Ўн минглаб уй фасадига базальт қопланади: Иссиқлик сақлашда у қанчалик аҳамиятли?
Хабарингиз бор, Бош вазир раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида 31 мингта уйнинг фасад қисми босқичма-босқич базальт қопламага ўтказилиши айтилганди. Бундан қаҳратон қишда уйларни иситиш самарадорлигини ошриш кўзда тутилган. Хўш, базальт қоплама нима? Унинг қандай афзалликлари бор? Қуйида шу ҳақда маълумотлар билан танишамиз.
Базальт қопламаси эритилган габбро-базальт жинсидан тайёрланади. Шу сабабли, у "тош юнги" деб ҳам аталади.
Мутахассисларга кўра, у барча турдаги бино ва иншоотларда иссиқликни тутиб туриш учун ишлатилади. Иссиқлик изоляцияси сифатида деворлар, томлар, шифтларда қўллаш мумкин.
Бу қопламанинг яна бир афзаллиги ўтга чидамлилигида. Базальт қопламаси +1114 ° С гача бўлган ҳароратга дош беради ва шундан сўнг эрийди. Лекин ўт чақнашига сабаб бўлмайди.
Катта шаҳарлар ва мегаполислар аҳолиси учун унинг овоз ўтказмаслик хусусияти ғоят қимматли. Базальт изоляцияси биноларни ташқи шовқиндан тўлиқ ҳимоя қилади.
Шу билан бирга ушбу "тош юнги"нинг жисмоний хусусиятлари вақт ўтиши билан ўзгармайди. Таркибининг зичлиги уни ташиш, ўрнатиш жараёнларида деформацияга учраш эҳтимолини йўққа чиқаради. Материал шакли ва ҳажмини ўзгартирмасдан узоқ вақт хизмат қилади.
Қоплама буғ ўтказувчанлик хусусиятига эга. У буғнинг эркин ўтишига имкон беради, бино иқлими соғлом бўлишини таъминлайди ва моғорлашнинг олдини олади. Айнан шу хусусияти билан у "нафас ололмайдиган" полистирол кўпикдан устун туради. Ҳаво таркибидаги намлик ушбу иссиқлик изоляцияси қатламидан осонгина ўтади. Изоляция намланмайди, конденсацияга учрамайди ва ўзининг изоляцион хусусиятларини ўзгартирмайди. Бу материални ҳаммомлар, ювиниш хоналари, турар-жой биноларида бирдек қўллаш имконини беради.
Базальт қоплама таркибида формалдегид буғлари ва бошқа зарарли моддаларнинг йўқлиги уни саломатлик учун энг хавфсиз материаллардан бирига айлантиради.
Биологик бардошлилик
Базальт қопламага турли микроорганизм ва моғорлар хавф сола олмайди. Шунингдек, бундай материалга кемирувчиларнинг, тўғри маънода, тишлари ўтмайди.
Табиийлик
Иссиқлик изоляциясининг асоси соф табиий маҳсулот- габбро-базальтдан таркиб топган. Халқ ичида "момиқ шиша" деб аталувчи қопламада учрагани каби инсон тери ва нафас йўлларини зарарламайди.
Сув ва намга чидамли. Материал сув ва намликни ўзига сингдирмайди.
Маҳсулот енгил вазнга эга. Бунинг натижасида изоляция плиталарини ташиш ва ўрнатиш жуда осон кечади ва кўп ишчи кучи талаб этилмайди.
Шу билан бирга қуйидаги эслатмага ҳам диққат қилиш лозим: Биологик ва кимёвий таъсирларга бардошлилик, сув ва намланишга ўта чидамлилик хусусиятлари маҳсулотнинг яроқлилик муддатини 40-50 йил бўлишини таъминлайди.
Ушбу маҳсулотнинг ҳам зарарли томонлари борми?
Агар ташиш ва ўрнатиш жараёнида шахсий ҳимоя воситаларидан, ҳеч бўлмаганда кўзойнак, қўлқоп, респиратор ва ёпиқ кийимдан фойдаланилса, ўрнатиш билан боғлиқ ҳеч қандай муаммо бўлмайди.
Дилора ХОЛИҚОВА.