Ўн мингга яқин аҳолининг ичимлик сув таъминоти яхшиланади

Самарқанд шаҳрида “Ҳудудларда фуқаролик жамияти институтлари салоҳиятини ошириш: муаммо ва истиқболлар” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Тадбир “Юксалиш” ҳаракати томонидан Швейцария Тараққиёт ва ҳамкорлик агентлиги (SDC)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси кўмагида амалга оширилаётган “Ўзбекистонда маҳаллий фуқаролик жамиятини мустаҳкамлаш ва мулоқот платформаларини яратиш” лойиҳаси доирасида ташкил этилди.

Унда ҳудудларда фуқаролик жамияти институтлари салоҳиятини ошириш, уларни қўллаб-қувватлаш ҳамда институционал барқарорлигини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Айниқса, жойларда фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва жамоатчилик тузилмаларининг иш самарадорлигини ошириш, уларнинг ташкилий ва бошқарув салоҳиятини кучайтириш, давлат органлари билан ҳамкорлик механизмларини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Ҳудудларда фуқаролик жамиятини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари, соҳада мавжуд муаммолар ва уларни бартараф этишга қаратилган амалий ечимлар юзасидан фикр ва таклифлар билдирилди.

“Юксалиш” ҳаракати раиси ўринбосари Умид Ражабовнинг таъкидлашича, бугунги кунда ҳаракат 110 мингдан зиёд аъзоларига эга ва тармоғида 800 дан ортиқ нодавлат нотижорат ташкилотлари, 400 га яқин экспертларни жамлаган. Улар билан ҳамкорликда давлат дастурларининг мониторинги, ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар, тадқиқотлар, ижтимоий, иқтисодий масалалар ҳамда турли йўналишдаги лойиҳа ва акцияларнинг ижроси бўйича тегишли ташкилотларга хулосалар бериб келинмоқда.

– Фуқаролик жамияти қанчалик фаол бўлса, жамиятда очиқлик ва жамоатчилик назорати ҳам шунчалик мустаҳкамланади, – дейди У.Ражабов. – Шу боис давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва жамоатчилик ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш муҳим. Биз ҳам ҳудудларда фаолият юритаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан яқин ҳамкорликда иш олиб боряпмиз. Уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, лойиҳаларини амалга оширишда амалий кўмак бериш ва тажриба алмашиш имкониятларини яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, жорий йил  Самарқандда “Юксалиш” ҳаракати томонидан “Ҳаёт улаш” лойиҳаси доирасида ўн мингга яқин аҳолининг ичимлик сув таъминоти билан боғлиқ муаммоларини ҳал этиш ҳамда “Зиёли келажак” акцияси доирасида мактабларнинг моддий-техник базасини яхшилаш, адабиётлар билан таъминлаш ҳамда вилоят ривожи учун хориждаги йирик  бизнес вакилларини жалб қилиш кўзда тутилган. Шунингдек, Самарқанд шаҳрини ўзи каби дунёнинг тарихий шаҳарлари билан биродарлик алоқаларини ўрнатишига кўмаклашишда давом этамиз.

Тадбир давомида нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари томонидан билдирилган фикр ва таклифлар келгусида амалга ошириладиган лойиҳалар ва ташаббусларда инобатга олиниши қайд этилди.