Оқдарёда табиатга зарар етказган қоидабузар жаримага тортилди

Оқдарё тумани экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси томонидан туманнинг Чорбоғ МФЙ ҳудудида рейд тадбирлари ўтказилди.

Тадбир жараёнида фуқаро Т.Ш. томонидан ўзининг техника воситаси ёрдамида мазкур маҳалладан оқиб ўтувчи Қорадарёнинг муҳофаза қисмида ўсиб турган буталарни, яъни юлғин, жийдаларни илдизи билан қўпориб ташлагани аниқланди.

Бу хатти-ҳаракати билан фуқаро Ўзбекистон Республикаси “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонун талабларини қўпол тарзда бузиб, табиатга жиддий зарар етказаётганлиги маълум бўлди.

Ҳуқуқбузарга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 82-моддаси 2-қисми билан маъмурий баённома тузилди. Ушбу кўрилган ҳуқуқий таъсир чораси натижасида фуқаро Т.Ш.дан базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баробари миқдорида 2 230 000 сўм жарима ва 669 000 сўм табиатга етказилган зарар ундириладиган бўлди.

Бу ҳақда Самарқанд вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.