...Орол йиғламоқда, кўзда ёши йўқ. Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Ўрозбой Абдураҳмоновга очиқ хат

Ассалому алайкум, дўстим Ўрозбой!

2017 йилда Тошкентдаги "Нав­рўз" нашриётида нашрдан чиққан "Орол қандай қуриди?" номли китобингизни ҳаяжон билан ўқидим. Хаёл тулпори ўша ўтган асрнинг 60-йилларида ТошДУ журналистика факультетида бирга ўқиган йилларимизга олиб кетди. Орзу-умидларимиз бисёр, Ватанга меҳримиз бўлакча эди. Сизнинг айниқса, асов тўлқинлари узра оқчарлоқлар чарх урган Орол денгизига меҳрингиз, у ҳақида жўшиб сўзлашингизга ҳавасимиз келарди. Энди эса ўша Орол ҳақида уни Ер юзи харитасидан ўчиш хавфи қалбингизга солган оғриқ менинг юрагимга ҳам кўчди.

Ўрозбой! Орол фожиаси, унинг қуриш сабаблари инсон омилига бориб тақалиши, Ўзбекистонни ўзининг пахта монополиясига айлантиришга интилган собиқ иттифоқнинг калтабин сиёсати оқибатлари эканлиги ҳақида республикамизда ҳам, дунё миқёсида ҳам ярим асрдан буён бонг уриб келинмоқда. Денгизнинг қуриши нафақат Марказий Осиё, балки бутун дунё иқлими, табиати, экологиясига ўнглаб бўлмас зарба бўлиши такрор ва такрор айтилмоқда. Китобингизда Оролни қутқариш ҳақидаги фикрлар, амалий ишларга даъват қалбимда денгизнинг асраб қолинишига умид уй­ғотди. Ўйлайманки, бу ҳақдаги фикр­ларингиз, илгари сурган ғояларингиз бошқа китобхонларни ҳам бефарқ қолдирмайди.

Ҳа, чин инсонни, содиқ фарзандни она Ватанидан бошқа дарди бўлиши мумкинми? Ватан ўзи нима? Киндик қонинг тўкилган гўша, бағрида сени ардоқлаб вояга етказган она ер, унинг суви, ҳавоси эмасми? Китобингизда ҳар бир сатр Орол фижиаси, унинг бошига тушган кулфат, уни асраб қолиш шу юрт фарзандларининг бурчи эканлиги ўқувчи қалбида Ватанга меҳр туйғусини уйғотади.

Ўрозбой, дўстим! Сизга бу очиқ хатни ёзишга ундаган дард китобингизда Орол нафақат юртимиз фар­зандлари, балки ҳаётимиз гултожи бўлган она сайёрамиз башариятидан фарёд чекиб, илтижо билан нажот сў­раётгани бўлди. Дар­ҳа­қиқат, сиз алам ва дард билан ёзганингиздек, биз умр­гузаронлик қилаётган Оллоҳнинг бебаҳо неъмати – гўзал табиат, унинг тўлқин мавж урган денгиз, кўллари, ҳаётбахш булоқлари бўлмаса, яшашдан не маъно. Китобни ўқир эканман, сиз билан бирга баралла фарёд чекгум, қуриб бораётган денгизнинг оҳу нолалари, бир томчи сувга зор, ташналигидан дод дегим келади. Бу нафақат бизнинг, барча соғлом фикрли ер юзи аҳлининг дардидир. Уни жасорат билан кўтариб чиққанингизни қутлайман.

Орол фожиасининг бошланишини эсласак, кўз ўнгимизга юртимизни мустамлакага айлантирган зўравон тузум, унинг бошида кўпроқ янги ерлар ўзлаштириб, Сирдарё ва Амударё сувининг Оролга қуйилишига чек қўйган мудҳиш тузум келади. Оқибат шу бўлдики, собиқ иттифоқ иқтисодиётининг стратегик қудратига айланган пахта яккаҳокимлиги нафақат заминимизни эгаллаб олди, балки бебаҳо еримизни заҳар-заққум билан заҳарлади, Оролга қуйилаётган сув йўлларида қурилган ғовлар – Туямўйин, Тахиатош каби улкан тўғонлар, Арнасой, Айдаркўл, Денгизкўл, Тўдакўл, Сариқамиш ва бошқа ўнлаб катта-кичик кўллар пайдо бўлиб, денгизимизни ҳалокатга, бир томчи сувга зорликка маҳкум этди. Шу ўринда китобингиздаги нидоларга ҳамоҳанг равишда тилимга туғёнли сатрлар келади:

…Орол йиғламоқда, кўзда ёши йўқ,

Орол ташна аммо томчи суви йўқ.

