтишича, улар айни масалада мутасадди идораларга бир неча маротаба мурожаат қилишган. Бироқ ҳеч ким бу мурожаатларни ижобий ҳал қила олмаган. Назоратсизлик муаммонинг чуқур илдиз отишига сабаб бўлмоқда.

“Темир йўл деҳқон бозори” Самарқанднинг марказида жойлашган энг гавжум бозорлардан бири ҳисобланади. Бу ердаги тартиб Сиёбдагидан қолишмайди. Расталардаги турфа маҳсулотларни кўрган кишининг баҳри дили очилади. Бозор маъмурияти ҳудудда тартиб ўрнатишга алоҳида эътибор қаратилаётганини, таҳлилхона мудири эса маҳсулотлар сифати доимий назоратда эканлигини билдирди. Аммо бозорни кўздан кечириш давомида бу ерда ҳам юқорида тилга олинган муаммолар борлигини кўрдик. Шунингдек, бозор ҳудудида (растада эмас) сифати номаълум консерва маҳсулотларини сотаётган фуқароларга кўзимиз тушди. Улардан бирининг маҳсулотини кўздан кечираётганимизда қаршиликка ҳам учрадик.

Бу биргина ҳолат эмас. Умуман, бозор ёки савдо дўконларига харидор сифатида кириб, бирор маҳсулотнинг ёрлиғини синчиклаб ўқишни бошлаганингизда, аксарият сотувчиларнинг авзойи бузилиши, “текширувчимисиз?”, “олмасангиз, тегинманг”, деб кайфиятингизни туширадиганлар ҳам борлиги кузатилди. Нима, харидор оладиган маҳсулотини текширмаслиги керакми? Ўзига берилган имтиёз ва эркинликлардан барча тадбиркорлар ҳам тўғри фойдаланмаяпти, ахир. Уларни назорат қилиш эса жуда қийин. Бунга бозорларни ўрганиш давомида яна бир бор амин бўлдик. Масалан, дўкон бозор ҳудудида жойлашган бўлса ҳам ундаги маҳсулотларнинг сифатини бозор таҳлилхонаси назорат қилмас экан. “Дўконлар СEСга қарайди”, дейишди улар. “СEС”дагилар эса биз фақат фуқаролардан мурожаат тушса, тадбиркорлар омбудсмани розилиги билан текшириш ўтказишимиз мумкин, дейди. Хўп, тадбиркорни “текшир-текшир”дан ҳимоя қилаётган эканмиз, энди истеъмолчини ҳам тадбиркордан ҳимоя қилишнинг соддароқ тартибини ишлаб чиқиш керак, назаримизда.

 

Заҳарланиш ҳолатлари кўпаймоқда

Оқибатдан қўрқмайдиган тадбиркорлар диққатига: Қалбакилаштирилган, санитария-гигиена ва технологик тартибга риоя этилмаган ҳолда тайёрланган маҳсулотлар турли заҳарли моддалар, кимёвий бирикмалар билан зарарланган ёки касаллик қўзғатувчи микроблар билан ифлосланган бўлиши мумкин. Улар инсон организмига кенг доирада таъсир этиб, асаб, эндокрин безлар, юрак қон-томир касалликларини келтириб чиқаради ҳамда юрак, буйрак, жигар ва нерв тизими фаолиятини издан чиқаради. Енгил ҳолатида ҳам касаллик қўзғатувчи микроблар ўткир ошқозон ичак касалликларига ва овқатдан заҳарланишга сабаб бўлади.

Вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги  бошқармасидан олинган маълумотга кўра, кейинги вақтда аҳоли ўртасида сифатсиз маҳсулотларни истеъмол қилиш билан боғлиқ хасталиклар, хусусан, унинг энг оғир тури ҳисобланган ботулизм касаллиги кўпайган. Биргина жорий йилнинг ўтган 11 ойида қайд этилган заҳарланиш ҳолатларининг 9 тасида 33 нафар фуқаро ботулизм билан оғриб, шундан 3 нафари оламдан ўтган. Омон қолган фуқароларда ҳам касаллик оғир асоратлар қолдирган.

