Осмондан қулаб тушиб омон қолган стюардесса

У 10 километр баландликдан йиқилиб тушди. Ҳа, ёш стюардесса авиаҳалокатдан омон қолди, у ростданам омадлимикан?

Ҳалокатли парвоз

Весна Вулович 1972 йил 26 январда Копенгагендан Белградга йўл олган Югославия авиакомпаниясининг DC-9-32 самолётида бўлганлар орасида эди. 22 ёшли қиз стюардесса бўлиб ишларди. Ундан ташқари парвоз қулайлиги ва хавфсизлиги учун жавобгар яна 4 экипаж аъзоси бор эди. Бортида 23 йўловчиси бўлган самолёт осмонга 10 минг 160 метр баландликка кўтарилди. Самолёт деярли янги бўлиб, барча асбоблари тўғри ишларди. Бир неча дақиқали парвоздан сўнг тўсатдан портлаш эшитилиб, самолёт парчалана бошлади. Воқеа шу қадар тез содир бўлдики, учувчилар ҳатто бирон бир носозлик тўғрисида диспетчерларга хабар беришга улгурмади. DC-9-32 самолёти қолдиқлари Чехословакиянинг Ческа-Каменице шаҳри яқинида қулаб тушди. Самолёт корпусининг қисмлари бир-биридан 1 километр ортиқ бўлмаган масофада жойлашган эди.

Текширув самолёт қулашида фьюзеляжнинг олд қисмидаги чамадонда ўрнатилган портловчи моддалар сабаб бўлганини кўрсатди. Фожиа жойида ҳам портловчи мосламанинг парчалари топилган.

Ёлғиз омон қолган Весна

Самолёт қулаганида фақат Весна Вулович мўъжизавий тарзда омон қолишга муваффақ бўлди. Унинг бахтига фожиа содир бўлган жойда Бруно Хонке исмли ўрмончи бўлган. Бруно Иккинчи жаҳон уруши пайтида фельдшер бўлиб ишлаган, шунинг учун Веснани топганида нима қилиш кераклигини билди. Бруно қизга биринчи ёрдамни кўрсатди. У қизнинг синган жойлари бўлиши мумкин деб тахмин қилиб, қутқарувчилар келгунга қадар уни жойидан қимирлатмади.

Дарҳақиқат, тирик қолган стюардессанинг 4 умуртқаси, қўли, оёғи ва бош суяги синган эди. У хотирасини йўқотди ва 4,5 йил давомида қайтадан юришни ўрганди. Касалхонада ўзига келган Весна қаердалигини ва нима бўлганини тушунмади.

Ҳодиса тасодифиймиди?

Кейинчалик маълум бўлишича, айнан шу стюардесса бу даҳшатли парвозда бўлмаслиги керак эди. Парвозлар рўйхатига масъул бўлган ходим тасодифан Весна Николич ўрнига, эндигина ўқишни тугатиб, амалиёт ўташни бошлаган Весна Вуловични ёзган.

Ҳалокатдан кейинги ҳаёт

Жароҳатлардан сўнг соғлиги тикланган Весна стюардесса сифатида ишлашни давом эттиришни хоҳлади. Расмийлар рад этишди ва унга ердаги бошқариш хизматлари ишини таклиф қилишди. Улар одамларнинг фалокатни тезда унутишини истарди ва бортдаги Весна йўловчилар эътиборини жалб қилган бўларди. Бундан ташқари, тирик қолган стюардесса ҳақидаги воқеа “Гиннеснинг рекордлар китоби”га киритилган.

Весна расман бошқа ҳеч қачон учмади, у фақат сайёҳ сифатида учган. 1977 йилда у турмушга чиқди, лекин аёлнинг фарзандлари йўқ эди. Весна Иулович 2016 йилда 66 ёшида Белградда вафот этди.

Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.