Оқила аёллар ҳаёт дарсларини ўтишмоқда

"Оқила аёллар" ҳаракати фаолият бошлаганига кўп бўлмади, аммо бу ҳаракат жамиятда аёлнинг ўрни, атрофдагиларга ибрати билан одамлар орасига кириб борди.

Эҳтимол, бу ҳаракат аъзолари тоғни талқон қилгудек ишларни амалга оширмагандир, аммо жамиятда ўз оиласини, ҳаётини, ишини қадрлайдиган хотин-қизлар борлигини ва улар бошқаларни ҳам ўзи билан етаклаши мумкинлигини кўрсатишга ҳаракат қилиб келмоқда.

Самарқандда навбатдаги вилоят "Оқила аёллар" ҳаракати форумида шулар ҳақида сўз борди.

Ҳаракат раҳбари Жамила Сайфиддинова бугун ҳаракат ўз атрофида 20 минг нафардан зиёд хотин-қизларни жамлаган бўлиб, уларнинг фаолияти бевосита маҳалла фаоллари билан ҳамкорликда олиб борилаётганини таъкидлаб ўтди.

- Турмуш, рўзғор юкидан чарчаган аёл баъзида бир оғиз яхши сўзга, эътиборга муҳтож бўлади, "Оқила аёллар" ҳаракати аъзоларининг ўтказаётган самимий давралари мана шундай паллада бир оилага катта ёрдам бериши, уни турли нохушликлардан асраб қолиши мумкин, - деди форумда сўзга чиққан вилоят ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Зебо Саидова. – Бугун жойларда ҳаракат аъзолари томонидан чиройли маънавий давра суҳбатлари, оилаларда, дастурхон атрофида ўтказган йиғинлар аёллар учун ҳаётий машғулотларга айланиб бормоқда. 

Форум давомида, шунингдек, оилалардаги турли нохуш ҳолатлар, можароларнинг олдини олишда ички ишлар идоралари, маҳалла фаоллар билан ҳамкорликнинг аҳамияти хусусида ҳам сўз борди. Оила-турмуш доирасидаги жиноятлар сонини камайтириш йўлида "Оқила аёллар" ҳаракати фаоллари билан ҳамкорликка келишилди. 

Ҳаракатнинг фаол аъзолари рағбатлантирилди.