Ўқитувчини ишдан бўшатиш ҳақидаги буйруқ ноқонуний бўлиб чиқди, директор жавобгарликка тортилди
Жомбой туман 10-сон болалар мусиқа ва санъат мактабида ишлаган ўқитувчи шу йилнинг май ойида ишдан бўшатилган. Бундан норози бўлган ўқитувчи эса туман адлия бўлимига мурожаат қилган.
Бўлим томонидан мурожаат асосида олиб борилган ўрганишлар давомида ўқитувчи Х.А. билан тузилган меҳнат шартномаси мазкур мусиқа ва санъат мактаби директорининг жорий йил 10 майдаги 32-сонли буйруғига асосан Меҳнат кодексининг 168-моддаси 3-банди ҳамда 170-моддасига асосан бекор қилинганлиги маълум бўлди. Бундан ташқари, ўрганишда мутахассис сифатида жалб этилган туман камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлими вакили томонидан тақдим этилган маълумот бўйича муассаса раҳбарининг юқорида қайд этилган буйруғида фуқаро Х.А. ички меҳнат тартиб-қоидаларни мунтазам равишда бузиб келганлиги сабаб ушбу ҳолат Кодекснинг 161-моддаси 4-банди билан малакаланмасдан, қонунчиликка зид равишда ушбу Кодекснинг 168-моддаси 3-банди билан нотўғри малакаланганлиги қайд этилган.
Қизиғи, Жиноят ишлари бўйича Жомбой туман судининг 2023 йил 5 майдаги қарорига асосан Х.А.га Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик содир этгалиги учун 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланганлиги важи билан иш берувчи томонидан касаба уюшмасида унинг хабардорлиги ва иштироки таъминланмасдан, меҳнат шартномасини бекор қилиш масаласи кўриб чиқилган ва буйруқ расмийлаштирилган. Мазкур буйруқ билан эса фуқаро ҳатто таништирилмаган.
Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 168-моддаси 3-бандида ходим суднинг қайси ҳукми билан аввалги ишини давом эттириш имкониятини истисно этадиган жазога ҳукм қилинган бўлса, ўша суд ҳукмининг қонуний кучга кирганлиги, шунингдек, суднинг қарорига биноан ходимнинг ихтисослаштирилган даволаш-профилактика муассасасига юборилганда меҳнат шартномасини тарафларнинг хоҳиш-иродасига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра бекор қилиш асослари сифатида кўрсатиб ўтилган.
Бундан ташқари, қонунчиликда меҳнат шартномаси ходимнинг айбли ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) муносабати билан бекор қилинганда камида уч кун олдин иш берувчи ўзининг меҳнат шартномасини бекор қилиш нияти ҳақида ходимни ёзма шаклда (имзо қўйдириб) огоҳлантириши шартлиги белгилаб қўйилган.
Мазкур муассаса раҳбари С.М. ушбу ҳаракатлари билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 49-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этган. Кўрилган таъсир чоралари натижасида ноқонуний ишдан бўшатилган ходим ишга тикланди ҳамда унга шу йилнинг 5 июнига қадар тўланмаган ойлик маоши тўланиши таъминланди. Шунингдек, қонунларни бузиб, ходимни ноқонуний ишдан бўшатган мактаб директори маъмурий ва интизомий жавобгарликка тортилди.