Орзуларни нега қоғозга тушириш керак?

Бугун анча танилган тадбиркор аёлларнинг тажрибаси ҳақидаги фикрларини эшитсангиз, аксарияти ишни бошлашдан аввал уни қоғозга тушириш жуда муҳимлигини таъкидлайди.
Хаёлдаги режалар хаёлда қолиб кетиши мумкин экан. Хўш, тадбиркорликни бошлашда бундан ташқари яна қандай кўникмалар муҳим? Бугунги кундаги бу борада қандай янгиликлар бор? “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси ҳамда Америка Қўшма Штатларининг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамкорлигида “Аёллар ва бизнес: пешқадамлик ва тадбиркорлик” мавзуидаги беш кунлик семинар давомида шу ва шу каби саволлар атрофида фикрлашилди.
Семинар тренингда ассоциациянинг Жиззах, Сурхондарё, Сирдарё, Қашқадарё, Тошкент вилояти ва Самарқанд вилоят худудий бўлимлари раҳбарлари, тадбиркор аёллар иштирок этди.
- Экспертларимиз томонидан беш вилоятдан келган 27 нафар ҳудудий бўлимларимиз раҳбарларига бизнес асослари, бугунги кунда хотин-қизларнинг тадбиркорлик фаолияти учун яратилган шарт-шароитлар ҳақидаги билимлари билан ўртоқлашдилар, - дейди “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси лойиҳа координатори Васила Нишонова. - Асосий мақсад – мамлакатимиз хотин-қизларини тадбиркорликка кенг жалб қилиш, бу борада яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиш, пешқадам аёллар етакчилик кўникмаларини ривожлантириш, минтақавий етакчиларнинг ишбилармонлик ва бошқарувчанлик малакаларини юксалтиришдан иборат.
Ассоциация ўз етакчилари иштирокида хотин-қизларни тадбиркорликка, касб-ҳунарга ўргатиш ва қайта тайёрлаш, ахборот ва молиявий ресурслар, ахборот технологиялардан фойдаланиш сир-асрорларини ўргатиб, хуқуқий ва услубий маслаҳат хизматларини кўрсатиб келмоқда.
- Туманимизда шу пайтгача тадбиркорликка қизиқиши бўлган 96 нафар хотин-қиз турли йўналишлар бўйича ўқитилиб, уларнинг 54 нафари ўз ишини бошлади, - дейди Жиззах вилояти, Ғаллаорол тумани “Тадбиркор аёл” ассоциацияси бўлими раҳбари Ойниса Қаршибоева. – Хотин-қизлар асосан тикувчилик, паррандачилик, уй ҳамшираси каби йўналишларда ўзини ўзи банд қилмоқда.
Бугунги кунда жамоа қатор халқаро ташкилотлар ва маҳаллий вазирликлар билан ҳамкорликда хотин-қизларни тадбиркорликка, касбга ўқитиш, уларнинг ижтимоий мавқеларини ошириш, янги иш ўринларини яратиш, қишлоқ хўжалиги ва саноатга янги замонавий технологияларни татбиқ қилиш, гендер тенглигини таъминлаш бўйича лойиҳаларни амалга оширмоқда.
Маълумот учун айтиш мумкинки, бугунги кунда “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси аъзолари сони 16 минг нафардан ошган.