Оқдарёдаги мактабда ўқувчилардан пул йиғилгани ҳақида ёлғон ахборот тарқатилган

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Оқдарё туманидаги 38-умумтаълим мактаби ўқувчиларидан пул йиғилганлиги тўғрисида эълон қилинган маълумот юзасидан вилоят халқ таълими бошқармаси муносабат билдирди.

Умумтаълим мактабларида ўқувчилар ёки уларнинг ота-оналаридан турли мақсадларда пул йиғиш ҳолатлари учраётганлиги тўғрисида ижтимоий тармоқлар орқали турли фикрлар билдирилмоқда. Айни шундай нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида вилоят халқ таълими бошқармасининг ишонч телефонлари ҳамда бошқарма бошлиғининг телеграм мессенжеридаги рақамлари оммавий ахборот воситалари орқали эълон қилинди.

Бундай саъй-ҳаракатлар албатта, ўз самарасини бермоқда. Бу борада муаммо борки, биз айни шундай ишга қўл урдик. Бироқ мурожаатлар, шунингдек, ижтимоий тармоқлар орқали эълон қилинаётган баъзи маълумотлар асоссиз, нохолис эканлиги ҳам маълум бўлмоқда.

Жорий йилнинг 14 декабрь куни ижтимоий тармоқлардан бирида “Оқдарё туманидаги 38-умумий ўрта таълим мактабида 11-синф ўқувчиларидан баннер учун 30 минг сўмдан пул йиғилаётганлиги” тўғрисида маълумот тарқалди. Шу куннинг ўзида Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси раҳбар ходимлари, бўлим бошлиқлари, Оқдарё тумани халқ таълими бўлими вакиллари мазкур мактабда бўлиб, ижтимоий тармоқ орқали кўтарилган муаммо юзасидан ўрганиш ишларини олиб борди. Ўқувчи ва ўқитувчилар ўртасида аноним сўровномалар ўтказилди. Улардан маълум бўлишича, мактабда ҳеч қандай пул йиғиш ҳолати юз бермаган. Келгусида ҳам бу каби салбий ҳолатларга йўл қўйилмаслиги учун 38-умумий ўрта таълим мактаби директори ҳамда ўқитувчилардан кафолат хатлари олинди. Бугун ушбу мактабда таълим-тарбия олаётган 83 нафар 11-синф ўқувчиларининг синф раҳбарлари билан алоҳида суҳбат ўтказилиб, қатъий тушунтириш ишлари олиб борилди.

Шу ўринда яна бир гап. Бундан аввал ҳам Оқдарё туманидаги худди шу мактабда ўқитувчиларнинг мажбурий меҳнатга жалб қилингани тўғрисида ижтимоий тармоқларда маълумот тарқатилганди. Тегишли тартибда олиб борилган ўрганишлар ушбу масала бўйича ҳам ёлғон ахборот берилгани ўз исботини топганди. Қизиқ, бундай сафсатабозликдан кимга наф?

Таълим муассасаларида ноқонуний пул йиғиш ҳолатларининг олдини олиш, бундай салбий хатти-ҳаракатларга биргаликда қарши курашишда вилоят халқ таълими бошқармаси кенг жамоатчилик ҳамда ота-оналарни ҳамкорликка чақиради. Фуқароларимиз вилоят умумтаълим муассасаларида шундай ҳолатларга дуч келганда бошқарманинг 66-233-93-60 рақамли Ишонч телефони ёки 99-778-55-01 телеграм рақами орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини маълум қиламиз.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.