Тадбиркорлик субъектлари 1 январдан онлайн назорат-касса машинаси ёки виртуал кассадан фойдаланишни бошлайди
Бугун нақд пул тушумига эга тадбиркорлик субъектлари ва харидорларни онлайн назорат-касса машинаси ҳамда виртуал кассадан фойдаланиш масаласи қизиқтирмоқда. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, Президентимизнинг жорий йил 6 сентябрдаги “Савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги ҳисоб-китоблар тизимига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш ҳамда ушбу соҳада жамоатчилик назоратини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига мувофиқ нақд пул тушумига эга тадбиркорлик субъектлари босқичма-босқич онлайн назорат-касса машинаси ёки виртуал кассадан фойдаланишга ўтказилади.
Фармонга кўра, дастлаб 2020 йилнинг 1 январидан алкоголь ва тамаки маҳсулотлари, дори-дармон савдоси, автомобилларга бензин, дизель ва газ ёқилғисини қуйиш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари онлайн назорат-касса машинаси ёхуд виртуал кассадан фойдаланишга ўтади.
– Вилоят бўйича 2220 та тадбиркорлик субъекти 2020 йилнинг 1 январидан онлайн назорат-касса машинаси ёки виртуал кассадан фойдаланишни бошлайди, – дейди Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси шўъба бошлиғи Саидкамол Ибрагимов. – Таъкидлаш жоизки, ҳар қандай янгиликни муваффақиятли жорий этишда тарғибот ва тушунтириш ишлари муҳим аҳамиятга эга. Бугунги кунда вилоят давлат солиқ хизмати органлари ходимлари тадбиркорлар ҳузурига борган ҳолда онлайн назорат-касса машиналари ва виртуал кассаларнинг афзаллиги, улардан фойдаланиш тартиби хусусида тушунтириш ишларини олиб бормоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад тадбиркорлик субъектларининг тушунчаларини кенгайтиришдан иборат.
Дарвоқе, онлайн назорат-касса машинаси ёки виртуал кассадан фойдаланишга ўтган тадбиркорларга ҳисобланган ва тўланиши лозим бўлган фойда солиғи ёки ягона солиқ тўлови ёхуд қатъий белгиланган солиқ суммасини онлайн-НКМни 2021 йил 1 январга қадар давлат солиқ хизмати органларида рўйхатга қўйиш шарти билан, унинг ҳар бирини харид қилиш, ўрнатиш ва ишга тушириш билан боғлиқ харажатлар суммасига, лекин базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан ошмаган миқдорда камайтириш ҳуқуқи берилади.
Умид АЛИМОВ,
Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати ходими.