Оқдарёда жинси мато ишлаб чиқариш йўлга қўйилди

Оқдарё туманида яна бир йирик корхона “Afrosiyob jeans tekstil” МЧЖ ташкил этилди. Европа давлатларидан келтирилган энг сўнгги русумдаги замонавий дастгоҳлар ёрдамида бу ерда йилига 20 миллион погона метр жинси матоси ишлаб чиқарилади. Корхонада ип калава ўраш, бўяш ва тўқиш ишлари амалга ошириладиган 7 та цех мавжуд бўлиб, айни пайтда улардан бештаси синов тариқасида ишга туширилган. Қолган цехларда жиҳозлаш ишлари амалга оширилмоқда.
- Бугунги кунда 250 нафар ишчи-ходим билан фаолият олиб боряпмиз, - дейди корхона кадрлар бўлими бошлиғи Алишер Қараев. - Корхонамиз тўлиқ ишга туширилгач, Оқдарё тумани аҳолисининг яна 500 нафарга яқин ёш йигит-қизлари иш билан таъминланади. Улар учун бу ерда барча шароитлар яратилган. Ошхонамиз ишлаб турибди. Ҳозирча бир маҳал тушликда иссиқ овқат билан таъминланмоқда. Шунингдек, ходимларнинг ишга келиб кетиши учун автобуслар ҳам ташкил этганмиз.
Корхонага келтирилган замонавий ускуналар компьютерлаштирилган бўлиб уларни бошқаришда ўзига яраша мураккабликлар мавжуд. Шунинг учун ҳам бу ерга туркиялик мутахассислар жалб қилинган бўлиб, улар томонидан корхона ходимлари учун амалий машғулотлар ўтказилмоқда.
Тўлқин СИДДИҚОВ.
Бахтиёр МУСТАНОВ (фото).