Албатта, Оролни сақлаб қолиш, экологиясини тиклаш, оролбўйи халқ­ларининг ижтимоий аҳволи, саломатлигини яхшилаш ҳақида соғлом фикрли инсонлар – давлат арбоблари, олиму ёзувчилар П.Шерму­ҳаммедов, Ч.Айтматов, А.Сахаров, В.Дубинин ва бошқалар юксак минбарлардан бонг урди, жаҳон ҳамжамиятини денгизни қут­қаришга чақирди. 1993 йил март ойи­да Қизил Ўрдада Ўрта Осиё ва Қозоғистон давлатлари бошлиқлари учрашувида "Орол денгизи танглигини ҳал этиш юзасидан биргаликда ҳаракат қилиш тўғрисида" битим имзоланди. Ўша йили 28 октябрда, 2000 йил 12 сентябрда Биринчи Президентимиз Ислом Каримов БМТ Бош Ассамблеясида Орол муаммосини бутун дунё фожиаси деб БМТ қошида махсус Оролга бағишланган қўмита тузишни таклиф этганди.

Бу долзарб муаммога Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида жаҳон ҳамжамияти эътиборини яна бир бор қаратди. Президентимизнинг Оролни қутқариш халқаро жамғармаси ташкил этиш ташаббуси маъқулланди.

Махсус дастурга кўра, Орол денгизининг сувсиз ҳудудида бу йил 500 минг гектар ўрмонзор барпо этилади. Президентимиз Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида бу борада, жумладан, Мўйноқ туманида барча зарур инфратузилмага эга замонавий шаҳарча бунёд этиш юзасидан долзарб вазифаларни белгилаб берди. Унга кўра, тумандаги собиқ балиқ консерва заводи ҳамда 5-қурилиш бошқармаси ҳудудидаги жами 20,5 гектар ер майдонида саноат зонаси ташкил этилади. Ушбу кичик саноат зонасида 13 та лойиҳа рўёбга чиқарилиши режалаштирилган ва айни пайтда умумий қиймати 6 миллиард 282 миллион сўмлик 8 та лойиҳа иш бошлаган. Замонавий консерва заводини 2019 йил 1 сентябрга қадар ишга тушириш кўзда тутилган, бу корхона йилига 9 миллионта балиқ консерваси тайёрлаш имконини беради. Шунингдек, Орол денгизи ҳудудида ўрмон барпо этиш авжида. Айни дамда бу ишга 500 дан зиёд техника жалб этилган ва қисқа муддатда 80 минг гектар ерда саксовул экилди. Умумий қиймати 50 миллион АҚШ долларилик 18 та инновацион лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш, шу йилнинг ўзида 4 минг кишининг бандлигини таъминлаш чоралари кўриляпти.

Ўрозбой! Китобингиз Орол фо­жиасига сабаб бўлган омиллар, уларни бартараф этиш, экологик ҳалокатга йўл қўймаслик ҳақида соғлом фикр­ли кишиларга янги даъват бўлди. Орол денгизининг қуриб қолгани жаҳондаги энг хавфли экологик фожиалардан ҳисобланади. Унинг оқибатлари атроф-муҳит даражасидан-да ташқарига чиққан, унинг таъсири мазкур ҳудудда ва унинг атрофида яшовчи миллионлаб одамларнинг ҳаётига таъсир кўрсатмоқда. Туз ва чанг бўронлари минтақадан Ер юзининг олис-олисларигача бориб етиб, биологик унумдорлик ва биохилма-хиллик, экотуризм ҳолати, сув таъминоти, одамлар саломатлиги, иқтисодий тараққиётга таҳдид солмоқда. Орол муаммоси ана шундай фожиага айланган, айни пайтда бутун дунё эътиборини талаб қилаётган даврда китобингиз ҳар бир фуқарони умумбашарий вазифага қаратиши билан менда чуқур таассурот қолдирди. Бу китобни Ватанни, Оролни севган катта-кичик ҳамма ўқиши керак.

Эҳтиром билан Жумақул КАРИМ.