Ўмон матбуоти: Самарқандда ўтказиладиган ШҲТ саммитида Ўзбекистон Президенти қатор инновацион ташаббус ва таклифларни тақдим этиши кутилмоқда

Ўмон Султонлигининг «Asdaa Oman» газетаси веб-саҳифасида жорий йил 15-16 сентябрь кунлари Самарқандда бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитига бағишланган мақола эълон қилинди, деб хабар  бермоқда “Дунё” АА.

Унда ШҲТнинг Самарқандда ўтказиладиган саммитида давлат раҳбарлари сўнгги уч йилда илк бор юзма-юз учрашиши таъкидланган. Бу эса, COVID-19 пандемияси даврида тўпланиб қолган икки томонлама, минтақавий ва глобал масалаларни муҳокама қилиш учун қулай имконият бўлади.

Жаҳон сиёсати ва иқтисодиётидаги хавфли силжишлар шароитида Самарқанд саммитининг аҳамияти янада ортиб бормоқда, унда ташкилот ривожланишининг истиқболдаги омилларини белгилаб берадиган асосий қарорлар ва келишувлар қабул қилинади, деб қайд этилган мақолада.

“ШҲТ кўп қиррали ҳамкорлик ғояларини илгари сурувчи, ҳеч қандай геосиёсий мақсадларни кўзламаган, ҳеч бир шахс ёки давлатга қарши саъй-ҳаракатларни амалга оширмайдиган ташкилотдир. Ушбу тамойиллар унинг низомида аниқ кўрсатилган ва ташкилотнинг бутун тарихи ушбу қоидаларга қатъий риоя қилинаётганини исботлайди”, деб ёзади нашр.

Саммитда 15 та давлат ва ШҲТ билан ҳамкорлик қилувчи ўнта халқаро ташкилот раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда.

Ташкилотга Ўзбекистон раислик қилаётган даврда ўтказилаётган ушбу саммит мамлакатнинг нуфузи ортиб бораётгани ва давлат раҳбарининг халқаро майдонда сиёсатчи сифатидаги обрўйи юксалаётганининг яна бир ёрқин тасдиғидир.

Ўзбекистоннинг ШҲТга раислик фаолияти Президент Шавкат Мирзиёевнинг янги ташқи сиёсий оҳангини ҳам акс эттиради. Прагматизм, динамизм ва ташаббускорлик кейинги йилларда ўзбек дипломатияси учун ўзига хос «ташриф қоғози»га айланиб улгурди.

ШҲТ янги даврда қандай бўлиши керак, деган саволга жавоб Ўзбекистоннинг концептуал ёндашувини ўз ичига олган устувор йўналишларда яққол кўзга ташланади, деб фикр юригна муаллиф. Савдо, саноат ва технологик ҳамкорлик, транспорт ва иқтисодий ўзаро боғлиқликни ривожлантириш, инновациялар ва рақамли трансформация ҳамда яшил иқтисодиётни рағбатлантириш кабилар шулар жумласидандир.

Ўзбекистон ШҲТга аъзо мамлакатларни глобал миқёсдаги геосиёсий ва иқтисодий нотинчлик даврида кўп томонлама ҳамкорликнинг аҳамиятини қайта кўриб чиқишга чақиради.

Президент Шавкат Мирзиёев ШҲТнинг Самарқанд саммитида Ташкилот кун тартибини янгилаш ва фаолиятини модернизация қилиш бўйича қатор инновацион ташаббус ва таклифларни тақдим этиши кутилмоқда.

Бугунги кунда ШҲТ катта, муҳим ва жиддий трансформация босқичига кирмоқда. Бу жараён унга аъзо давлатлар сафининг кенгайиши, ташкилот ичидаги ва унинг атрофидаги ўзгарувчан воқеликлар ҳамда Самарқанд саммити доирасида Эрон ШҲТга аъзо бўлиши учун тўғридан-тўғри йўл очадиган мажбурият меморандумини имзолаши кутилмоқда. Бундан ташқари, Миср, Қатар ва Саудия Арабистони билан мулоқот бўйича шерик мақомини берувчи меморандумлар имзоланиши режалаштирилган. Ҳамкор мақомини олиш учун аризалар Баҳрайн ва Малдив ороллари билан тасдиқланиши кутилмоқда.

Саммит доирасида қатор муҳим қарорлар имзоланиши режалаштирилган. ШҲТ доирасида кўп қиррали ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган 30 та мувофиқлаштирилган ҳужжат тайёрланди. Ташкилотчиларнинг фикрича, бу рўйхат янада кенгайтирилади.

Саммитнинг асосий якуний ҳужжати Самарқанд декларацияси бўлиб, унда ШҲТ давлатларининг минтақавий ва глобал муаммоларни ҳал этишда ташкилотни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилашда умумий ёндашувлари акс эттирилади, деб ёзади«Asdaa Oman» газетаси.