“Оскар” тақдимотида энг узоқ олқишларга афсонавий Чарли Чаплин сазовор бўлган

1. Киноматография санъати ҳамда фанлар академияси (“Оскар”)нинг дастлабки тақдирлаш маросими 1929 йил “Hollywood Roosevelt Hotel” меҳмонхонасида бўлиб ўтган ва унда 270 киши иштирок этган. Ўтказилган тадбир 15 дақиқа давом этган. Мукофот совриндорлари ўз ғалабалари тўғрисида олдиндан хабардор қилинган.

2. “Оскар”мукофоти билан тақдирлаш маросими илк марта 1953 йилда телевидение орқали намойиш этилган. Бугунги кунга келиб ушбу маросимни 200 га яқин мамлакат аҳолиси тўғридан-тўғри томоша қилиш имкониятига эга.

3. Америка киноакадемияси мукофоти дастлаб киносаноатда эришилган ютуқларни тақдирлаш мақсадида ташкил этилмаган. “Metro-Goldwyn-Mayer” киностудияси раҳбари Луис Барт Майер “Оскар” киномукофотини актёрлар ва киностудиялар ўртасида юзага келган муаммоларни ҳал қилиш учун ўйлаб топган. Ўша даврда актёрлар ўз ижролари учун киностудиялардан кўпроқ маблағ талаб қилган. Киностудиялар аксинча, актёрларга иложи борича кам гонорар тўлашга ҳаракат қилганлар. Майернинг фикрига кўра, у “совринлар тарқатиш” орқали актёрларни ўз киностудиясига жалб қилиши лозим бўлган. Бу борада у шундай изоҳ берган: “Агар мен уларни мукофотлар билан сийласам, улар мени истакларимни рўёбга чиқариш учун барча шартларга рози бўладилар”.

4. Мукофот ҳар доим ҳам “Оскар” номи билан аталмаган. Ушбу ном фақатгина 1934 йилда ўтказилган олтинчи тақдирлаш маросимига келиб қўлланила бошлаган. “Оскар” номининг келиб чиқиш тарихи ҳозирги кунгача номаълумлигича қолмоқда.

Статуэтки "Оскар"

Бироқ ҳақиқатга яқин иккита фараз мавжуд. Биринчи фаразга кўра, актриса Бэтт Дэвис қўлида қилич ушлаб турган олтин ҳайкалчани собиқ эрига ўхшашлигини таъкидлаган. Турмуш ўртоғининг исми Оскар Хармон бўлган. Иккинчи фаразга кўра, ҳайкалча киноакадемиянинг ижрочи котибаси Маргарет Херрик туфайли “Оскар” номига эга бўлган. Маргарет Херрик илк марта ҳайкалчани қўлига олиб, “Ахир бу менинг амаким Оскарнинг ўзи-ку!”, дея қичқириб юборган.

5. “Оскар” мукофоти совриндори ҳайкалчани уйига олиб кетишдан олдин махсус ҳужжатга имзо чекиши зарур. Унга кўра мукофот совриндори ҳайкалчани сотишга қарор қилган тақдирда у дастлаб ҳайкалчани киноакадемияга 1 АҚШ доллари эвазига қайтариб сотишини маълум қилиши керак. Киноакадемия таклифни рад этган тақдирда мукофот совриндори уни бошқа жойга сотиши мумкин бўлади. Бу турдаги қоида Америка киноакадемияси томонидан 1950 йилда, “Оскар” мукофоти совриндорларининг айримлари ўз мукофотларини сотиб юборганларидан сўнг жорий этилди. Мисол учун, Майкл Жексон 1940 йилларда Дэвид Селзникка топширилган ҳайкалчани, бир миллион АҚШ долларидан ортиқроқ маблағга сотиб олган.

Статуэтки "Оскар"

6. Ҳайкалча ташқи кўринишидан ҳашаматли кўринишга эга бўлиб, гўё олтиндан ясалганга ўхшайди. Бу ҳатто “Оскар”дек нуфузли киномукофот учун ҳам жуда қиммат. Чунки ҳайкалча 4 килограмга яқин вазнга эга. Ҳайкалча таркибида олтин бор. Албатта, фақат устки қисми 24 каратли олтин билан ишланган. Мукофотнинг ички қисми қўрғошин ва мис (британий металли) аралашмасидан тайёрланади.

“Оскар” ҳар доим ҳам британий ва олтиндан тайёрланмаган. Иккинчи жаҳон уруши даврида ҳайкалчалар гипсдан тайёрланган. Сабаби барча истеъмолга яроқли металлар қурол аслаҳа ясаш учун заводларга юборилган. Тақдимот тарихида бир дона ёғочдан ясалган “Оскар” ҳам бўлган. Ушбу ҳайкалча билан 1938 йилда актёр Эдгар Берген тақдирланган.

7. Бугунги кунгача ҳеч бир фильм, “Бен-Гур” (1959), “Титаник” (1997) ва “Узуклар ҳукмдори: Қиролнинг қайтиши” (2003) фильмларидан “Оскар”лар сони бўйича ўзиб кета олмаган. Уларнинг ҳар бири 11 номинация бўйича “Оскар”га эга.

8. “Оскар” тақдимотида энг узоқ олқишларга афсонавий Чарли Чаплин сазовор бўлган. У 1972 йилда киноматография оламидаги етук хизматлари учун “Оскар” мукофотига сазовор бўлган. Ўшанда Чарлини бутун зал тик ҳолатда 5 дақиқадан ортиқ вақт давомида олқишлаган.

Бекзод МУСУРМОНОВ тайёрлади.