Ўқувчилар давомати: e-maktab’да 100 фоиз, аслида-чи?

Бугун умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчиларнинг давомати кўнгилдагидек эмас. Айниқса, айрим юқори синф ўқувчилари олий таълим муассасасига кириш мақсадида мактаб раҳбарияти билан келишиб, мактабга эмас, ўқув марказларига қатнамоқда.
Тойлоқ туманидаги 16-умумий ўрта таълим мактабида бўлиб, ўқувчилар давоматини ўргандик.
Мактаб тумандаги Навбаҳор маҳалласида жойлашган бўлиб, сиғими 246 ўринга эга, бироқ бола сони кўплиги боис 495 нафар ўқувчи таълим олмоқда. Табиийки, икки сменада ўқийдиган ўқувчилар учун мактабда қўшимча дарс ва тўгараклар ўтишга шароит йўқ. Ҳатто ўқитувчилар хонасидан маънавият ва компьютер хонаси сифатида фойдаланиб келиняпти.
Дастлаб мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Гулиой Ражабова бизга янги ўқув йили бошланганидан буён ўқувчилар давомати 100 фоиз экани ва ушбу кўрсаткични ҳар куни e-maktab платформасига киритишини айтди. Давомат ҳақида Тойлоқ тумани мактабгача ва мактаб таълими бўлимига ва туман ички ишлар бўлимига кунлик ҳисобот беришини билдирди.
Биз борган куни, яъни 23 сентябрь ҳолатига ўқувчилар давомати 98 фоиз экани, айрим ўқувчилар касаллиги туфайли дарсга келолмаганини айтди.
Асосан юқори синфлар давомати билан қизиқдик. Мактабда учта 10-синф ва битта 11-синф бўлиб, уларда 87 нафар ўқувчи таълим олар экан.
10 “А”-синфида 22 нафар ўқувчи бўлиб, дарсга 16 нафари келган. Улардан 2 нафари бетоб, 2 нафари сабабсиз келмаган, 2 нафари мактаб раҳбариятидан жавоб олиб, “репетитор”га кетибди.
10 “Б”-синфида 21 нафар ўқувчи бўлиб, улардан 13 нафари дарсга келган. Директор ўринбосарининг айтишича, 3 нафари жавоб олган, 5 нафари “репетитор”га кетган. Мантиқан олиб қараганда, қўшимча дарсга кетганлар ҳам мактаб раҳбариятидан жавоб сўраган. Хуллас, бир синфдан 8 нафар ўқувчига жавоб бериб юборилган.
10 “Д”-синфида 23 нафар ўқувчидан 15 нафари дарсга келган. Жисмоний тарбия ўқитувчиси келмагани учун бу синф ўқувчиларини математика муаллими Баҳора Бозорова синфда олиб ўтирибди. Хуллас, ушбу синфда дарс ҳам тайинли бўлмаётгани ойдинлашди.
- Охирги соатларимизга жисмоний тарбия, ЧҚБТ (чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик) каби муҳим бўлмаган фанларни қўйганмиз, - деди директор ўринбосари Г.Ражабова. – Ўқув марказларига борадиган ўқувчиларга ўша дарсларда ўзимиз жавоб берамиз. Сабаби, юқоридагилар биздан ўқувчилар “репетитор”га боряптими, деб сўрашяпти.
Директор ўринбосарининг гапига қараганда, туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимидан ўқувчиларни дарсга эмас, ўқув марказларига бориши ҳақида топшириқ берилаётган эмиш. Шунинг учун 11-синфнинг мавжуд 21 нафар ўқувчисидан 18 нафари дарсга келган. Хуллас, мактабда 10-11-синфларда жами 25 нафар ўқувчи дарсда йўқлигига гувоҳ бўлдик. Бу мактаб ўқувчиларининг салкам 5 фоизи дегани. Биз бошқа синфларда бетоблиги ёки бошқа сабаб билан мактабга келмаган ўқувчиларни қўшганимиз йўқ.
Ушбу ҳолатдан “бизда ўқувчилар давомати 100 фоиз”, деб турган директор ўринбосари мулзам бўлди. Аслида унда ҳам айб йўқ, у буйруқни бажаряпти, яъни “репетитор”га борадиган юқори синф ўқувчиларини дарсдан озод қиляпти. Чунки мактаб раҳбарларининг мақсади, нима бўлса ҳам битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичини ошириш, мактаб рейтингини кўтариш бўлиб қоляпти.
Тўғри, мактаб рейтингини кўтариш керак. Аммо бу ҳаракат дарс вақтида ўқувчиларга жавоб бериб юбориш билан амалга оширилмаслиги лозим. Ўқувчи дарсдан кейин ҳам қўшимча дарсларга бориши мумкин-ку! Дарсдан кейин ўқувчида етарлича вақт бўлади. Бироқ буни тушунмайдиган раҳбарлар мактаб таълимини писанд қилмасдан, ўқувчиларни “репетитор”га боришини талаб қилаётгани ачинарли ҳол.
Аслида, ушбу муаммо бугун деярли барча мактабларда мавжуд. Бунинг олдини олиш учун ички ишлар органларининг вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологлари (катта инспектор-психологлари) Миллий гвардия тузилмасига ўтказилиб, миллий гвардия ходимлари мактабларда ўқувчиларнинг дарсга келишини назорат қила бошлади. Бу ҳолат баъзиларга ёқмади, албатта.
Янги ўқув йилидан бошлаб, мактаб ўқувчиларининг давоматини назорат қилиш яна ички ишлар органларига юклатилди. Энди ўқувчи мактабга келмаса, унинг синф раҳбари бу ҳақда маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарига айтади. Директор ўринбосари дарсга келмаган ўқувчи ҳақида ички ишларга хабар беради.
Қонунчиликка кўра, бола мактабга келмаса, ота-она маъмурий жавобгарликка тортилади, яъни уларга жарима қўлланиши белгиланган. Республикамизда 2025 йилнинг январига қадар боласи мактабга бормаган ота-оналарга 44 450 та маъмурий жазо чоралари қўлланилган. 175 мингга яқин ота-оналарга огоҳлантириш хатлари юборилган.
Масаланинг хавфли томони шундаки, ўқувчиларда “репетитор”га борсам ўқишга кирар эканман, мактаб етарлича таълим бермайди, деган фикр шаклланяпти. Ўқувчи аслида билим пойдеворини мактабдан олаётганини унутиб қўйяпти.
Нима бўлган тақдирда ҳам мактабда қатъий интизом бўлиши, ўқувчи вақтида дарсларга қатнашиши лозим.
Хуршида ЭРНАЗАРОВА.