Орифжон Икромов: “Бир мисра умрга бўлар андоза”
Шоир, адабиётшунос олим Орифжон Икромов 1926 йил 2 сентябрда Жиззах вилоятининг Жиззах туманидаги Москва колхозида туғилди.
1934-1944 йилларда Жиззах шаҳридаги ўрта мактабда ўқиди. Сўнгра Самарқанддаги Ўзбекистон давлат университети (ЎзДУ)нинг филология факультетида таҳсил олди.
1949 йилда университетни имтиёзли диплом билан тугатиб, ЎзДУнинг ўзбек адабиёти кафедраси ҳузуридаги аспирантурага ўқишга кирди, 1956 йилда доцент бўлди.
Орифжон Икромов 1956-1962 йиллар давомида СамДУ ўзбек адабиёти кафедрасининг доценти, декан ўринбосари, факультет декани вазифасида ишлади.
1964 йилда у Қарши давлат педагогика институтининг ректори қилиб тайинланди. 1967 йилдан умрининг охиригача эса Самарқанд давлат педагогика институтининг ректори ва ўзбек адабиёти кафедрасининг мудири бўлиб ишлади.
Орифжон Икромов ижодий куч-қувватга тўлган бир пайтда, 1971 йил 18 июлда 45 ёшида вафот этди.
Дастлабки шеърий тўплами - “Гул фасли” 1970 йилда чоп этилди. Шундан кейин шоирнинг “Юрак тўлқинлари”, “Ўзбек романларида ижобий қаҳрамон”, “Танланган асарлар”и тўпламлари нашр этилган.
***
Баҳористон – бахтлар макони
Эрур мангу Ватаним маним
Шу диёрда кўрдим жаҳонни,
Шу диёрдир маним чаманим...
Эй, Бахтистон, толеимга сен
Қуёш каби қорайма асло.
Дард кўрмайин қучоғингда мен,
Сенга айлай жонимни фидо!
***
Бир мисра битолмас одамлар ҳам кўп,
Бир мисра умрга бўлар андоза.
Эҳ, шоир яратган шеърлари билан,
Бир ҳайкал яратса қандайин соз-а!