Оқ ва қора
Афсуски, бу тушунча бизнинг иш ўрнимизни йўқотиб қўйишимиз мумкинлигидан қўрқаётгандек, таассурот уйғотяпти.
Хўш, китоб, адабиёт тарғиботи ҳақида ҳукумат бош қотира бошлаган бир пайтда, нега газета-журнал мутолааси чеккага суриб қўйилиши керак? Бу борада бошқа ҳар қандай изоҳ ортиқча – газета-журнал ўгай фарзандни эслатяпти.
Сабаб, газетани пулга сотиб олиш мумкин. Биз маблағ эвазига сотиб олинадиган нарсаларнинг ҳаммаси устимизни ҳашамдор қилиши, қорнимизни тўқлашига ўрганиб боряпмиз. Онгимиз ҳақида бош қотирётганимиз йўқ. Шу кетиш бўлса, бош қотирмай ҳам қўямиз!..
Таҳририятимиз жамоаси билан бир ой ичида юзга яқин ташкилотда обуна масаласида суҳбатлашдик.
Асосий саволимиз: “Ўтган йиллар давомида мана шу вақтда қўлингизга режа келарди ва сиз газеталарга мажбуран обуна бўлардингиз. Қайсидир газетани ўқисангиз, бошқаси чанг босиб ётарди. Рости, бу услуб биз, газетачиларнинг ҳам меъдамизга уриб кетганди. Мана, энди газетамизни реклама қиляпмиз. Таклифларингизни олгани, камчиликларимизни билгани келдик. Хўш, йил якунланяпти, ўзингиз хоҳлаб бирорта газетага обуна бўлдингизми?”
Ишонинг, мингдан ортиқ зиёлилар ичида бирор киши бирор нашрга обуна бўлдим, демади. Жуда андиша қилгани, “биз энди обуна бўлмоқчи эдик”, деди. Буни қарангки, “Ҳар йили мажбурий обунага ўрганиб қолибмиз, бу йил ҳеч ким мажбурламаганига (!) “қутулдик” деб ўйлабмиз”, деганлар ҳам бўлди.
Очиғи, мутолаасизлик ортидан биз кимга айланиб қолишимиз ҳақида мулоҳаза юритишга қодирмасман, қўрқаман.
Интернетни ёмонотлиқ қилиш, кир қидириш фикридан йироқман. Шунчаки, бу ахборот майдонини ҳам бироз тартибга солиш керак, холос. Газета обунаси учун кетадиган маблағ интернет “обунаси” учун ҳам бир неча баробар ортиғи билан кетади. Буни изоҳлаш, шарҳлаш ўринсиз. Чунки, қайсидир яхши нарсанинг муқобили албатта ёмон бўлиши керак, дейиш нотўғри. Оқ ва қорага ажратиш кулгили. Аксинча, бугун бизда журналистиканинг, ОАВнинг учта эмас, тўртта учоғи бор. Бундан қувониш керак, холос.
Хулоса
Биз сўнгги икки ой ичида жуда катта “натижага” эришдик: одамларни газетадан қўрқитиб қўйдик. Мутолаа учун эмас, мутолаа қилмаслик учун йўл изладик. “Мажбурмассан” деган сўзнинг моҳияти – сен онгли одамсан, мажбурлашмаса ҳам ўқийсан, деган сўз эканини англамадик.
Бугун миллионлаб уйларга телефон, компьютер, уятсиз фильмлар, ароқ, тамаки кириб келяпти. Шулар орасида газета ҳам кириб борса, нимаси ёмон?!
Бир сўз билан айтганда, ОАВ бугун бир-бирини қўллаб-қувватлаши керак. Бир-биридан кир қидирган одам, бошқа соҳанинг афзалликларидан кўз юмган соҳа ёлғиз қолади. Бу мукаммаллик эмас!
Исомиддин ПЎЛАТОВ,
“Жомбой тонги” газетаси муҳаррири.