Ўрмон хўжалигида фақат дарахт ўсмайди

Вилоят Матбуот уйида вилоят ўрмон хўжалиги бошқармасига қарашли  Оқдарё ўрмон хўжалиги директори ўринбосари, бош ўрмонбеги Музробхон Сайдалиев иштирокида ўрмонларни кенгайтириш ва ўрмон фонди ерларидан самарали фойдаланиш мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Оқдарё давлат ўрмон хўжалиги тасарруфида қарийб 812 гектар ер майдони бўлиб, 210 гектар ўрмонзор, 168,1 гектар теракзордан ташқари 1,8 гектар ёнғоқзор. Шунингдек, 150 гектар суғориб ҳайдаладиган ер, 54,6 гектар боғ, 1,8 гектар узумзор, 7,7 гектар кўчатхона, 200 гектар яйлов бор.

- Ўрмон фондининг ўзлаштирилмаган 72,7 гектар майдонида доривор гиёҳлар ва ёнғоқ етиштирилмоқда, - дейди М.Сайдалиев. – Жорий йилда "Дархон" ўрмон хўжалигидан 20 минг туп павловния, 35 минг туп терак кўчатлари уруғини олиб келиб, парваришлаяпмиз. Хўжалигимизнинг “Холдор” бўлимида 51,1 гектар, “Оқсулот”да 6,20 гектар, “Бойбўта” бўлимида 8,1 гектар ҳамда  “Ғалаба” бўлимида янги ўрмонлар барпо этдик.

Бугунги кунда Оқдарё давлат ўрмон хўжалиги ҳудудида аҳоли билан шартнома асосида асаларичилик, эчкичилик, балиқчилик, чорвачилик, паррандачилик соҳалари ҳам ривожлантирилмоқда. Жумладан, жорий йилда 70 та асал уясидан 1 тонна асал йиғиштириб олинди. Наъматак, лаванда каби 5-6 та доривор гиёҳлар аллақачон ҳосилга кирди. Паррандачиликка ихтисослашган хўжаликларда мингдан зиёд товуқ ва 500 га яқин ўрдак боқиляпти.

Анжуманда ўрмон хўжалиги мутахассислари журналистларнинг қизиқтирган саволларга жавоб берди.