Оқдарё тумани паррандачиликка ихтисослашади(ми?)

Паррандачилик қишлоқ хўжалигида ва аҳоли даромадларини оширишда истеъмол бозорини сифатли парҳез гўшт ва тухум маҳсулоти билан таъминлашда муҳим тармоқлардан ҳисобланади. Шу боис, соҳани ривожлантиришга алоҳида ёндошув асосида эътибор қаратилмоқда.

Тошкент аграр университети Самарқанд филиалида Оқдарё тумани аҳолисини босқичма-босқич паррандачиликнинг гўшт ва тухум йўналишига жалб этиш мавзусида ўтказилган вилоят семинарида соҳа истиқболлари муҳокама қилинди.

Вилоят ҳокими ўринбосари Ф.Абилов, вилоят прокурори ўринбосари С.Усмонов туманлардаги соҳа масъуллари, тадбиркорлар, томорқачилар иштирок этган семинарда паррандачилик соҳасига оид воситалар кўргазмаси ташкил этилди. Кўргазмада намойиш этилган паррандачилик хўжаликлари учун зарур барча ускуналар вилоятимизнинг ўзида ишлаб чиқарилмоқда.

- Йил бошида вилоятимиздаги паррандалар бош сони 13 миллион 448  мингдан ортиқ эди, - дейди вилоят ҳокими ўринбосари Ф.Абилов. – Бу 2019 йилга нисбатан 584 мингга ёки 4,5 фоизга кўп. Хўжаликлар тоифалари бўйича соҳани таҳлил қилсак, жами парранданинг 47,5 фоизи деҳқон (шахсий ёрдамчи) хўжаликларда, 33 фоизи фермер хўжаликларида, 19,5 фоизи қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширувчи ташкилотлар ҳиссасига тўғри келади. Аслида соҳани янада ривожлантириш учун бундан-да катта имконият мавжуд. Чунки паррандачилик ҳар бир хонадонда йўлга қўйиш ва юқори даромад олиш мумкин бўлган сердаромад соҳа. Бугунги семинар ҳам хонадонларда паррандачиликни йўлга қўйиш орқали аввало, аҳоли даромадини ошириш, қолаверса, бандликни таъминлаш, бозорларда нарх барқарорлигини таъминлаш мақсадида ташкил этилмоқда.

Семинар иштирокчилари институтда ташкил этилган Фермерлар мактаби фаолияти билан ҳам танишди, мутахассислардан паррандачиликни йўлга қўйиш, боқиш ва даромад олиш борасидаги саволларига жавоб олишди.

Шундан сўнг семинар иштирокчилари туманнинг иккинчи сектор ҳудудида жойлашган Даҳбед маҳалласида паррандачиликни йўлга қўйиб даромад олаётган хонадонларда  бўлишди. Масалан, шу маҳаллада яшовчи Мунаввар Усмонова  30 йилдан ортиқ вақтдан буён парранда боқади ва меҳнатининг ортидан оилага яхшигина даромад келади.

- Хонадонимизда 10 хилга яқин парранда, кичикроқ ҳовузда балиқ, 15 оила асалари, қуён, чорва моллари боқамиз, 2 сотих ерга лимон экиб, иссиқхона ташкил этганмиз, - дейди М.Усмонова. – 3 ўғлим, қизим ва келинларим паррандага қараш билан банд. Ўтган йили ўғлим қўлбола инкубатор ясади, ҳозир шу қурилма ёрдамида турли хил парранда тухумларидан жўжа очтиряпмиз. Меҳнатимиз ортидан йилига 40 миллион сўмгача фойда оляпмиз. 

Ушбу маҳалладаги аксарият хонадонлар томорқачиликни даромад манбаига айлантириб, экин экиш, чорвачилик, айниқса паррандачиликдан даромад олишни йўлга қўйган. Семинарда ушбу маҳалланинг тажрибасини оммалаштириш бўйича тавсиялар берилди.

Ўктам ХУДОЙБЕРДИЕВ,

Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).