Баъзи одамлар пул топишнинг бошқа йўлини излаб топишга мажбур бўлишади.
Сунъий интеллект (СИ) аллақачон ҳаётимизнинг бир қисми бўлиб қолишга улгурди, чунки маиший техника, чўнтак гажетлари, компьютерлар ва кўплаб жараёнларни бажарадиган роботлар одамлар кўмакчисига айланиб қолган. Технология жадал ривожланиб кетиши асносида мутахассислар яқин келажакда СИ қайси касбларни эгаллаб олиши мумкинлиги ҳақида фикр юритмоқда.
Хўш, кейинги 5 йил ичида СИ кимнинг ўрнини эгаллаши мумкин?
“Pew Research” тадқиқот маркази сўрови натижалари америкаликларнинг 52 фоизи сунъий интеллект одамларни четга суриб қўйишидан хавотирда эканлигини кўрсатди.
“Indeed” (иш изловчи-даъвогарлар сайти) ўзининг “эълонлар тахтаси”да қуйида келтирилган 11 та иш ўринлар рўйхатини жойлаштирди:
• Ишлаб чиқариш – роботлар маҳсулотларни йиғиш, текшириш, синовдан ўтказиш ва қадоқлаш ишларини бажариши мумкин, бу эса ушбу жараёнларни бошқарадиган одамларга зарурат йўқлиги ҳақида гапиради.
• Армия – СИ разведкачи бўла олади; шунингдек, уни маълумотлар тўплаш, таҳлил қилиш, душман хатти-ҳаракатларини прогнозлаш ва таҳдидларга автоматик равишда жавоб қайтаришга ўргатиш ҳам осон.
• Чакана савдо – ишлаб чиқувчи мутахассислар робот сотувчи, қадоқловчи, товаршунос, фаррош ва ҳатто савдо вакилини алмаштира олиши мумкин, деб тахмин қилишади.
• Логистика ва транспорт хизматлари - сунъий интеллект такси ҳайдовчилари, ҳайдовчилар, курьерлар ва логистика мутахассисларининг хизмат вазифаларини аъло даражада бажариши мумкин.
• Онлайн савдо - СИ иловалари ҳеч қандай тўсиқ ва муаммосиз мижозлар ҳақида маълумот олиш, уларни таҳлил қилиш, уларга қўнғироқ қилиш, СМС юбориш, консультация бериш ва товар сотиш имкониятига эга.
• Маълумотлар таҳлили - катта ҳажмдаги маълумотларни тўплайдиган ва қайта ишлайдиган барча компаниялар ўз эҳтиёжлари учун СИдан фойдаланишлари мумкин.
• Молиявий таҳлил - сунъий интеллект ҳисобчи ёки молиячи каби молиявий ҳисоботларни тайёрлаш, маблағлар оқимини таҳлил қилиш имкониятига эга.
• Инвестициялар – роботлар бозордаги тебранишлар ва компания фаолият соҳасини ҳисобга олган ҳолда таваккалчиликларни бошқариши ва турли хил активларнинг бир-бирига таъсир қилиши, уларнинг самарадорлиги ва хавфи, қарорларнинг инвестор мақсадларига боғлиқлигини тушуниш жараёни ҳисобланадиган иш портфелини яратиши мумкин.
• Кўчмас мулк – кўчмас мулкда сунъий интеллектдан фойдаланиш риэлторларнинг ўрнини босади, чунки робот уй-жойнинг уч ўлчовли расмини яратиши, энг яхши таклифларни топиши, ҳужжатларни тайёрлаши ва “олди-сотди”сини амалга ошириши мумкин.
• Солиқ тизими - сунъий интеллект одам ўрнига маълумотларни киритиш, ҳисоб-китобларни амалга ошириш ва ҳисоботларни тайёрлашга қодир.
• Туризм – сунъий интеллект иловаси сайёҳлар учун турлар уюштириши, турар жой ва чипталарни топиши ва ҳатто саёҳат маршрутини тузиб бериши мумкин.
• Таржималар - ҳатто ҳозир ҳам нутқни бир тилдан бошқа тилга онлайн таржима қилиш имконияти бор. Сунъий интеллект бор жойда таржимонлар фаолиятига зарурат бўлмайди.
Кўриб турганимиздек, нейротармоқ касб эгалари ўрнини боса олиши мумкин бўлган рўйхат жуда кенг, бироқ бир тафсилот тушунишга арзийди. Ҳозирча ишлаб чиқувчи мутахассислар бу соҳаларнинг ҳар бирида одамлар умуман керак бўлмайди, деб даъво қилишганича йўқ.
Аксинча, сунъий интеллект хатоларга йўл қўймаслик ва уларни бартараф этиш керак бўлган баъзи мунтазам ва мураккаб вазифаларни бериш учун керак. Шунда инсон-ходимлар ўз эътиборини бошқа муҳимроқ нарсаларга қарата олади- деб таъкидлайди мутахассислар.