– Аксарият тадбиркорлик субъектларининг чакана савдо қоидаларига риоя этмаётганлиги вазиятни янада оғирлаштирмоқда, - дейди бошқарманинг овқатланиш гигиенаси бўлими мудири Юсуф Раҳимов. – Хусусан, инсонларнинг заҳарланишига асосан гўшт, сут, иккиламчи чорвачилик маҳсулотлари, турли хил пишириқлар, тез бузилувчи озиқ-овқатларнинг кўча шароитида сотилаётганлиги, дўконларда эса сифатини кафолатловчи ҳужжатлари бўлмаган, яроқлилик муддати ўтган маҳсулотлар савдога чиқарилаётгани сабабдир. Бугун бундай ҳолатни ҳар ерда кўриш мумкин. Жараёнда қатъий тартиб таъминланмас экан, аҳоли саломатлигига таҳдид йўқолмайди.

Мутахассиснинг таъкидлашича, бугунги шароитда ҳар ким ўз саломатлиги учун курашиши, айниқса, озиқ-овқат маҳсулотларини танлашда ўта ҳушёр бўлиши зарур. Жумладан, бозорлар ҳамда савдо дўконларидан озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилишда маҳсулотнинг сифати, яроқлилик муддати, идишининг бежиримлиги, ёрлиқларининг мавжудлигига алоҳида эътибор бериши, унинг сифатини кафолатловчи ҳужжатларни сўраб олиши лозим. Сифати, товар кўриниши бузилган, тегишли ҳужжатлари бўлмаган, ишлаб чиқарувчиси ва ишлаб чиқарилган вақти кўрсатилмаган, уй шароитида тайёрланган маҳсулотларни харид қилмаслик тавсия этилади.

 

Сифатсиз маҳсулотни сотган қамалиши мумкин

“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 11-моддасида дори воситалари ва тиббий буюмларда, озиқ-овқат ва маиший кимё товарларида уларнинг ишлаб чиқарилган санаси, яроқлилик муддати ҳамда сақлаш шартлари кўрсатилган бўлиши белгиланган. Сотувчиларга ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган ёки яроқлилик муддати ўтган товарларни қабул қилиш ҳамда реализация қилиш ман этилган.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 178-моддасига кўра, яроқлилик муддати ўтган товарларни, шунингдек, ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилиши шартлиги қонунчиликда назарда тутилган товарларни уларнинг ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддатини кўрсатмаган ҳолда реализация қилиш ҳамда сотиш учун қабул қилганлик ҳуқуқбузарлик ашёлари мусодара қилинишига ва фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса етти бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солинишига сабаб бўлади. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 186-моддасига асосан, истеъмолчиларнинг ҳаёти ёки соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади.

Ўша ҳаракатлар баданга ўртача оғир ёхуд оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, айбдор базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Агар бу ҳаракатлар одам ўлимига сабаб бўлса, у уч йилдан етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

– Хорижий давлатларда бундай ҳуқуқбузарлик учун янада оғирроқ жазо чоралари белгиланган, - дейди Юридик хизмат кўрсатиш маркази бош юрисконсулти Б.Қозоқов. – Жумладан, Германияда сифатсиз маҳсулот сотганлик учун ўртача жарима миқдори 20 минг еврони, Бирлашган Араб Амирликларида 25 минг еврони, Қозоғистонда 4 миллион тенгени ташкил этади. Россияда эса айни ҳуқуқбузарлик учун 50 минг рубль жарима қўлланиши ёки дўкон фаолияти 90 кунгача тўхтатиб қўйилиши мумкин. Айтиш жоизки, миллий қонунчилигимизда халқимизнинг яшаш тарзи ва бошқа қатор омиллар инобатга олинган. Лекин бу белгиланган жазо енгиллигини англатмайди. Унда тадбиркор ёки фуқаронинг хатосини қайта такрорламаслигини таъминлаш принципи устунлик қилади.

Хулоса қилиш сиздан. Биз эса мавзуга яна қайтамиз. Шу кунларда вилоятимизда тегишли ишчи гуруҳлар томонидан ўрганиш ишлари давом этмоқда.

Асқар Баротов.

***

Ушбу мақола халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти лойиҳаси асосида тайёрланди.