Ўқитувчилар махсус электрон платформа орқали ҳам малака ошириши мумкин

Платформадан қандай фойдаланиш кераклиги барча мактаб информатика ўқитувчиларига ўргатилган. Бу ҳақда вилоят Матбуот уйида бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилинди. 2022 йилда вилоятда 51 612 нафар педагог-ходимларнинг малакасини ошириш режалаштирилган.
- 2021 йил 1 мартдан бошлаб малака ошириш тизимининг барча муқобил шакллари орқали ўқитувчиларга қулай бўлган вақт ва шароитда 1 йилда бир маротаба халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш жараёни олий таълим муассасалари, лицензияга эга нодавлат таълим ташкилотлари ва малака ошириш ҳудудий марказларида ва “Узлуксиз касбий таълим” махсус электрон платформаси (18 кредит балл) орқали ҳам ўқиш имкониятига эга бўлди, - деди вилоят халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш маркази директори Аъламжон Ибрагимов. - Халқ таълими ходимлари эҳтиёж ва имкониятлардан келиб чиқиб, мазкур таълим шаклларининг бири орқали ўз касбий билимини ошириб боради.
Шунингдек, ўқитувчиларга малака тоифасини бериш ва сақлаб қолиш, уларни аттестациядан ўтказиш масалалари йил давомида амалга оширилади.
Илгари халқ таълими муассасалари ходимлари 5 йилда бир маротаба малака оширган бўлса, энди улар қарорда белгиланган талабларга кўра, узлуксиз тарзда ўзини касбий ривожлантириши учун доимий малакасини ошириб боради. Қолаверса, «Узлуксиз касбий таълим» махсус электрон платформаси орқали ходимларнинг индивидуал касбий ривожланиш траекторияси тузилади.
Эслатиб ўтамиз: вилоятда халқ таълими тизимида 57 359 нафар педагоглар фаолият юритаётган бўлса, шундан 49 982 нафари олий маълумотли, 2115 нафари тугалланмаган олий, 5262 нафари ўрта махсус маълумотли ўқитувчилардир. Ўқитувчиларнинг 1808 нафари олий тоифали, 6461 нафари биринчи тоифали, 11907 нафари иккинчи тоифали ҳамда 29806 нафари мутахассис ўқитувчиларни ташкил этади.