Ўқитувчи - йўналтирувчи, сунъий интеллект - ёрдамчи, ўқувчи - фаол иштирокчи
Дунё таълим тизими рақамли трансформация босқичини бошдан кечирмоқда. Бугун таълим жараёни фақат синфда ўқитувчи тушунтирадиган дарс билан чекланмаяпти. Электрон платформалар, онлайн ресурслар, интерфаол контентлар, масофавий ўқитиш тизимлари ва сунъий интеллект (СИ) асосидаги хизматлар таълимнинг ажралмас қисмига айланмоқда.
Юртимизда рақамли таълимни ривожлантириш, мактабларни технологик жиҳатдан модернизация қилиш, ўқувчиларнинг рақамли саводхонлигини ошириш масалалари тобора долзарблашиб боряпти.
Сунъий интеллект – “ёрдамчи”
Сунъий интеллектни таълимда “ўқитувчи ўрнини босувчи” деб эмас, ўқитувчига ёрдамчи, деб тушуниш тўғрироқ. Чунки СИ биринчи навбатда, ўқитувчининг такрорланувчи, кўп вақт оладиган техник ишларни енгиллаштиради, тестларни текшириш, кундалик ва рейтингларни автоматлаштириш, ўқувчи фаоллигини мониторинг қилиш, индивидуал топшириқларни танлаш имконини беради.
Бугунги кунда дунёда “мослашувчан таълим”, деган ёндашув кенг тарқалмоқда. Унинг асосий мазмуни шуки, ҳар бир бола бир хил тезликда ва бир хил усулда ўрганмайди. Кимдир математикани тез ўзлаштиради, кимдир кўпроқ машқ қилади, кимдир визуал материални яхши қабул қилади, бошқаси эса аудио ёки амалий машғулот орқали билимларни ўзлаштиради. Сунъий интеллект айнан шу фарқларни таҳлил қилиб, ўқувчи учун шахсий таълим йўналишини таклиф қила олади.
СИ қаерда энг самарали ишлайди?
Ўзбекистон мактабларида СИ технологияларини жорий этиш бир неча йўналишларда самарали бўлиши мумкин. Биринчидан, СИ асосидаги баҳолаш воситалари тест натижаларини тез текширади, хатоларни таҳлил қилади ва ўқитувчига қайси мавзу қийин бўлаётганини айтади. Бу ўқитувчига дарсни қайта режалаштириш, қўшимча тушунтириш ва индивидуал ёндашувни кучайтириш имконини беради.
Иккинчидан, ўқув материалларини ишлаб чиқишда СИ ўқитувчига мос мавзуда машқлар, қисқа тестлар, назорат саволлари, конспект ва тақдимотлар тайёрлашда ёрдам беради. Бу ўқитувчининг вақтини тежайди, дарсга тайёргарлик сифатини оширади.
Учинчидан, СИ асосидаги виртуал ёрдамчилар ўқувчига уй вазифасини тушуниш, мавзуни такрорлаш, қўшимча мисоллар кўриш, изоҳлар олиш каби жараёнларда ёрдамчи бўла олади. Албатта, бунда назорат ва тўғри йўналтириш бўлиши шарт. СИ ўрнига ўйлаш эмас, ўйлашга ёрдам бериш тамойили устувор бўлиши керак.
Тўртинчидан, ногиронлиги бўлган ўқувчилар учун матнни овозга айлантириш, субтитрлар, талаффуз бўйича кўмак, шахсийлаштирилган дарс режаси каби имкониятлар орқали СИ таълимнинг тенглигини оширишга хизмат қилади.
Истиқболда қандай натижалар кутилади?
Агар СИ технологиялари мактаб тизимида тўғри жорий этилса, бир неча ижобий натижаларни кутиш мумкин.
Жумладан:
- ўқувчилар билимида “бўшлиқ”ларни эрта аниқлайди ва бартараф этади;
- ўқитувчининг юкламасини камайтиради ва унда методик-ижодий ишларга вақт бўлади;
- дарсларнинг қизиқарли, интерфаол ва амалий бўлишини таъминлайди;
- таълим натижаларини аниқ таҳлил қилиб, бошқарув қарорларини маълумотга асосланган ҳолда таҳрирлайди;
- ўқувчиларни келажак касбларига мос рақамли компетенсиялар билан тайёрлаш имконини яратади.
Бундан ташқари, СИ орқали фанларни интеграциялаш ҳам осонлашади. Масалан, “информатика + математика + физика” йўналишларида амалий лойиҳалар қилиш, маълумотлар билан ишлаш, оддий алгоритмлар тузиш, модел яратиш каби кўникмалар шаклланади.
Аммо ҳар қандай янгилик каби сунъий интеллектни таълимга жорий этишда ҳам бир қатор муаммолар бор. Аввало, мактабларда интернет тезлиги, компьютерлар сони, техник хизмат кўрсатиш, электр таъминоти каби масалалар СИни амалиётга жорий этишда ҳал қилувчи омил ҳисобланади.
СИ воситалари ўз-ўзидан натижа бермайди. Ўқитувчи уни тўғри ишлата олиши, дарс жараёнига мослаштириши, ундан методик фойда чиқара билиши керак. Шунинг учун малака ошириш курсларида сунъий интеллект ва рақамли педагогика йўналишлар кучайтирилиши зарур.
Ўқувчи СИдан “тайёр жавоб кўчириб олиш” учун фойдаланмаслиги шарт. Бунинг учун топшириқларни ижодий, лойиҳа асосида, тушунтириш ва таҳлил талаб қиладиган кўринишда бериш муҳим. Ўқувчиларнинг шахсий маълумотлари ва таълим натижалари билан ишлашда махфийлик, киберхавфсизлик, ота-оналар розилиги каби жиҳатлар ҳам қатъий эътиборда бўлиши мақсадга мувофиқ.
Хулоса ўрнида айтганда, сунъий интеллект - бу имконият. Мамлакатимизда сунъий интеллектдан фойдаланиш истиқболлари жуда катта. Бироқ у тўғри бошқарилсагина натижа берадиган технологик восита саналади. Таълимда энг муҳим омил - инсон. Сунъий интеллект эса шу инсоний имкониятларни кенгайтиради, таълимни шахсийлаштиради ва самарадорликни оширади.
Фаррух ҚОДИРОВ,
Шаҳрисабз давлат педагогика институти математика ва таълимда ахборот технологияси кафедраси мудири, доцент.