Осиё Тараққиёт Банкининг 59-йиллик йиғилиши Самарқандда бўлиб ўтади

2010 йилда Тошкент шаҳрида ОТБнинг 43-йиллик йиғилиши муваффақиятли ўтказилгандан сўнг Ўзбекистон Осиё Тараққиёт Банки (ОТБ)нинг йиллик йиғилишига иккинчи марта мезбонлик қиладиган бўлди. Яъни, 2026 йилнинг 3-6 май кунлари ОТБнинг 59-йиллик йиғилиши тарихий Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади.
Бу ҳақда кеча, 7 май куни Италиянинг Милан шаҳрида ОТБ томонидан ташкил этилган халқаро форумда маълум қилинди.
ОТБ 1966 йилда ташкил этилган бўлиб, унга 69 мамлакат аъзо бўлган. Уларнинг 50 таси минтақада жойлашган.
Йиллик йиғилиш ОТБга 69 та аъзо давлатдан Бошқарувчилар учун Осиё ва Тинч океани минтақаси олдида турган ривожланиш масалалари ва муаммоларни кўриб чиқиш учун асосий имкониятдир. Йиғилиш ишида мунтазам равишда бир неча минг иштирокчи, жумладан, молия вазирлари, марказий банк раҳбарлари, юқори мартабали ҳукумат амалдорлари, хусусий сектор вакиллари, халқаро ташкилотлар, фуқаролик жамияти ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этади.
“Ишончим комилки, 2026 йилги йиллик йиғилиш мулоқот ва ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлаш учун илҳомлантирувчи платформа бўлиб хизмат қилади ва минтақанинг кўплаб ўзига хос жиҳатларини муҳокама қилиш учун имкон яратади”, - деди ОТБ президенти Масато Канда.
ОТБ Ўзбекистоннинг ривожланиш бўйича энг йирик ҳамкорларидан бири бўлиб, сўнгги беш йил ичида юртимиз иқтисодиётига 5,41 миллиард АҚШ долларидан ортиқ маблағ ажратган. ОТБ Ўзбекистон Ҳукумати ва бошқа манфаатдор томонлар билан мамлакатнинг яшил иқтисодиётга ўтиш жараёнида ёрдам бериш, хусусий сектор ривожланиши ва рақобатбардошлигини қўллаб-қувватлаш ҳамда инсон капиталига инвестицияларни рағбатлантириш мақсадида яқиндан ҳамкорлик қилади.
ОТБ Осиё ва Тинч океани минтақасида инклюзив ва барқарор ўсишни қўллаб-қувватлайдиган етакчи кўп томонлама ривожланиш банкидир. ОТБ мураккаб муаммоларни биргаликда ҳал қилиш учун ўз аъзолари ва ҳамкорлари билан ишлар экан, одамлар ҳаётини ўзгартириш, сифатли инфратузилмани барпо этиш ва сайёрамизни ҳимоя қилиш учун инновацион молиявий воситалар ва стратегик ҳамкорликлардан фойдаланади.