Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Оромгоҳлар мавсумга шайми?: Маънан эскирган бино, хоналарнинг камлиги, лагерь ва фермер ер майдони масаласи

Бугунги кунда Самарқандда 74 та ёзги оромгоҳ мавжуд. Бу йил уларда 21 минг 100 нафар бола соғломлаштирилиши режалаштирилган. Жумладан, 18 та доимий оромгоҳ 9630 нафар, 56 та кундузги оромгоҳ 11 минг 370 нафар болани қабул қилади.

Айни вақтда оромгоҳларни мавсумга тайёрлаш, болаларнинг сифатли соғломлаштирилиши ва дам олиши учун шароит яратиш борасида қилинаётган ишлар якуний босқичга келди. Жараён билан танишиш мақсадида оромгоҳларни кўздан кечирдик.

Жомбой туманининг Кўкгумбаз  маҳалласида жойлашган “Қалдирғоч” оромгоҳи 100 ўринга мўлжалланган. Айтиш жоизки, оромгоҳнинг 1974 йилда қурилган бинолари талабга жавоб бермас эди. Жорий йил биноларни мукаммал таъмирлаш учун маҳаллий бюджетдан 732 миллион сўм маблағ ажратилди.

- Бу йилги мавсумда тўрт навбатда 400 нафар болажонни қабул қиламиз, - дейди оромгоҳ директори Лазиз Пирматов. – Ҳар бир навбатга 15 нафардан тажрибали педагог, тренерлар жалб қилинади. Реконструкция қилинаётган оромгоҳимизда 4 та ётоқхона, спорт майдончаси, бассейн, маънавият зали, тўгараклар ҳамда ювиниш хоналари мавжуд. Таъмирлаш ишлари якунланиши билан хоналарни жиҳозлашга киришамиз.

Эътиборимизни тортгани, оромгоҳнинг 4 гектарга тенг ҳудудида бир қарич ҳам бекор ётган жой йўқлиги бўлди. Футбол ўйнаш, дам олиш учун майдонча, концерт учун саҳна дейсизми, барчаси ҳисобга олинган. “Булунғур Добил Қурувчи” МЧЖ томонидан амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари 1 июнда якунланиши маълум қилинди.

Тойлоқ тумани Адас маҳалласидаги “Амир Темур” оромгоҳининг умумий майдони 1,7 гектарни ташкил этади. Туман халқ таълими бўлими тасарруфидаги бу оромгоҳда ҳам мавсумга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.

- Оромгоҳ 2015 йилда халқ таълими тизимига ўтган, - дейди туман халқ таълими бўлими мудири Хуршид Хўжақулов. - Мавсум олдидан бинолар жорий таъмирланди. Болажонлар вақтини янада мазмунли ўтказиши учун саҳна ташкил этилди. Чўмилиш ҳавзаси ҳам таъмирланмоқда. Биринчи навбат учун 15 нафар ходим рўйхати шакллантирилган.

Оромгоҳни кўздан кечириш жараёнида яқинда ёғган ёмғир оқибатида ётоқхона учун ажратилган хоналарнинг бир нечтаси шифтидан сув ўтиб, бирида девор нураганлигига гувоҳ бўлдик. Бунга изоҳ сўраганимизда, масъуллар бино 1968 йилда қурилганлиги, шундан бери мукаммал таъмирланмаганлигини айтишди. Ҳозирда томнинг сув ўтган қисми таъмирланибди.

Унда тўгараклар учун алоҳида хона ажратилмаган. Оромгоҳ директори Дилором Рустамова бунинг учун бино умумий залидаги бўш бурчакдан жой қилишларини айтди. Аммо болалар шовқинда бирор нимани ўргана олармикан? Қолаверса, оромгоҳ ҳовлиси фермер хўжалигининг ери билан туташиб кетган. Фермернинг ери қаровсиз, ўт-ўланлар ичида моллар ўтлаб юрибди. Икки ўртада девор ёки бошқа бирор тўсиқ йўқ. Фермернинг ери оромгоҳ ичигача кириб келганига таажжубланиб, масъулларни саволга тутганимизда, бу масала судда ҳам кўрилгани, иложсиз эканликларини айтишди.

Албатта, бу камчиликларни оромгоҳга жалб қилинган педагоглар бартараф эта олмайди. Улар виждонан меҳнат қилиб, борини ошириб, йўғини яшириб келмоқда. Маънан эскирган бино, хоналарнинг камлиги, фермер масаласи мутасаддиларни ўйлантириши керак. Токи, болалар оромгоҳдан фақат яхши таассуротлар билан қайтсин.

Фазлиддин Рўзибоев,

Асқар Баротов.