Онлайн назорат-касса машинаси “Daniel.uz”га маъқул келди
Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, истеъмолчилар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 сентябрдаги “Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳисоб-китоблар тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш ҳамда ушбу соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ушбу йўналишдаги ишларни сифат нуқтаи назаридан янги босқичга чиқаришга хизмат қилмоқда.
Ушбу ҳужжатга асосан нақд пул тушумига эга тадбиркорлик субъектлари босқичма-босқич онлайн назорат-касса машинаси ёхуд виртуал кассадан фойдаланишга ўтказилиши белгиланган. Жумладан, биринчи босқичда алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, дори-дармон, автомобилларга бензин, дизель ёқилғиси ва газ ёқилғиси савдоси билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари онлайн назорат-касса машинаси ёки виртуал кассадан фойдаланишга ўтказилиши кўзда тутилган. Айни пайтда Самарқанд вилоятида 463 та тадбиркорлик субъекти онлайн назорат-касса машинасидан фойдаланмоқда. Шундан 161 таси алкоголь, 10 таси тамаки, 148 таси дори-дармон, 120 таси АЁҚШ ва АГҚШ ҳамда 24 таси бошқа фаолият билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларидир. Қайд этиш жоизки, жорий йил охиригача вилоятда яна 1748 та тадбиркорлик субъекти онлайн назорат-касса машинасидан фойдаланишга ўтади.
- Онлайн назорат-касса машинасидан фойдаланишнинг афзалликлари кўп, – дейди Самарқанд шаҳридаги “Daniel.uz” масъулияти чекланган жамияти директори Бахтиёр Субҳонов. – Жумладан, фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машиналарини ишлатиш, кассир-операциячи томонидан назорат-касса дафтарини юритиш, иш куни охирида ҳар бир назорат-касса машинаси бўйича кунлик ҳисоботни чиқариб олиш мажбуриятлари бекор қилинди. Бундан ташқари, кунлик ўртача нақд пул тушуми миқдоридан қатъи назар, нақд пулни банк кассаларига инкассация хизматлари орқали ўзимиз белгилаган даврларда ёки мустақил равишда топшириш ҳуқуқига эга бўлдик.
Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси матбуот хизмати.